Шавкат Мирзиёев Москвадаги парадда қатнашди

Бугун 15:332 дақиқа

Ушбу тадбирда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларидан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев Москвадаги парадда қатнашди © Foto: president.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 9-май куни Москва шаҳрида Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 81 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Кимлар қатнашди?
Қизил майдонда Ғалаба паради бўлиб ўтди. Унда Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Лаос президенти Тхонглун Сисулит, Малайзия подшоҳи Султон Иброҳим, Словакия бош вазири Роберт Фицо ва бошқа хорижий делегациялар раҳбарлари ҳам қатнашди.

Маросим якуни
Парад якунланганидан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин ва бошқа етакчилар билан бирга Москвадаги Александр боғида жойлашган Номаълум аскар қабрига гул қўйди.
Ушбу ёдгорлик Ғалаба йўлида жон фидо қилган миллионлаб аскарлар, шу жумладан, Ўзбекистон фарзандлари хотирасига эҳтиром ифодаси бўлиб, Ватан ҳимоячиларининг матонати, қаҳрамонлиги ва фидойилиги рамзи ҳисобланади.
Маросим бир дақиқалик сукут, фахрий қоровул ва ҳарбий оркестрнинг тантанали юриши билан якунланди.

Ўзбекистон роли
Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалаба миллионлаб инсонларнинг мислсиз жасорати, матонати ва фидойилиги эвазига қўлга киритилган буюк тарихий воқеадир. Бу умумий Ғалабага жанггоҳларда ва фронт ортида чинакам қаҳрамонлик кўрсатган Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Уруш арафасида республика аҳолиси 6 миллион нафардан зиёд эди. Синовли йилларда қарийб 2 миллион нафар ўзбекистонлик фронтга сафарбар этилди. Қонли жангларда 538 мингдан ортиқ юртдош ҳалок бўлди, 158 мингдан зиёди бедарак йўқолди.
Жасорати, мардлиги ва ҳарбий маҳорати учун Ўзбекистоннинг 214 мингдан ортиқ аскар ва офицерлари жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди. 301 нафар фуқарога Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди, яна 70 нафари «Шон-шараф» орденининг тўлиқ кавалери бўлди.

Ўзбекистон халқининг фронт ортидаги фидокорона меҳнати ҳам Ғалабага улкан ҳисса бўлиб қўшилди. Республика фронтнинг ишончли таянчига айланиб, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, қурол-яроғ ва бошқа зарур маҳсулотларни етказиб берди. Қисқа муддатда Ўзбекистон ҳудудида 170 дан ортиқ эвакуация қилинган корхона жойлаштирилиб, мудофаа саноатининг барқарор ишлаши таъминланди.

Урушнинг оғир йилларида халқимиз инсонпарварлик ва бағрикенгликнинг юксак намунасини кўрсатди. Фронтга яқин ҳудудлардан эвакуация қилинган 1,5 миллиондан ортиқ инсон, жумладан, 250 мингдан зиёд етим болалар Ўзбекистонда бошпана топди. Меҳр-оқибат, ғамхўрлик, ночорларга ёрдам қўлини чўзишга ҳамиша тайёрлик халқимизнинг маънавий куч-қудрати ва олижаноблигининг ёрқин ифодаси бўлди.

Бугунги хотира
Бугун мамлакатимизда уруш қаҳрамонлари ва фронт орти меҳнаткашларининг хотирасини абадийлаштириш, фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида барпо этилган муҳташам «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси аждодлар кўрсатган қаҳрамонлик ва матонатга чуқур эҳтиром рамзига айланган.

Теглар

Мавзуга оид