add

Қозоғистон электр энергияси тарифларини 7 йилга музлатмоқчи

02.12.2025 | 18:582762 дақиқа

Қозоғистонда электр энергияси учун максимал тарифлар 2026 йилдан 2032 йилгача оширилмаслиги белгиланмоқда. Энергетика вазирлиги бу бўйича махсус лойиҳа эълон қилди.

Қозоғистон электр энергияси тарифларини 7 йилга музлатмоқчи

Қозоғистон Энергетика вазирлиги мамлакатдаги электр энергияси нархларини мутлақ барқарорлаштириш мақсадида янги тартиб лойиҳасини жамоат муҳокамасига қўйди

Ҳужжатга кўра, электр энергияси учун максимал (чегара) тарифлар 2026–2032 йилларда умуман оширилмайди. Бу қарор Қоим-Жўмарт Тўқаев бошчилигида 8 октябрда ўтган иқтисодий дисбаланслар ва инфляция хатарларига бағишланган йиғилишда қабул қилинган топшириқлардан келиб чиққан.

Лойиҳага мувофиқ, 2026–2032 йиллар учун чегара тарифлари 2025 йилда амал қилаётган тарифлар билан бир хил даражада белгиланади. Бу дегани, энерготаъминловчи компаниялар учун нарх чегараси етти йил давомида ўзгармасдан қолади. Вазирликнинг қайд этишича, тарифларни музлатиш ягона электр харидори учун ҳам қўшимча молиявий босим яратмайди, чунки тартиб амалдаги 2025 йил чегаралари асосида шакллантирилган.

Ҳукумат фикрича, тарифларни узоқ муддатга барқарор сақлаш инфляцияни назорат қилишда, макроиқтисодий мувозанатни тиклашда ва аҳоли харажатларини прогноз қилишда муҳим омил бўлади. Бу жараён ишлаб чиқарувчиларга ҳам аниқ бизнес-режалаштириш имконини беради. Бироқ айрим экспертлар тарифларни етти йилга музлатиш энергетика соҳасида инвестиция фаоллигини пасайтириши мумкинлигини ҳам таъкидламоқда.

Янги тарифлар 2026 йил 1 январдан кучга кириши режалаштирилган ва 2032 йил охиригача амал қилади. 

Ҳужжат лойиҳаси Қозоғистоннинг «Очиқ меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар» платформасида жойлаштирилган ва 17 декабргача жамоатчилик муҳокамаси учун очиқ.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда бир вақтлик истеъмол 4 kW дан ошса — хонадон токдан автоматик узилиши ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид