
Россияда даромадлар ўсиши деярли тўхтамоқда
Россия Давлат Думаси 2026 йилда аҳоли реал даромадлари ўсиши кескин секинлашиб, инфляция ва солиқ юки фонида деярли сезилмас даражада қолишини очиқ тан олди.

Россияда 2026 йилда аҳоли даромадлари ўсиши амалда тўхтаб қолиши мумкин. Бу ҳақда Давлат Думасининг бюджет ва солиқлар қўмитаси раиси ўринбосари Каплан Панеш Gazeta.ruʼга берган интервюсида маълум қилди. Унинг айтишича, келаси йилда россияликларнинг реал даромадлари атиги 1–2 фоизга ўсади.
Бу кўрсаткич жорий йилдаги ўсиш суръатларидан бир неча баробар паст. Росстат маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида аҳолининг реал даромадлари 8 фоизга ўсган, 2024 йил якунлари бўйича эса бу кўрсаткич 8,4 фоизни ташкил этган эди. Янги прогнозлар эса иқтисодиётнинг «барқарорлашув босқичи»га ўтаётганини кўрсатмоқда.
Панешнинг таъкидлашича, даромадлар ўсишининг секинлашиши инфляцияни жиловлаш ва макроиқтисодий барқарорликни сақлаш мақсадларига мос келади. Айни пайтда энг паст ўсиш савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кузатилиши мумкин.
Расмий статистикага кўра, 2025 йилда Россияда ўртача ойлик даромад 73 038 рублни ташкил этган. Бироқ номинал ўсишнинг катта қисми инфляция таъсирида йўққа чиққан. Аҳолининг 58 фоизи ойига 60 минг рублдан кам даромад олади, 43 фоизининг даромади эса 45 минг рублдан ҳам паст. Ҳар бешинчи россияликнинг ойлик даромади 27 минг рублга етмайди.
2026 йилда аҳоли учун яна бир салбий омил — солиқ юкининг ошиши бўлади. Ҳукумат бюджет тақчиллигини қоплаш мақсадида ҚҚС ставкасини 22 фоизга оширишни режалаштирган. Бу қарор истеъмол нархларининг қимматлашувига олиб келади. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, фақат ҚҚС ошиши аҳоли учун йилига қўшимча 1,2 трлн рубл харажатни англатади.
Шу билан бирга, смартфон, ноутбук ва бошқа техникага «технологик йиғим» жорий этилиши ҳам режалаштирилган. Бу орқали бюджетга яна 200 млрд рубл йиғиш кўзда тутилмоқда. Натижада, 2026 йил россияликлар учун даромадлар эмас, харажатлар ўсиши билан ёдда қолиши мумкин.





