add

Россия бозорида янги брендлар сони қарийб 40 фоизга қисқарди

28.10.2025 | 09:301892

Россия бозорига кириб келаётган янги брендлар сони 2025 йилнинг январ–сентябрь ойларида ўтган йилга нисбатан 37,5 фоизга камайди. Бу аҳоли харид қобилиятининг пасайиши ва кредит олиш имкониятларининг чеклангани билан изоҳланмоқда.

Россия бозорида янги брендлар сони қарийб 40 фоизга қисқарди

Россияда янги брендлар фаолияти кескин пасайди. «Коммерсантъ» нашри CMWP консалтинг компанияси маълумотларига таяниб ёзишича, 2025 йилнинг тўққиз ойида мамлакат бозорига жами 27 та янги бренд кирган — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 40 фоизга кам. Таҳлилчилар йил якунигача 42 та янги марка пайдо бўлишини кутмоқда, бу эса 2024 йилдаги кўрсаткичнинг ярмига тенг.

Мутахассислар бу ҳолатни аҳоли харид қобилиятининг пасайиши ва кредит олиш имкониятларининг чеклангани билан изоҳлашмоқда. REC+retail group ҳаммуассиси Наталия Кермедчиеванинг таъкидлашича, «Сбериндекс» маълумотларига кўра, 13–19 октябрь ҳафтасида россияликларнинг реал истеъмол харажатлари йиллик ҳисобда 1,3 фоизга камайган. Шу билан бирга, савдо марказларига ташрифлар ҳам пасаймоқда — Focus Technologies баҳолашича, йил якунига бориб, бу кўрсаткич 3 фоизга тушиши мумкин.

Янги кирган брендларнинг деярли ярми (48 фоизи) кийим савдосига ихтисослашган. Уларнинг улуши бир йил ичида 12 фоиз пунктга ошган: бу йил 13 та янги кийим бренди пайдо бўлган, ўтган йили эса 15 та эди. Шу билан бирга, атир ва косметика дўконлари улуши 12 фоиздан 4 фоизгача, маиший техника ва электроника бўйича брендлар улуши эса 17 фоиздан 7 фоизгача қисқарган. Янги пойабзал маркалари эса умуман чиқмаган.

Янги кийим брендларининг 94 фоизи фақат онлайн савдо орқали иш бошлаган. Улар ўз веб-сайтлари ёки маркетплейслар орқали маҳсулот сотмоқда, дейди IBC Real Estate таҳлил бўлими раҳбари Екатерина Ногай.

Шу билан бирга, бозордаги ротация ҳам юқори. CORE.XP маълумотларига кўра, Москвада 2025 йил апрел–июн ойларида 29 та бренд кийим дўконлари ёпилган (ўтган йили 19 та эди). Бу умумий ёпилган дўконлар улушининг 38 фоизини ташкил этган. Кермедчиеванинг сўзларига кўра, дўконлар асосан ижара ҳақининг ўсиши ва мижозлар оқимининг камайиши сабабли фаолиятни тўхтатмоқда.

Мавзуга оид

Россия бозорида янги брендлар сони қарийб 40 фоизга қисқарди | Vaqt.uz