Logo

Сиёсат, қон ва шоу: Октагон Колизейнинг янги тарихига айланди

Бугун 19:207 дақиқа

«Нон ва томоша» — бу эскирмас формула. Қадимги Римда томошабинларни гладиаторлар хушнуд этган бўлса, бугун уларнинг ўрнини UFC жангчилари эгаллаган. Ареналар ўзгаргани билан мантиқ ўша-ўша: Доналд Трамп октагонни тўғридан-тўғри Оқ уйга олиб чиқди. Қон, шоу ва сиёсат бир жойда тўқнашиб, бутун дунёни гўёки янги Колизейга айлантирди.

Сиёсат, қон ва шоу: Октагон Колизейнинг янги тарихига айланди © trtrussian.com

АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг 80 ёшлик юбилейини мисли кўрилмаган томоша билан нишонлади: 14 июн куни Оқ уйда «UFC Freedom 250» турнири бўлиб ўтди. АҚШ мустақиллигининг яқинлашиб келаётган 250 йиллигига бағишланган ушбу улкан спорт шоуси бевосита президент қароргоҳи ёнида ташкил этилди.

UFC раҳбари Дэйна Уайт турнирга тайёргарлик жараёнларини изоҳлар экан, уни ташкилот тарихидаги «энг ақл бовар қилмас ва мураккаб шоу» деб атади. Медиа-ҳафталик ҳам шу кўламга мос тарзда ўтди: тадбирлар Линколн ёдгорлиги олдида ўтказилган вазн ўлчаш маросими билан бошланди. Эртаси куни эса жангчилар соқчилар ҳамроҳлигида Овал кабинет орқали, Американинг собиқ президентлари портретлари ёнидан ўтиб, тўғри қафас сари йўл олди.

Дастлаб мухлисларнинг қизиқиши соҳанинг энг жарангдор номлари эълон қилиниши билан янада ортган эди. Хусусан, Майкл Чендлер билан узоқ кутилган тўқнашувни режалаштирган Конор Макгрегор мазкур тарихий турнирда жанг қилиш истагини билдирди. Ўтган йили фаолиятини якунлаган афсонавий Жон Жонс ҳам шундай муҳим воқеа учун қафасга қайтишга тайёрлигини маълум қилганди. Шунингдек, оқшомнинг асосий жангига номзод сифатида Ислом Махачев ва Хамзат Чимаев номлари ҳам қизғин муҳокама қилинди.

Бироқ бу шов-шувли қарама-қаршиликларнинг бирортаси ҳам амалга ошмади. Якунда карднинг асосий жанги Илия Топурия ва америкалик Жастин Гейжи ўртасидаги чемпионлик тўқнашуви бўлди. Оқшомнинг иккинчи асосий жангида эса Сирил Ган ва яқинда доғистонлик ярим оғир вазн тоифаси вакили Магомед Анкалаевдан реванш олган Алекс Перейра ўзаро тўқнаш келди.

ММАнинг босиб ўтган йўли

Бу йўл текис кечмаган. Бир вақтлар аралаш яккакурашлар АҚШнинг 36 та штатда тақиқланган эди. 90-йилларнинг ўрталарида сенатор Жон Маккейн эндигина ривожланаётган ММАни «хўроз жанглари» деб атаган эди. 2000 йилларнинг бошларига келиб эса UFC жар ёқасига келиб қолди.

2001 йилда Дэйна Уайт ака-ука Фрэнк ва Лоренцо Фертитталар билан биргаликда ташкилотни бор-йўғи 2 миллион долларга сотиб олди. Ўша вақти лойиҳанинг келажаги умуман йўқдек туюларди: телеканаллар билан шартномалар йўқ, томошабинлар кам, устига-устак ташкилотнинг ёмон ном чиқаргани вазиятни янада оғирлаштирарди. 2004 йилга келиб улар ҳатто бизнесни ёпиш ҳақида жиддий ўйлай бошлади.

Туб бурилиш 2005 йилда, «Spike TV» канали «The Ultimate Fighter» реалити-шоусини намойиш этишга рози бўлгач юз берди. Биринчи мавсумнинг ўзиёқ чинакам хитга айланди, финал жанги эса тарихга кирди. Шундан сўнг UFC учун ҳақиқий юксалиш даври бошланди. Бутун бошли механизмни ишга тушириб юбориш учун биттагина муваффақиятли қадам кифоя қилган эди.

