Тадбиркорларга солиқда енгиллик, Шавкат Мирзиёевдан бешта ташаббус ва Ҳиндистон билан имзоланган муҳим баённома — 29 май дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистон сунъий интеллектдан фойдаланиш даражаси паст мамлакатлар қаторидан жой олди
«Microsoft»нинг «Global AI Diffusion Report» ҳисоботига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда 15–64 ёшли аҳолининг 7,2 фоизи генератив сунъий интеллект маҳсулотларидан фойдаланган. Бу кўрсаткич жаҳон ўртача даражаси бўлган 17,8 фоиздан анча паст бўлиб, Ўзбекистонни сунъий интеллектдан фойдаланиш даражаси нисбатан паст мамлакатлар қаторига киритган.
Марказий Осиёда энг юқори натижа Қозоғистонда (15,9 фоиз), кейин Қирғизистонда (9,5 фоиз) қайд этилган. Жаҳон рейтингида эса Бирлашган Араб Амирликлари 70,1 фоиз билан етакчилик қилмоқда. Ҳисобот муаллифлари сунъий интеллектнинг тарқалиш суръати интернет ва электр таъминоти сифати, рақамли инфратузилма ҳамда аҳолининг рақамли кўникмалари билан боғлиқ эканини таъкидлаган.
Глобал бозор сари йўл: Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида муҳим баённома имзоланди
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида Ҳиндистон билан бозорга кириш масалалари бўйича икки томонлама музокараларни якунлаб, тегишли баённомани имзолади. Президентнинг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Уруновнинг маълум қилишича, асосий келишув 2024 йилда шаклланган бўлса-да, ҳужжатни мувофиқлаштириш ва техник текширувлар қўшимча вақт талаб қилган.
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини 2026 йилда Камерунда ўтказилиши режалаштирилган вазирлар конференциясига қадар якунлашни мақсад қилган. Сўнгги икки йилда мамлакат АҚШ, Хитой, Япония, Буюк Британия, Канада, Австралия, Европа Иттифоқи давлатлари ва бошқа қатор ҳамкорлар билан бозорга кириш бўйича музокараларни муваффақиятли якунлади.
Умумий овқатланиш ва савдо корхоналари учун 6 фоизлик ҚҚС тартиби жорий этилади
Ўзбекистонда 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январгача умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун ихтиёрий равишда 6 фоизлик соддалаштирилган ҚҚС тартиби жорий этилади. Ушбу режимни танлаган тадбиркорлар учун фойда солиғи 0 фоиз қилиб белгиланади ва солиқ ҳисоботини топшириш талаби бекор қилинади.
Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарига тўланган ҚҚСнинг 40 фоизи қайтариб берилади, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун нақд пул қабул қилишга рухсат этилади ҳамда ходимларни соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш имконияти яратилади. Янги тартиб кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини енгиллаштиришга қаратилган.
Ўзбекистон Президенти ЕОИИга бешта янги ташаббусни илгари сурди
Остонадаги Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев ЕОИИ билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бешта ташаббусни илгари сурди. Улар орасида янги уч йиллик ҳамкорлик дастурини қабул қилиш, тўсиқларсиз савдо учун ягона рақамли макон яратиш, рақамли транзит ва «ақлли» транспорт-божхона йўлакларини ривожлантириш таклифлари бор.
Шунингдек, Президент саноат кооперацияси учун қўшма лойиҳа офиси ташкил этиш, «яшил» иқтисодиёт ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма дастурлар ишлаб чиқиш, меҳнат миграцияси ва туризм бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди. Ташаббуслар савдо, инвестиция, логистика ва инсон капитали соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган.
Энди 10 млн сўмгача ҚҚС аризасиз қайтарилади, 500 млн сўмгача хавфда солиқ аудити ўтказилмайди
Ўзбекистонда кичик бизнес учун солиқ маъмуриятчилигини енгиллаштириш бўйича янги тартиблар жорий этилмоқда. Президент фармонига кўра, 2028 йил 1 январга қадар солиқ хавфи 500 миллион сўмгача бўлган ҳолатларда солиқ аудити, 100 миллион сўмгача бўлганда эса сайёр солиқ текширувлари ўтказилмайди. Шунингдек, ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини вақтинча тўхтатиб туриш амалиёти бекор қилинади.
2026 йил 1 июндан бошлаб 10 миллион сўмгача бўлган ҚҚС бўйича салбий фарқ суммалари ариза ва текширувларсиз автоматик тарзда қайтарилади. Бундан ташқари, импортчиларни мажбурий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олиш тартиби бекор қилиниб, банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни қайта фаоллаштириш жараёни ҳам автоматлаштирилади.