
Қозоғистонда ичида 54 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ЙТҲга учради
Ҳолат юзасидан Ўзбекистгоннинг Ақтау шаҳридаги Бош консуллиги батафсил маълумот берди.

Бугун, 30 ноябр куни Қозоғистоннинг Ақтобе вилоятида «Москва – Тошкент» йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган автобус йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги Бош консуллиги хабар берди.
Қозоғистоннинг ваколатли идоралари маълумотига кўра, воқеа соат 21:00 да «Россия Федерацияси – Актобе – Қизилорда – Алмата» республика аҳамиятига эга автомобил йўлида «Москва – Тошкент» йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган, давлат рақами 774BOT13 бўлган «VanHool» русумли йўловчи автобусида содир бўлган.
Ҳодиса вақтида автобусда 54 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган. ЙТҲ оқибатида жабрланувчи ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Барча йўловчилар фавқулодда вазиятлар хизмати ва полиция ходимлари томонидан Актобе вилояти Айтекеби тумани, Қорабутоқ қишлоғидаги масжидга вақтинча жойлаштирилган.
«Фуқароларга озиқ-овқат ва зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. Фуқароларни Ўзбекистонга бошқа автобус орқали тезкор равишда қайтариш чоралари кўрилмоқда», - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, вазият Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ва Бош консуллиги томонидан тўлиқ назоратга олинган бўлиб, Қозоғистон томонининг масъул идоралари билан доимий алоқа ўрнатилган.





