Logo

Қозоғистоннинг халқаро захиралари 12 миллиард долларга камайди

Бугун 16:532 дақиқа

Мамлакатнинг олтин-валюта захираларида асосий улушни олтин эгаллаб турибди.

Қозоғистоннинг халқаро захиралари 12 миллиард долларга камайди © Foto: digitalbusiness.kz

2026-йилнинг биринчи ярми якунига кўра, Қозоғистоннинг ялпи халқаро захиралари бир ой ичида 8,2 фоизга камайиб, 61,8 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда «Ranking.kz» хабар берди.

2025-йилда захиралар юқори суръатларда ўсиб, жорий йилнинг февраль ойида рекорд даража — 73,4 миллиард долларга етган эди. Шундан сўнг пасайиш бошланди ва ҳозирги кўрсаткичгача давом этди. Тўрт ой ичида мамлакатнинг ялпи халқаро захиралари 15,8 фоизга, яъни 11,6 миллиард долларга қисқарди.

Йиллик динамикага назар ташланса, 2024-йилдан бошлаб захиралар сезиларли даражада ўсиб келмоқда. Хусусан, 2020–2023-йилларда уларнинг ҳажми 32–34,5 миллиард доллар оралиғида бўлган бўлса, 2024-йилда 15,9 фоизга, 2025-йилда қарийб 30 фоизга ошган. Жорий йилда эса ойлик пасайишларга қарамай, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан захиралар ҳажми 19,3 фоизга юқори бўлиб қолмоқда.

Шундай қилиб, февраль ойидаги рекорд кўрсаткич билан солиштирганда захиралар сезиларли даражада камайган бўлса-да, уларнинг ҳозирги ҳажми аввалги йиллардаги даражадан анча юқори.

Қозоғистоннинг олтин-валюта захираларида асосий улушни олтин эгаллаб турибди. Жорий йил июнь ойи охирига келиб, олтиннинг улуши қарийб 77 фоизни ёки 47,6 миллиард долларни ташкил этди. Табиий ҳажмда бу тахминан 11,8 миллион троя унциясига тенг. Бир ой ичида захиралардаги олтин қиймати 9,5 фоизга камайган.

Эркин конвертация қилинадиган валюталар улуши эса 23,1 фоизни ёки 14,3 миллиард долларни ташкил этди. Бир ой давомида уларнинг ҳажми 3,6 фоизга қисқарди.

Умуман олганда, сўнгги йилларда мамлакат халқаро захиралари барқарор ўсиб келган бўлса-да, жорий йилда пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. Бунга захираларни бошқариш жараёнлари, олтин ва қимматли қоғозлар нархининг ўзгариши, шунингдек, валюта курсларидаги тебранишлар таъсир кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ва яна олти давлат нефть қазиб олишни оширишга келишиб олганди.

Теглар

Мавзуга оид