add

Россияга кетаётган ўзбекистонликларга огоҳлантириш, янги жамоадаги Исломбек Исмоилов ва 2026 йилда олиниши кутилаётган 5 млрд қарз — 2 декабр дайжести

02.12.2025 | 22:416073 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Россияга кетаётган ўзбекистонликларга огоҳлантириш, янги жамоадаги Исломбек Исмоилов ва 2026 йилда олиниши кутилаётган 5 млрд қарз — 2 декабр дайжести

Ўзбекистон 2026 йилда 5 млрд доллар ташқи қарз жалб қилади

Ўзбекистоннинг 2026 йил бюджет лойиҳасида умумий тақчиллик ЯИМга нисбатан 3 фоиз этиб белгиланмоқда ва давлат молияси барқарорлигини сақлаш мақсадида ташқи қарз жалби 5 миллиард доллар билан чекланади. Бу маблағнинг ярми — 2,5 миллиард доллар — бюджет тақчиллигини қоплашга, қолган қисми эса инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади. Шунингдек, 2026 йилда ички бозордаги молиявий инструментлар улушини ошириш мақсадида давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 30 триллион сўм қилиб белгиланган.

Давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиши кўзда тутилган янги лойиҳаларнинг умумий қиймати 6,5 миллиард доллардан ошмаслиги белгиланган. Ушбу ёндашув бюджет харажатларини самарали режалаштириш, инфратузилмавий дастурларни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш билан бирга, қарз портфелини диверсификация қилиш ва валюта хатарларини камайтиришга қаратилган.

Қозоғистон орқали Россияга кетаётган Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилди

Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳридагидаги Бош консулхонаси Ўзбекистон – Қозоғистон – Россия йўналишида ҳаракатланувчи фуқаролардан чегара назорат-ўтказиш пунктларида қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этишни сўраб, ноқонуний ўтиш ҳолатлари жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Жорий йил сентябрида Қозоғистонда чегара бузилиши учун жавобгарлик янада қатъийлаштирилиб, узоқ муддатли озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилди.

Бош консулхона фуқароларни сафар давомида фақат рухсат этилган назорат-ўтказиш пунктларидан фойдаланишга чақирди. Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ёки бундай ҳаракатга уринганлик жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши, айниқса уюшган схемаларда иштирок этиш оғир оқибатларга олиб келиши таъкидланди.

Исломбек Исмоилов «Нефтчи» ПФКга бош мураббий бўлди

Ўзбекистон U-17 термасини қитъа чемпиони қилган ва жаҳон мусобақасида юқори натижага олиб чиққан Исломбек Исмоилов «Нефтчи» ПФКга бош мураббий бўлди.

«Марғилон шаҳрида туғилган Исломбек Исмоилов ёш бўлишига қарамай, миллий футболимизда сезиларли натижаларга эришиб, мураббийлик соҳасида энг истиқболли кадрлардан бири сифатида танилган. У бошқарган U-17 терма жамоаси замонавий ўйин услуби, интизом ва характер билан мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди», – дейилади клуб матбуот хизмати хабарида.

Исломбек Исмоилов Ўзбекистон U-17 терма жамоаси билан Қатарда бўлиб ўтган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидаги иштирокидан сўнг жамоа билан хайрлашганини маълум қилган эди. У Фарғонанинг “Турон” жамоасини ҳам бошқарган.

Ўзбекистон яшил иқтисодиётни ривожлантириш учун ОИИБ'дан 500 млн доллар қарз олади

Ўзбекистон Осиё инфратузилма инвестиция банкидан 500 миллион доллар қарз олиш бўйича келишув имзолади. Маблағлар кам углеродли ўсишни рағбатлантириш, иқлимга чидамли инфратузилмаларни кучайтириш ва давлат секторида самарадорликни оширишга қаратилган. Дастур энергетика соҳасида ва йирик давлат корхоналарида бошқарув шаффофлигини ошириш, давлат харидларига иқлимга мос стандартларни жорий этиш hamda углерод кредитлари бозори учун қоидалар ишлаб чиқишни ўз ичига олади.

Лойиҳа Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилади ва «Ўзбекистон 2030» стратегиясида белгиланган тоза энергия, энергия тежамкорлик ва барқарор ўсиш мақсадларига тўлиқ мос келади. ОИИБ вакилларига кўра, ушбу ташаббус хусусий сектор иштирокини кучайтириб, иқлим молиялаштиришини кенгайтиришга хизмат қилади. Энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш орқали иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш ва аҳолининг энергия харажатларини пасайтириш кутилмоқда.

Ўзбекистонликлар кўпроқ қайси давлатларга саёҳат қилмоқда?

2025 йилнинг январ–октябр ойларида 6,4 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда хорижга сафар қилган. Бу йилги сафарлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тахминан 1,3 млн нафарга кўпайган. Ўсиш суръати эса 24,7 фоизни ташкил этди.

Маълумотлар сафарларнинг асосий қисми яқин қўшни давлатларга тўғри келаётганини кўрсатади. Қирғизистон 2,8 млн нафар билан биринчи ўринни эгаллаган. Қозоғистонга борган ўзбекистонликлар сони 1,2 млн нафарга, Тожикистонга сафар қилганлар сони эса 1,1 млн нафарга етган.

Шу билан бирга, Россияга 370,1 минг, Саудия Арабистонига 237,1 минг, Туркияга 230,8 минг нафар фуқаро сафар қилгани қайд этилган. Бирлашган Араб Амирликлари 114,1 минг, Миср 56,2 минг, Хитой 39,6 минг ва Ветнам 32,8 минг нафар сайёҳ билан рўйхатдан ўрин олган. Қолган давлатларга йўл олганлар сони 204,1 минг нафарни ташкил этган.

Теглар

Мавзуга оид