Миллиардлаб долларлик шартномалар имзоланди, ареналар мухлислар билан лиқ тўлди ва йирик медиахолдинглар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Бироқ пул — бу тарихнинг бир қисми, холос. Жанглар индустрияси аста-секинлик билан тор доирадан чиқиб, оммавий маданиятнинг бир бўлагига айланди. 2018 йилда Хабиб Нурмагомедов ва Конор Макгрегор ўртасидаги тўқнашув барча рекордларни янгилади. Ушбу жанг атрофидаги эҳтирослар ҳанузгача тингани йўқ: томошабопликдан ташқари, жангчилар ўртасидаги ҳақиқий адоват ва мухлисларнинг икки қарама-қарши лагерга бўлиниши бу баҳсни спорт тарихининг ажралмас қисмига айлантирди.

Яна бир муҳим воқеа 2019 йилда юз берди — Доналд Трамп турнирга ташриф буюриб, октагон ёнидаги биринчи қатордан жой олган илк АҚШ президентига айланди. Ўшандан бери у бундай тадбирларнинг доимий меҳмони бўлиб келмоқда. Томошабинлар орасида Илон Маскдан тортиб Марк Цукерберггача бўлган бошқа нуфузли шахсларни ҳам тез-тез учратиш мумкин эди. Шоунинг машҳурлиги шу даражага етдики, ҳатто бу икки техно-магнат ўртасидаги эҳтимолий жанг ҳам тармоқларда жиддий муҳокама қилинди.

Ўтган йилнинг август ойида UFC «Paramount» билан 7,7 миллиард долларлик етти йиллик шартнома тузганини эълон қилди.

Шу тариқа, бир вақтлар «қоидасиз жанглар» деб аталган шубҳали турнир дунёдаги энг қиммат спорт ташкилотларидан бирига айланди. Ўтган ёзда эса Трамп мамлакат мустақиллигининг 250 йиллигини нишонлаш доирасида президент қароргоҳида жанглар ўтказишни таклиф қилди.

Дэйна Уайтнинг ўзи очиқ майдондаги турнирларни хушламаслигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, очиқ ҳавода ёмғир, жазирама ва жангларнинг боришига таъсир қилиши мумкин бўлган бошқа об-ҳаво шароитлари каби жуда кўп кутилмаган омиллар юзага келади. Аммо у бу таклифни рад эта олмасди. Чунки бу ўта кучли рамзий маънога эга лойиҳа эди. ММА энди шунчаки турнир эмас, балки миллий анъананинг бир қисмига айланиб улгурганди.

Ва ниҳоят, 14 июн куни ушбу спорт тури том маънода АҚШнинг асосий сиёсий саҳнасига чиқди. Манзара ҳақиқатан ҳам жуда таъсирли эди: Оқ уй ва Вашингтон монументи фонида қад ростлаган жанг қафаси. UFC машҳурлигининг асосий сири ҳам айнан шунда. Оммавий томошабинни кураш техникаси ёки спортнинг софлиги унчалик қизиқтирмайди. Унга ёрқин воқеалар, рамзлар ва ҳис-туйғулар керак. Томошабин юксалиш ва пасайишлар, драмалар ва афсоналарни хоҳлайди. UFC ўзини оммавий маданиятга сингдириш орқали инсонларга айнан шу нарсаларни бера олди. Натижада спорт, сиёсат ва шоу яна бир бутунликка айланди.

Бу мантиқни чуқурроқ англаш учун қарийб икки минг йил ортга — номи ҳар қандай улкан аренанинг синонимига айланиб улгурган муҳташам иншоот даврига қайтиш керак.

Колизей

Колизей ёки Флавийлар амфитеатри — Қадимги Римнинг энг таниқли иншоотларидан бири. Бугунги кунда у империя ва унинг муҳандислик маҳорати рамзи сифатида эътироф этилади. Аммо қадимда у, биринчи навбатда, оммавий кўнгилочар томошалар ва сиёсий намойишлар маскани бўлган.

Арена қурилиши милодий 70-йилларда бошланган. Янги Флавийлар сулоласи учун мазкур амфитеатр бир йил аввал империяни қамраб олган фуқаролар уруши ва ғалаёнлардан сўнг ҳокимиятни мустаҳкамлаш воситасига айланди. Аввал бунёд этилган вақтинчалик ёғоч ареналардан фарқли ўлароқ, Колизей мустаҳкам иншоот эди ва тезда томошаларнинг асосий марказига айланди. У ўн минглаб томошабинларни ўз ичига сиғдирар, ўриндиқларнинг тақсимланиши эса одамларнинг ижтимоий келиб чиқишини қатъий акс эттирар эди: аслзодалар — алоҳида, оддий шаҳарликлар — алоҳида.

