Резина ва плёнка ёққан иссиқхоналарга экологик жарималар жорий этилади

Бугун 11:242 дақиқа

Ўзбекистонда экологик қонунбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиб, иссиқхоналарда зарарли чиқиндиларни ёқишга қарши янги санкциялар киритилмоқда.

Резина ва плёнка ёққан иссиқхоналарга экологик жарималар жорий этилади © Ekologiya va iqlim o‘zgarishi milliy qo‘mitasi

Ўзбекистонда экологик назоратни кучайтиришга қаратилган янги қонун лойиҳаси маъқулланди. Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланган ушбу ҳужжат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги жавобгарликни сезиларли даражада оширишни назарда тутади.

«Жазосизлик ҳисси» шаклланган

Муҳокамалар жараёнида сенаторлар амалдаги жарималарнинг пастлиги сабаб айрим корхоналарда «жазосизлик ҳисси» шаклланганини таъкидлади. Хусусан, фақат мансабдор шахсларга нисбатан қўлланилаётган жазо чоралари юридик шахслар фаолиятига етарлича таъсир қилмаётгани қайд этилди.

Шу боис «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунга янги боб киритилиб, эндиликда компанияларга нисбатан ҳам молиявий санкциялар жорий этилади. Бу ўзгаришлар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиат ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги қонунбузарликлар учун тўғридан-тўғри жавобгарликни белгилайди.

Янги нормалар

Янги қоидаларга кўра, очиқ жойларда чиқиндиларни ёқиш, шунингдек иссиқхоналар ва ишлаб чиқариш объектларида шиналар, резина, битум, мазут, плёнка ва бошқа синтетик материалларни ёқиш учун жарималар белгиланади. Бу нормалар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддасига киритилмоқда.

Мазкур қонун қабул қилиниши экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, давлат эконазоратини кучайтириш ва ҳаво ифлосланишини камайтиришга хизмат қилади. Қонун кучга кириши учун уни Шавкат Мирзиёев имзолаши талаб этилади.

Аввалроқ давлат раҳбари экологик қонунбузарликлар учун жарималарни оширишга қаратилган қонунни имзолаган эди. Унда ўрмон ерларидан ноқонуний фойдаланиш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, филтрсиз чиқиндилар чиқариш ва экологик экспертизасиз лойиҳаларни амалга ошириш каби ҳолатлар учун жавобгарлик кучайтирилган.

Теглар

Мавзуга оид