add

Сергей Собянин: «Москвада ярим миллион ишчи етишмаяпти»

Бугун 08:583392 дақиқа

Москва мэри Сергей Собянинга кўра, пойтахтда 400–500 минг нафар ишчи етишмайди ва демографик босим туфайли мигрантларга эҳтиёж тобора ортиб боради.

Сергей Собянин: «Москвада ярим миллион ишчи етишмаяпти»

Москвада ишчи кучи етишмаслиги 400–500 минг нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянин Москва шаҳар думасида йиллик ҳисобот билан чиқиш қила туриб маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, гап мавжудлиги аниқ иш ўринлари, аммо уларни тўлдирадиган кадрлар йўқлиги ҳақида кетяпти.

Собяниннинг таъкидлашича, кадрлар танқислиги яқин йилларда янада кучаяди. Шу сабабли Москва ҳокимияти хориждан меҳнат мигрантларини жалб қилиш сиёсатини давом эттиради. Мэр бу ҳолатни идеал ечим деб ҳисобламаслигини, аммо иқтисодий ва демографик воқелик бошқа йўл қолдирмаётганини айтди.

Унинг таъкидлашича, меҳнат мигрантлари Москва ялпи ҳудудий маҳсулотининг тахминан 5–6 фоизини таъминлайди. Агар улар шаҳар иқтисодиётидан чиқариб ташланса, бу инфляциянинг кескин ўсишига, муҳим тармоқларда ишчи кучининг кетишига олиб келади. Бу жараён саноат, ҳарбий-саноат мажмуаси каби соҳаларга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Мэрнинг сўзларига кўра, кадрлар танқислиги деярли барча соҳаларда кузатилмоқда. Айниқса, ишчи касблар ва юқори малакали мутахассисларга талаб юқори. У иш ўринларининг тахминан 70 фоизи айнан шу тоифага тўғри келишини қайд этди.

Собянин бу муаммонинг асосий сабабларидан бири сифатида ёшларнинг кўпчилиги олий таълимни танлаб, коллеж ва техникумларга қизиқиш камайганини келтирди. Унинг айтишича, шаҳар ҳокимияти бу «пирамидани тўнтариш», яъни касбий таълимга қизиқишни ошириш устида ишлаяпти.

2025 йилда Москва мамлакат бўйича энг кўп бўш иш ўринлари жойлашган ҳудудга айланди. «hh.ru» маълумотларига кўра, Россиядаги барча вакансияларнинг 19 фоизи ёки 1,8 млн таклифи пойтахт ҳиссасига тўғри келган. Кейинги ўринларда Санкт Петербург ва Москва области жойлашган.

Шу билан бирга, энг юқори ўртача таклиф қилинаётган маош ҳам Москвада қайд этилган. 2025 йилда у 104 минг рублдан ошиб, ўтган йилга нисбатан 12 фоизга ўсган.

Москва бандлик хизмати раҳбари Андрей Тарасов маълумотларига кўра, шаҳар иқтисодиётида 8 млн нафардан ортиқ одам ишлайди. Халқаро меҳнат ташкилоти эса Москвада ишсизлик даражаси жуда паст — 0,7 фоиз эканини, бироқ малакали кадрларга талаб юқори бўлиб қолаётганини таъкидлаган.

Теглар

Мавзуга оид

Сергей Собянин: «Москвада ярим миллион ишчи етишмаяпти» | Vaqt.uz