
Россия мигрантларга ошхона пичоғи олиб юришни тақиқламоқчи
Россияда мигрантларни ошхона ва маиший пичоқларни олиб юришдан чеклаш бўйича қонун лойиҳаси Давлат думасига киритилди. Миграция сиёсати янада қатъийлашмоқда.

Россия Давлат думасига мамлакатда яшовчи чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга маиший ёки ошхона пичоқларини олиб юришни тақиқловчи янги қонун лойиҳаси киритилди. Ҳужжат РФКП фракцияси депутатлари томонидан тайёрланган бўлиб, «Қурол ҳақида»ги федерал қонуннинг 6-моддасига ўзгартиш киритишни назарда тутади. Лойиҳа парламентнинг электрон базасига жойлаштирилган.
Ташаббус муаллифлари Ички ишлар вазирлиги статистикасига таянади. Маълумотларга кўра, 2022 йилда мигрантлардан мусодара қилинган совуқ қуроллар сони олдинги йилга нисбатан 25,9 фоизга ошган. Шу билан бирга, қонунга кўра расман совуқ қуролга кирмайдиган, аммо айни мақсадда қўлланилаётган маиший пичоқлар билан содир этилаётган жиноятлар ҳам кескин юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Қонун ташаббуси Россияда миграция сиёсати борган сари қатъийлашиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда. Июн ойида РФ ички ишлар вазири Владимир Колоколцев меҳнат қилмайдиган ва адаптация қилмайдиган мигрантларни мамлакатдан чиқариш зарурлигини айтган эди. Сентябрда иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников «келди—ишлади—кетди» тамойили асосида миграция сиёсатини ўзгартиришни эълон қилди.
Август ойида эса мактабларга Ягона услубий кўрсатмалар юборилиб, педагогларга «хавфли хулқ»га мойил мигрант болаларига алоҳида эътибор қаратиш тавсия қилинди. Бу ҳам Россия жамиятида миграция масаласи сезиларли даражада сиёсийлашганини кўрсатади.
1 сентябрдан Москва шаҳри ва Москва областида меҳнат мигрантларини назорат қилишнинг янги усули — «Амина» мобил иловаси синов тариқасида ишга туширилди. Илова фойдаланувчининг геолокациясини МИВга узатади. Геолокация уч кун йўқолса, мигрант ММЦ манзили бўйича рўйхатдан автоматик чиқарилади, мониторинг талабларини бузиш эса «назоратдаги шахслар» реестрига тушиш хавфини келтириб чиқаради.