Бу ерда гладиаторлар жанги асосий воқеа ҳисобланарди. Арена ҳукумат ва халқ деярли тўғридан-тўғри мулоқот қиладиган маконга айланган эди: «ўйинлар» императорга ўз машҳурлигини сақлаб қолишга ёрдам берар, аҳолини эса сиёсий муаммолардан чалғитарди. «Нон ва томоша» формуласи бехато ишларди.

Империя инқирозга юз тутиши билан ўйинларга ҳам барҳам берилди: гладиаторлар жанглари V аср бошларида тўхтатилди, ёввойи ҳайвонларни овлаш томошалари эса бироз кўпроқ вақт давом этди.

Бугунги кунда Колизей ўзида мужассам этган мантиқ йўқолгани йўқ — у шунчаки аренасини ўзгартирди. Лиқ тўла футбол стадиони ва жанг қафасидан тортиб, томошабинлар иштирокидаги ток-шоугача бўлган ҳар қандай замонавий оммавий майдон — Колизейнинг бевосита меросхўридир. Чунки оломон психологияси асрлар давомида ўзгармай келмоқда. Замонавий спорт томошалари бугунги кунда икки минг йил аввалги Рим ўйинлари бажарган ўша ижтимоий-сиёсий вазифани ўтамоқда.

Бироқ томошанинг иккинчи — тижорат вазифаси ҳам бор. Дунёдаги энг қиммат ва креатив реклама роликлари айнан Супербоул танаффусларида намойиш этилиши бежиз эмас. Бу роликларнинг кўпчилиги аллақачон классикага айланган ва бизнес мактабларидаги маркетинг маърузаларида таҳлил қилинади.

Бошқача қилиб айтганда, спорт томошаси — бу нафақат ўйин, балки истеъмол маданиятининг улкан кўргазмасидир. Колизей сиёсат ва пул билан чамбарчас боғланиб кетган кўнгилочар индустриянинг асл моҳияти бўлиб қолмоқда.

Томошалар жамияти

Замонавий «Колизей» қонуниятлари ўша-ўша, аммо улар ўн карра кучайган: шоу одамларнинг кўнглини очиши шарт. Юз-ифодалар ва ҳис-туйғулар сотилиб, пулга айлантирилиши, инсоннинг ўзи эса томошанинг бир қисмига айланиши керак. Айнан мана шу мантиқ поп-ММА ва «ютуберлар» жанглари феноменини саҳна тўрига олиб чиқди. Энди кўргазмали жангларда рингга «гладиатор» деб аташ қийин бўлган одамлар — блогерлар, хонандалар ва шунчаки медиа олами вакиллари чиқмоқда. Машҳурлик ва таниқлилик асосий мезонга айланди, спортдаги унвонлар эса батамом иккинчи даражага тушиб қолди.

Бугунги кунда ушбу рақамли «Колизей» нафақат аренанинг ўзида, балки трансляциялар остидаги изоҳлар ва ижтимоий тармоқларда ҳам катта шов-шув кўтармоқда. Интернетдаги ана шу жўшқин энергия индустрияни олдинга етаклайди ва миллионлаб одамларни экранга михлаб қўяди. Шу сабабли ҳам ўн минглаб томошабинлар қарийб 60 ёшли Майк Тайсоннинг 28 ёшли блогер Жейк Полга қарши рингга кўтарилишини кўриш учун чипталарни талашиб сотиб олишга тайёр.

Одамлар профессионал спортни жарангдор эълонлар, мемлар ва баҳс-мунозаралар учун кузатади. Улар учун жангнинг ўзи — спектаклнинг якуний нуқтаси, холос. Моҳиятан, айнан мана шу мантиқ иштирокчилар шунчаки навбатма-навбат бир-бирининг юзига тарсаки туширадиган «Power Slap» каби кўнгилочар шоуларнинг асосига айланди. Бу ерда ҳимоя, техника ва стратегиянинг кераги йўқ: ихтиёрий равишда тўғридан-тўғри юзга зарба берилади. Оммадан техниканинг нозик жиҳатларини тушуниш ёки усулларнинг номларини эслаб қолиш талаб этилмайди. Ҳаммаси оддий: бири уради, иккинчиси йиқилади. Зарбадан унинг афти бужмайиб кетса, янада яхши. Томошабинга бор-йўғи шу керак.

Ҳатто усти очиқ машина ичида, телефон будкасида ёки контейнер томида жанглар уюштирадиган учинчи даражали ташкилотлар ҳам мавжуд. Демак, бугунги кунда ҳар қандай жой «Колизей»га айланиши мумкин. Буларнинг барчаси оммавий тадбирларнинг нақадар кўнгилочар тус олганини кўрсатади ва баъзан ғалати, ақлга сиғмайдиган шоуга айланиб кетади.

Теглар

Мавзуга оид