S&P Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини BB+ даражасига кўтарди
Бу мамлакат тарихида ҳозиргача эришилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини «барқарор» прогноз билан BB+ даражасига оширди. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
Қайд этилишича, бу Ўзбекистон тарихида ҳозиргача эришилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.Энди мамлакатнинг «инвестициявий» (БББ-) поғонага чиқишига бир қадам қолди.
Хабарда мазкур ютуқ тизимли иқтисодий ислоҳотлар, мувозанатли молия сиёсати ҳамда президентнинг узоқни кўзлаган стратегик ёндашуви самараси экани таъкидланган.
Шунингдек,ижобий натижаларни тақдим этиш борасида ишчи гуруҳнинг тезкор ва очиқ таҳлилий мулоқотлари S&P томонидан алоҳида эътироф этилган.
«Юртимизга бўлган ишончни мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорликни ошириш йўлидаги қатъий ҳаракатимизни давом эттирамиз», — дейди Мирзиёева.
Moody’s агентлигининг аввалги баҳоси
2026-йилнинг июн ойида Moody’s халқаро рейтинг агентлиги ҳам Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини бир поғонага ошириб, Ба2 даражасида белгилаган эди. Ўшанда рейтинг прогнози «ижобий»дан «барқарор»га ўзгартирилган.
Moody’s рейтингнинг яхшиланишига мамлакатда институционал ва иқтисодий ислоҳотларнинг давом этаётгани, иқтисодиётнинг диверсификация қилиниши ҳамда бюджет интизомининг кучайгани асос бўлганини қайд этган эди.





