Сифатсиз маҳсулотларни ихтиёрий қайтариб олган тадбиркорлар жаримадан озод қилинади
Янги қонунга кўра, ишлаб чиқарувчилар ёки сотувчилар маҳсулотининг камида 70 фоизини ихтиёрий қайтариб олгандагина молиявий жарималардан озод этилади.

17 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев «Стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида жавобгарликни кучайтириш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат Lex.uz сайтида эълон қилинди ва у стандартларга жавоб бермайдиган маҳсулотларни ихтиёрий равишда бозордан қайтарган тадбиркорларни рағбатлантиришни назарда тутади.
Қонун 10 июн куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 1 августда Сенат томонидан маъқулланган. Унга мувофиқ, агар ишлаб чиқарувчи, унинг вакили ёки сотувчи стандарт ёки техник регламент талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотнинг камида 70 фоизини белгиланган тартибда ихтиёрий равишда қайтарса, унга нисбатан молиявий санкцияларга қўлланилмайди.
Амалдаги қонунларга кўра, стандартларга жавоб бермайдиган маҳсулотни сотганлик учун биринчи марта қоидабузарлик содир этилганда маҳсулот қийматининг 50 фоизи миқдорида, бир йил ичида қайта такрорланса эса 100 фоизгача жарима қўлланади. Янги тартиб эса тадбиркорни маҳсулотни ўз вақтида бозордан чиқаришга ундайди ва ўзини-ўзи назорат қилиш тизимини кучайтиради.
Бундан ташқари, Фуқаролик кодексига киритилган ўзгаришларга кўра, агар мувофиқликни баҳолаш органи қоидаларни бузган бўлса ва натижада фуқароларнинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилган бўлса, у маҳсулотни ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи билан биргаликда жавобгар ҳисобланади.
Қонун қабул қилинганидан уч ой ўтгач, яъни 2026 йил 19 январдан амалга кириши белгиланган. Бу қадам тадбиркорлик муҳитини соғломлаштириш ва маҳсулотлар сифати устидан назоратни кучайтиришга хизмат қилади.





