Logo

«Шартларсиз»: Украина тўхташга тайёр

Бугун 20:322 дақиқа

Володимир Зеленский Украина ҳозирги тўқнашув чизиғида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, дипломатик музокаралар бошлашга тайёрлигини эълон қилди.

«Шартларсиз»: Украина тўхташга тайёр © Videodan kadr

Украина, агар Россия ҳеч қандай шартларсиз ўт очишни тўхтатишга рози бўлса, жорий тўқнашув чизиғида тўхташга ва дипломатик музокараларни бошлашга тайёр. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский «CBC News» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, гап тўқнашув чизиғида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва вазиятни айрим ҳамкорлар воситачилигида дипломатик йўналишга кўчириш ҳақида бормоқда.

«Ҳа, биз бунга тайёрмиз. Агар россияликлар ўт очишни тўхтатишга тайёр бўлса — ҳа, ҳеч қандай шартларсиз, шунчаки ўт очишни тўхтатиш ва музокаралар», — деди Украина раҳбари.

Унинг таъкидлашича, агар Россия маълум вақт ўтгач, яна урушни давом эттиришни истаса, бу унинг ўз танлови ва «ёмон ғоя» бўлади.

Владимир Путин билан юзма-юз учрашув ва хавфсизлик кафолатлари

Шунингдек, Володимир Зеленский Россия-Украина урушини тугатиш мақсадида Россия етакчиси Владимир Путин билан юзма-юз учрашишга тайёрлигини маълум қилди.

Путин билан юзма-юз суҳбатни қандай тасаввур қилиши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, президент тинчликка эришиш мақсадида бунга тайёр эканини айтган.

«Путиннинг қаршисида ўтириш — бу ҳаётимдаги энг яхши кун бўлмайди. Аммо мен тинчлик учун буни қиламан. Ундан кўра оилам билан ўтирганим яхшироқ. Бу юз фоиз аниқ», — дейди Зеленский.

У Путинни душман деб билишини ва шунга қарамай мазкур қадамга боришга тайёрлигини қўшимча қилган. Украина президентининг таъкидлашича, у Россия етакчисининг асл мақсадини яхши билади.

«Мен биламанки, бу одам бизни тўлиқ оккупация қилишни хоҳлайди ва агар биз етарлича кучли бўлмасак, дунё тарқоқ бўлса ва менда хавфсизлик кафолатлари бўлмаса, у буни амалга оширади», — деди у.

Теглар

Мавзуга оид

«Шартларсиз»: Украина тўхташга тайёр | Vaqt.uz