Санъаткорларни солиққа тортишни назарда тутувчи қонун муҳокамаси якунланди

Кеча 22:322 дақиқа

Адлия вазирлиги хабарига кўра, сўнгги бир йил ичида хонандалар тўлаган солиқлар ҳажми кескин камайиб кетган.

Санъаткорларни солиққа тортишни назарда тутувчи қонун муҳокамаси якунланди

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахсларни солиққа тортиш ва ҳисобини юритиш тизимини соддалаштириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси муҳокамаси якунланди. Ушбу ҳужжат сўнгги йилларда энг катта қизиқиш уйғотган лойиҳалардан бири бўлиб, қарийб 16 минг марта кўрилган.

Маълумотларга кўра, муҳокама давомида фуқаролар ва мутахассислардан жами 130 та таклиф ва мулоҳаза келиб тушган. Адлия вазирлиги уларнинг барчаси атрофлича ўрганилишини ва лойиҳа янада такомиллаштирилишини маълум қилди.

Таҳлиллар соҳада жиддий номутаносибликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Масалан, 2024 йилда 2 020 нафар хонанда солиқ декларацияси топширган ва уларга жами 1,1 млрд сўм даромад солиғи ҳисобланган. Бу ҳар бир хонандага ўртача йилига 544,5 минг сўмдан тўғри келади.

2025 йилда эса бу кўрсаткич кескин камайган: атиги 305 нафар хонанда декларация тақдим этган ва умумий ҳисобланган солиқ 154 млн сўмни ташкил этган. Ўртача солиқ миқдори эса 505,6 минг сўм атрофида бўлган.

Мутахассислар фикрича, бу ҳолатлар соҳада солиқ ҳисобини юритишда шаффофлик етишмаслиги ва тизимнинг мукаммал эмаслигини кўрсатади. Шу боис янги қарор лойиҳаси рақамли, ягона ва аниқ ҳисоб-китоб тизимини жорий этишни назарда тутмоқда.

Ҳужжат Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Рақобат қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитаси билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган. Энди у таклиф ва мулоҳазалар асосида қайта кўриб чиқилиб, кейинги босқичда юқори турувчи идораларга тақдим этилади.

Ушбу ташаббус амалга оширилса, концерт-томоша соҳасида солиқ интизоми кучайиши, даромадлар шаффофлиги ошиши ва бюджет тушумлари кўпайиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ янги қонун юзасидан санъаткорлар норозилик билдиргани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид