Шавкат Умурзоқов: Тошкент икки йилда энг хавфсиз шаҳар бўлади
Пойтахт ҳокимига кўра, Олмазор, Учтепа ва Чилонзор туманларида сўнгги йилларда жиноятчилик кескин камайган ва пойтахт яқин бир-икки йил ичида «Энг хавфсиз ва энг рақамлашган шаҳар»га айланади.
© Toshkent shahar hokimligi matbuot xizmatiТошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов 3 июнь куни бўлиб ўтган «Ахборот, ҳисобот, мулоқот» учрашувида Учтепа туманини кўздан кечирди. VAQT.UZ мухбири мулоқот давомида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовдан нима учун Олмазор, Учтепа ва Чилонзор туманлари ҳали ҳам жиноятчилик ҳамда аҳоли мурожаатлари энг кўп кузатиладиган ҳудудлар қаторида қолиб келаётгани ҳақида сўради.
Ушбу саволга жавобан шаҳар ҳокими ўзгаришлар аллақачон бошланганини, мазкур ҳудудларнинг майдони ва аҳоли сони катталиги, шунингдек, аввалги йилларда иқтисодий имкониятлар чеклангани айрим лойиҳаларни амалга оширишга таъсир қилганини айтди.
«Йўқ, ўзгариш бўляпти, Худога шукр. Бу ерда аҳоли кўп, муаммо ҳам шунга яраша. Нимадир лойиҳа амалга оширишга, бу ерда ер, ёки молиявий аҳволи олдин яхшимас эди. Тўғрисини айтаман. Мана энди, ҳамма ҳокимлар бу йилдан бизнес режа асосида ишлашни йўлга қўйди. Яъни муаммони аниқлайди, қанча маблағ кераклигини ҳисоблайди, кейин шу маблағни қаердан топишини депутатлардан ва мендан тасдиқлатади. Кейин иш режасига қўйиб қилади. Бу йилги режа декабрь ойи охирида тасдиқланди. Худо хоҳласа, кейинги йил режаси, мана ҳокимлар билан келишиб олганмиз, октябр, ноябр ойларида тасдиқланиб бўлади. Сиз айтаётган масалани айтадиган бўлсак, айтилган учта ҳудудда ҳам жиноятчилик кескин камайган. Кейинги сафар энди Чилонзорга олиб бораман ва Чилонзорда рақамлашган ва хавфсизлик даражасини қандай қилиб йўлга қўйганимизни, вилоятлардан келганлар билан, ижарада турганлар билан қандай ишлаётганимизни ва маҳаллаларда наркотик ёки бошқа турли соҳадаги жиноятлар билан қандай курашаётганимизни ҳамда буларни аҳолига қандай етказиб бераётганимизни ҳам кўрсатиб берамиз. Биз, Худо хоҳласа, ишонинглар, бир-икки йилда энг хавфсиз ва энг рақамлашган шаҳар бўламиз. Ҳар бир жиноятчи жиноят қилишидан олдин ўн марта ўйлайди. Чунки уни кўриб, билиб турган бўламиз», – деди Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов.





