Сербия президенти Александр Вучич рафиқаси билан Ўзбекистонга келди

28.10.2025 | 10:251 дақиқа

Тошкентда икки давлат раҳбарлари даражасида музокаралар бўлиб ўтади. Вучич шунингдек Самарқанддаги UNESCO конференциясида фахрий меҳмон сифатида иштирок этади.

Сербия президенти Александр Вучич рафиқаси билан Ўзбекистонга келди

28 октябр куни Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич рафиқаси ҳамроҳлигида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Бу ташриф Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Олий мартабали меҳмонларни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бир қатор расмий шахслар кутиб олди.

Ташриф дастурига кўра, Тошкент шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич иштирокида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, икки давлат ўртасида янги ҳамкорлик йўналишларини очиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Ташриф доирасида Александр Вучич меҳмон сифатида Самарқанд шаҳрида 29 октябр куни бошланадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида ҳам иштирок этади. Ушбу халқаро анжуманда турли мамлакатлардан нуфузли делегациялар қатнашиши кутилмоқда.

Маълумот учун, кеча, 27 октябр куни Момчило Бабич Сербиянинг Ўзбекистондаги тўлиқ ваколатли янги элчиси этиб тайинланган эди. Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов унга ишонч ёрлиқларини топширди.

Теглар

Мавзуга оид