
Шавкат Мирзиёев C5+1 саммитининг кейингисини Самарқандда ўтказиш ташаббусини илгари сурди
Президент Ш.Мирзиёев Вашингтонда бўлиб ўтган C5+1 саммитида Трампнинг саккизта ҳарбий можарони тўхтатишдаги ҳиссасини эътироф этди ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир муҳим таклифлар киритди.

Вашингтонда ўтказилган C5+1 форматидаги юқори даражадаги саммитда иштирок этган Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Доналд Трампни «тинчлик президенти.” деб атади. Мирзиёевнинг таъкидлашича, АҚШ раҳбари дунё бўйлаб саккизта ҳарбий можарони тўхтатишга ҳисса қўшган ва бу Ўзбекистонда юқори баҳоланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев саммитда қатор муҳим ташаббуслар билан чиқди, деб хабар бермоқда журналист Азиза Қурбонова Оқ уйдан.

Биринчи таклиф — C5+1 формати доирасида доимий котибият ташкил этиш ва уни Марказий Осиё давлатлари ўртасида навбат билан бошқаришни йўлга қўйиш бўлди.
Иккинчи ташаббус — инвестициялар ва савдо соҳасида мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш, шу орқали давлат идоралари ва хусусий сектор ўртасида тизимли мулоқотни кучайтириш масаласи кўндаланг қўйилди.
Президент, шунингдек, Марказий Осиё инвестиция шериклигини ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу борада 2020 йилдаги келишувларни ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон раҳбари АҚШ билан алоқа, энергетика ва транспорт йўлакларини ривожлантириш, хусусан, Марказий Осиё ва Европани боғлайдиган лойиҳаларда ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. У қайд этган уч йиллик дастур 34 млрд долларлик инвестиция лойиҳаларини ўз ичига олади.
Шавкат Мирзиёев саммит якунларини юқори баҳолар экан, уни тарихий деб атади. Шу билан бирга, у 2026 йилда навбатдаги C5+1 саммитини Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф этди.













