add

Тадбиркорлик назорати балл тизимига ўтказилади

Кеча 20:552 дақиқа

Қонунбузилиш хавфини олдиндан баҳолаб, текширувларни мақсадли ва шаффоф қилишга қаратилган низом лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Тадбиркорлик назорати балл тизимига ўтказилади

Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларида назорат тадбирларини ўтказиш тартиби янгиланиши кутилмоқда. Ҳисоб палатаси томонидан ишлаб чиқилган низом лойиҳасига кўра, эндиликда қонунбузилиш хавфи махсус балл тизими орқали баҳоланади ва текширувлар шу натижалар асосида ташкил этилади.

Мазкур низом лойиҳасида хавфни баҳолаш «Масофавий аудит» автоматлаштирилган ахборот тизимидаги «Хавфни таҳлил қилиш» модули орқали амалга оширилиши назарда тутилган. Ушбу модул тадбиркорлик субъекти фаолиятида қонунчилик бузилиши эҳтимолини аниқ мезонлар асосида таҳлил қилиб, хавф даражасини белгилайди.

Ҳисоб палатаси хавф таҳлили натижаларига кўра ўтказилиши мумкин бўлган текширувлар ҳақида тадбиркорлик субъектларини камида 10 иш куни олдин хабардор қилади. Шу билан бирга, хавф даражаси қандай бўлишидан қатъи назар, ушбу натижа тадбиркорга нисбатан таъсир чораларини қўллаш учун мустақил асос бўла олмаслиги алоҳида қайд этилган.

Лойиҳада хавф таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиб туриш, унга тўсқинлик қилиш ёки бевосита аралашиш қатъиян тақиқланиши белгиланган. Айрим истисно ҳолатлардан ташқари, таҳлил жараёнида тадбиркорлик субъектларидан ҳужжат ёки қўшимча ахборот талаб қилишга ҳам йўл қўйилмайди.

Хавф даражаси балл тизими асосида аниқланиб, субъектлар уч тоифага ажратилади: 81–100 балл — юқори хавф, 61–80 балл — ўрта хавф, 60 балл ва ундан кам — паст хавф. Паст хавф тоифасидаги субъектларда текширув ўтказилмайди, ўрта ва юқори хавфли субъектларда эса профилактика тадбирлари ёки заруратга кўра текширувлар амалга оширилиши мумкин.

Шу билан бирга, давлат манфаатларига зарар етказиш хавфи мавжуд аниқ ҳолатлар бўйича текширувлар хавф таҳлили натижаларидан қатъи назар ўтказилиши мумкин. Барча текширувлар Ягона давлат назорати ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиб, Бизнес-омбудсманни хабардор қилиш тартибида амалга оширилади.

Теглар

Мавзуга оид

Тадбиркорлик назорати балл тизимига ўтказилади | Vaqt.uz