Қозоғистонда аҳолини газ билан таъминлаш даражаси 64 фоиздан ошди
Бундан 10-15 йил олдин табиий газ асосан Қозоғистоннинг энг йирик углеводород конларига эга бўлган ғарбий минтақаларида бор эди. Аҳолининг катта қисми исиниш учун ўтин ва кўмир ишлатарди.
© kapital.kzСўнгги ўн йил ичида Қозоғистонни газлаштириш даражаси 2016-йилдаги 43 фоиздан 2026-йил бошига келиб 64 фоиздан ошди. Бу ҳақда «Ranking.kz» хабар берди.
Яъни ҳолат 21 фоизга яхшиланган, бу эса сезиларли натижадир. Газлаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолмоқда. Давлат раҳбари буни бир неча бор таъкидлаган. 2026-йил 30-июнда парламент палаталарининг қўшма мажлисида президент Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистонни газлаштиришни тезлаштириш, табиий газ таъминоти даражасини 80 фоизга етказиш мақсадини қўйди.
Бундан 10-15 йил олдин, табиий газ асосан Қозоғистоннинг энг йирик углеводород конларига эга бўлган ғарбий минтақаларида бор эди. Бошқа минтақалардаги миллионлаб аҳоли учун кўмир, ўтин ва бошқа ёқилғилар иситишнинг асосий воситаси бўлган. Бироқ, нашрнинг ёзишича, бу аста-секин ўзгариб бормоқда.
Газлаштириш мамлакатнинг энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бирига айланди ва нафақат энергетика ривожланишига, балки турмуш даражасига, атроф-муҳитга, минтақаларнинг инвестиция жозибадорлигига ва бизнес имкониятларига бевосита таъсир кўрсатди.
Кўрилган чоралар
Газ таъминоти географиясининг кенгайиши, биринчи навбатда, қонунчилик ва инвестиция лойиҳалари орқали амалга оширилган бир қатор чора-тадбирлар билан боғлиқ. Масалан, жорий йилнинг 11-июнида парламент газ ва газ таъминотини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштиришга қаратилган қонунни қабул қилди.
Умуман олганда, Қозоғистонда газлаштириш аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш, минтақаларни ривожлантириш ва мамлакатнинг энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган 2035-йилгача бўлган умумий газлаштириш схемаси доирасида амалга оширилмоқда.
Инвестиция лойиҳалари
2025-йил охирига келиб, 84 та газ таъминоти лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида 94 та аҳоли пунктида 354 мингдан ортиқ аҳоли табиий газ билан таъминланди. Йил давомида 2000 километрлик газ тақсимлаш тармоқлари қурилди. Натижада, Қозоғистоннинг 20,5 миллион аҳолисининг 13 миллиондан ортиғи энди табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга.

2026-йилга келиб, газ транспорти инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш қўшимча 36 минг кишини табиий газ билан таъминлайди. Бу йил газ транспорти тизимини ривожлантириш учун республика бюджетидан 27,3 миллиард тенге (57,5 миллион доллар) ажратилди. Магистраль газ транспорти инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Қўстанай вилоятидаги йирик саноат лойиҳаларини табиий газ билан таъминлаш учун янги КС-14 компрессор станцияси ва «КС-14-Қўстанай» газ қувурини қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Қатарлик инвесторлар иштирокида амалга оширилган «Бейнеу-Бозой-Чимкент» газ қувурининг иккинчи линияси қурилишининг биринчи босқичи ҳам давом этмоқда. Қувурнинг йилига 10 миллиард кубометргача газ ўтказиш қувватига эга 1500 километрлик чизиқли қисми шу йил охирига қадар қуриб битказилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг 2027–2029-йилларга мўлжалланган иккинчи босқичи компрессор станцияларини қуришни ўз ичига олади, бу эса қувурнинг ўтказиш қувватини йилига 15 миллиард кубометр газгача оширади.
Яна бир стратегик муҳим лойиҳа — бу Олмаота ва Еттисув вилоятларига қўшимча газ ҳажмини таъминлайдиган «Олмаота –Толдиқўрғон» газ қувурининг иккинчи линиясини қуришдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда газ импорти экспортдан 3,5 баробарга ошгани ҳақида ёзган эдик. Мамлакат 2026-йилда Россиядан рекорд ҳажмда газ сотиб олиши мумкин.





