
СИ ва энергия: АҚШ–Хитой ўртасида янги геосиёсий уруш бошланди
Технология ва энергия соҳалари АҚШ ҳамда Хитой ўртасидаги янги глобал рақобатнинг марказига айланди. Сунъий интеллект ва электр токи — янги қурол.

Иқтисодий ва геосиёсий куч учун кураш дунёда янги босқичга ўтди: ракета ва ҳарбий техника ўрнини энди сунъий интеллект (СИ) ва энергия эгалламоқда. Investing нашри маълумотига кўра, Wells Fargo Securities таҳлилида СИ «АҚШ ва Хитой ўртасидаги глобал таъсир учун марказий фронт» сифатида кўрсатилган.
Америкалик таҳлилчиларнинг таъкидлашича, эндиги кураш ракета эмас, чиплар, ток ва ишлаб чиқаришдаги танқисликни бошқариш устида бўлади. Бу жараён АҚШда CHIPS Act қонуни орқали илгари сурилмоқда — Intel компаниясига ажратилган 8,9 млрд доллар каби инвестициялар орқали ички чип ишлаб чиқариш ва стратегик минералларга боғлиқликни камайтириш кўзланган.
СИ ривожига чекловлар ҳам бор: АҚШда электр энергияси етишмаслиги асосий тўсиққа айланган бўлса, Хитойда эса GPU — график процессорлар етмаяпти. Вашингтон бу муаммоларни стратегик автономия билан ҳал қилмоқчи — хусусан, Хитой ва Тайван иштирокидаги эҳтимолий можароларнинг олдини олишни мақсад қилган.
Бу жараёнда энергетика ҳам геосиёсий муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқаро энергетика агентлиги (IEA) маълумотича, дата-марказлар учун электр энергиясига талаб 2030 йилгача икки баробарга, ҳатто уч баробарга ошиб кетиши мумкин.
АҚШда табиий газ ва атом энергетикаси дата-марказлар учун асосий манба сифатида кўрилмоқда. Бу соҳага талабнинг ошиши билан 2025 йилда технологик гигантлар СИ дата-марказлари учун электр энергиясини «бронлаб қўйиш» бўйича шошилинч шартномалар тузмоқда. Айрим ҳолларда, криптовалюта майнинг компаниялари билан ҳам келишувлар амалга оширилмоқда.
Энергетика нафақат саноат, балки дипломатия соҳасида ҳам муҳим ўрин тута бошлади. Яқинда АҚШ ва Япония ўртасида тузилган савдо келишувида Япония АҚШдаги СИ саноати учун электр инфратузилмасини модернизация қилишга асосий сармоя йўналтиришини маълум қилди.
Wells Fargo бу технологик рақобатни Совуқ уруш давридаги космик пойгага қиёслайди. Ҳозирда давлат томонидан фанга ажратилаётган маблағлар ЯИМнинг 0,14 фоизини ташкил этса, совуқ уруш даврида бу кўрсаткич 0,8 фоиз бўлган. Аммо бугун СИ ва энергетика саноати бевосита геосиёсий таъсирни шакллантираётган асосий устуворликларга айланмоқда.





