add

Россияда Telegramʼни секинлаштириш бошланди

Бугун 09:201562 дақиқа

Россияда Telegram мессенжери ишида жиддий секинлашув кузатилмоқда, фойдаланувчиларнинг катта қисми медиа файллар юкланмаслиги ва узилишлардан шикоят қилмоқда.

Россияда Telegramʼни секинлаштириш бошланди

Россияда Telegram мессенжери ишидаги муаммолар ҳафтанинг бошидан бери кескин кўпайди. Downdetector ва «Сбой.рф» мониторинг сервислари маълумотларига кўра, 12 декабр куни платформа ишидаги носозликлар бўйича шикоятлар сони 2,5 мингдан ошган.

Фойдаланувчилар асосан фото, видео, «думалоқ видео», эможи ва бошқа медиа файлларнинг жуда секин юкланаётганини қайд этмоқда. Айрим ҳолатларда Telegram умуман очилмаган ёки лента янгиланмаган, «абадий уланиш» ҳолатида қолиб кетмоқда. Муаммолар Wi-Fi тармоқларида ҳам сақланиб қолаётгани таъкидланмоқда.

Androidinsider.ru маълумотларига кўра, Россияда Telegram орқали медиа файлларни юклаб олиш тезлиги ўртача 128 Кб/с ни ташкил этмоқда. IP-манзилни хорижий давлатларга алмаштирганда эса бу кўрсаткич 896 Кб/с гача ошмоқда. Бу ҳолат расман тасдиқланмаган бўлса-да, мутахассислар фикрича, у сунъий чекловларга ўхшайди.

«TelecomDaily» раҳбари Денис Кусков Telegram ишидаги пасайиш «Роскомнадзор» томонидан амалга оширилаётган босқичма-босқич чоралар ёки мессенджернинг техник янгиланишлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, бундай сценарий Янги йилдан кейин ҳам давом этиши эҳтимолдан холи эмас.

Ижтимоий тармоқлар ва мессенджерлар профессионал фойдаланувчилари ассоциацияси раҳбари Владимир Зиковнинг билдиришича, Россияда Telegram ишидаги муаммолардан фойдаланувчиларнинг 80 фоизига яқини шикоят қилмоқда. Унинг фикрича, бу ҳолат барча провайдерларда бир вақтда кузатилаётгани ташқи аралашув эҳтимолини кучайтиради.

Роскомнадзор эса Telegram иши қасддан секинлаштирилаётганини расман рад этмоқда ва ҳозирча мессенжерга нисбатан янги чекловлар қўлланилаётгани ҳақида маълумот бермаган.

Теглар

Мавзуга оид