Қозоғистонда солиқдан қарзи борларга мамлакатдан чиқиш тақиқланади

Бугун 14:532 дақиқа

2026 йил 1 июлдан бошлаб йирик солиқ қарзига эга компания раҳбарлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи шахсларга Қозоғистондан чиқиш вақтинча чекланиши мумкин. Бу ҳақда Қозоғистон Давлат даромадлари қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Қозоғистонда солиқдан қарзи борларга мамлакатдан чиқиш тақиқланади © armlegal

1-июлдан Қозоғистонда солиқ қарзини мажбурий ундиришнинг янги чораси кучга киради. Давлат даромадлари қўмитаси маълумотига кўра, бу норма Солиқ кодексида назарда тутилган.


У юридик шахсларнинг биринчи раҳбарлари, таркибий бўлинмалар раҳбарлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан қўлланади. Уларга мамлакатдан чиқиш вақтинча чекланиши мумкин.


Чиқиш тақиқи 27 минг МРПдан (2026-йилда 116 миллион 775 минг тенге) ортиқ солиқ қарзи мавжуд бўлиб, у 3 ойдан зиёд вақт давомида тўланмаган ҳолларда жорий этилиши мумкин. Шу билан бирга, солиқ органлари тақиқ автоматик тарзда қўлланмаслигини таъкидлади.

«Чеклов фақат давлат даромадлари органларининг қарори асосида ва Қозоғистон Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда суд санкцияси билан жорий этилади», – дейилади қўмита хабарида.

Идора, шунингдек, қонунчилик ижтимоий кафолатларни ҳам назарда тутишини билдирди. Агар шахс даволаниш учун хорижга чиқиши керак бўлса, тасдиқловчи тиббий ҳужжатлар тақдим этилганда чеклов муайян муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.


Чеклов солиқ қарзи тўлиқ қоплангач, қарз мавжуд эмаслиги тасдиқлангач ёки солиқ мажбурияти белгиланган тартибда тугатилгандан кейин бекор қилинади. Барча қарорлар давлат даромадлари органлари ва Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ахборот тизимлари орқали электрон шаклда юборилади.Давлат даромадлари қўмитасига кўра, янги норма йирик солиқ қарзлари бўйича мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлашнинг олдини олиш ва солиқ маъмурчилиги самарадорлигини оширишга қаратилган.

Янги солиқ кодекси

Янги солиқ кодекси 2026-йил 1-январдан кучга кирди. Январ ойида президент Қосим-Жўмарт Тўқаев жамоатчилик таклифларини янги кодексни қўллаш масаласида батафсил ўрганиш ва зарур бўлса унга ўзгартиришлар киритишни топширди. У Солиқ кодексини «муқаддас матн эмас» деб таъкидлаган.

Кейинчалик бош вазир ўринбосари Серик Жуманғарин ҳам Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилиши мумкинлигини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, айрим масалалар ишчи гуруҳ муҳокамасига юборилган ва йил охиригача ўзгаришлар киритилиши эҳтимоли бор.

Шунингдек, солиқ кодексига тузатишлар янги парламент – Қурултойда ҳам кўриб чиқилиши мумкинлиги айтилган. Миллий иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Азамат Амрин ҳукумат кузда қонун лойиҳаси билан кириш режасини билдирган. ОАВда таъкидланишича, бизнес янги солиқ кодексига мослашиш учун вақт олаётгани ҳам қайд этилган.

Теглар

Мавзуга оид