
Шавкат Мирзиёев ёзган мақола, вояга етмаганлар учун банк картаси ва риэлторликка доир миллий стандарт — 13 ноябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Тошкентга 17 ноябргача юк машиналари киритилмайди
Ички ишлар вазирлиги маълумотича, Тошкент шаҳрида 14–17 ноябр кунлари халқаро тадбирлар ўтказилиши муносабати билан юк ташувчи транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилади. Бу муддатда пойтахтга ҳудудлардан кирувчи юк машиналари киритилмайди ва шаҳар марказида уларнинг ҳаракатланиши тақиқланади. Чекловлар давомида айрим йўллар вақт-вақти билан ёпилиб, ҳаракат йўналишлари ўзгартирилади.
Хусусан, 15 ноябр куни Абдулла Қодирий, Қорасарой ва Зарқайнар кўчалари кесишмалари, 16 ноябрда эса Ислом Каримов, Фурқат, Ботир Зокиров ҳамда Олмазор кўчаларининг айрим қисмлари вақтинча ёпилади. Ҳайдовчиларга ҳаракатни Себзор, Нурафшон ва кичик ҳалқа йўли орқали амалга ошириш тавсия этилган. Водийдан воҳага йўналган транспорт ҳаракати Д-012 автомагистрали орқали йўналтирилади. Чекловлар 17 ноябрь кунигача амал қилади.
Эндиликда вояга етмаган шахслар ҳам банк картаси очиши мумкин
Адлия вазирлиги банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидаларига ўзгартиш киритди. Энди 14–18 ёшли вояга етмаган шахслар мустақил равишда тижорат банкларида банк картаси очиши мумкин, 14 ёшгача бўлган болалар эса ота-онасидан бири ёки қонуний вакилининг ёзма розилиги билан картадан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу ўзгаришлар ёшлар учун молиявий хизматларга кенгроқ кириш имконини яратади.
Шунингдек, ҳужжатда янги турдаги банк карталари жорий этилди. Жумладан, “бизнес банк картаси” якка тартибдаги тадбиркорлар ёки ўзини ўзи банд қилган шахсларга ўз ҳисобварағидаги маблағларни бошқариш имконини беради, «ижтимоий банк картаси» эса ижтимоий тўловлар ва нафақаларни бошқариш учун мўлжалланган. Шу билан бирга, юридик шахслар эндиликда ичимлик ва оқова сув хизматларига тўловларни корпоратив карталар орқали амалга ошириш имконига эга бўлади.
Марказий Осиё янги давр остонасида — Шавкат Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» газетасидаги мақоласида Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва умумий тараққиётга қаратилган янги сиёсий давр бошланганини таъкидлади. Унга кўра, 2017 йилдан буён мамлакатлар етакчилари ташқи воситачиларсиз йўлга қўйган очиқ мулоқот натижасида чегара масалалари ҳал этилмоқда, қўшма сув-энергетика лойиҳалари йўлга қўйилмоқда, хусусан Қамбарота ГЕС-1 ва Баҳри Тожик сув омборидан фойдаланиш бўйича келишувлар янги ишонч муҳитининг амалдаги намунасига айланган. Сўнгги саккиз йилда минтақанинг ЯИМи 520 млрд долларгача ўсгани, ўзаро савдо ва инвестициялар бир неча баробар ошгани ҳам интеграция жараёни кучайганини кўрсатади.
Мирзиёев Марказий Осиёнинг халқаро шериклари — ЕИ, Хитой, Россия, АҚШ билан «Марказий Осиё плюс» форматлари орқали мулоқот янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. У Афғонистонни минтақавий жараёнларга жалб қилиш ва Трансафғон темир йўлини қуриш барқарорлик учун муҳим эканини қайд этди. Президент минтақавий ҳамкорликнинг келгуси устувор йўналишларини ҳам белгилади: институционал интеграцияни кучайтириш, хавфсизлик бўйича умумий механизмлар яратиш, ички савдо ва саноат кооперациясини кенгайтириш, сув ва иқлим масалаларида биргаликда ҳаракат қилиш, гуманитар алоқаларни ривожлантириш. Унга кўра, бу жараёнлар «Янги Марказий Осиё»ни тинчлик ва барқарор ривожланиш маконига айлантиради.
Ўзбекистонда банк карталари сони 65 миллиондан ошди: «Халқ банки» етакчи
Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил 1 ноябр ҳолатида Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони 65 миллион донанидан ошди. Энг кўп картага эга банк — 10,4 миллион карта билан «Халқ банки», бироқ унинг кўрсаткичи йил бошидан бери 2 миллионга камайган. «Агробанк» 6,6 миллион карта билан иккинчи ўринга кўтарилган (йил давомида +1,2 млн), «Ипотека банк» эса 5,2 миллион картага етиб, 600 минглик ўсиш қайд этган. Рақамли тўлов сегментида «Миллий банк», «TBC Bank», «Uzum Bank» ва «Hamkorbank» ҳам фаоллик кўрсатмоқда.
Тўлов инфратузилмаси ҳам кенгаяётган: «Hamkorbank» 51 мингдан ортиқ терминал билан етакчилик қилмоқда, ортидан «Миллий банк» ва «Халқ банки» эргашмоқда. Январ–октябр ойларида терминаллар орқали 359,9 трлн сўмлик тушум амалга оширилган, шундан энг катта улуш — 43,6 трлн сўм «Aloqabank» ҳиссасига тўғри келади. Банкомат ва инфокиосклар сони бўйича эса тўлов ташкилотлари етакчи бўлиб, «Халқ банки» ва «Агробанк» ҳам инфратузилмада фаол иштирок этмоқда.
Риэлторликка доир янги миллий стандарт расман тасдиқланди
Адлия вазирлиги риэлторлик соҳаси учун муҳим янги ҳужжатни — «Кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш»га оид 4-сон Миллий стандартни расман тасдиқлади. У риэлторлик ташкилотларига ижара, таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш, молиявий бошқарув каби хизматларни мулкдор манфаатларини инобатга олган ҳолда профессионал тарзда амалга ошириш талабларини белгилайди. Стандартда ишончли бошқарувнинг ташкилий асослари, шартнома тузиш тартиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда шффофлик мезонлари аниқ кўрсатилган.
Энг муҳим талаб — бу хизматни фақат малакали ходимларга эга, риэлторлар этика кодексига риоя қилувчи ташкилотларгина кўрсата олади. Мазкур қоида бозордаги ноқонуний ва паст сифатли хизматларни чеклашга қаратилган. Янгиланган стандарт кўчмас мулк бозорининг барқарор ривожланиши, мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимояси ва риэлторлик хизматлари сифатини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.





