add

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ихтиёрий тугатиш қандай амалга оширилади?

Ихтиёрий тугатиш тадбиркор ёки корхона иштирокчиларининг ташаббуси билан амалга оширилади. Мажбурий тугатиш эса, суд ёки ваколатли орган қарорига биноан амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ихтиёрий тугатиш қандай амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, фаолиятини юритиш ва тугатиш масалалари ҳуқуқий тартибга солинган муҳим йўналишлардан биридир. Бозор иқтисодиётида корхоналарнинг очилиши табиий жараён бўлганидек, уларнинг фаолиятини якунлаш, яъни тугатиш ҳам иқтисодий муҳитнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу сабабли тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини тўғри ва қонуний йўл билан амалга ошириш ҳар бир хўжалик юритувчи субъект учун муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинликларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни, «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Қонуни, Фуқаролик кодекси, «Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида»ги, «Акциядорлик жамиятлари тўғрисида»ги Қонунлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 704-сонли қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида»ги Низом тадбиркорлик субъектларини тугатишнинг асосий ҳуқуқий пойдеворини ташкил этади. Мазкур қонунлар ва қонуности ҳужжатларга мувофиқ, тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини ихтиёрий ёки мажбурий тарзда тугатиши мумкин.

Ихтиёрий тугатиш тадбиркор ёки корхона иштирокчиларининг ташаббуси билан амалга оширилади. Бунда асосий сабаблар сифатида молиявий барқарорликнинг йўқолиши, бозор шароитининг ўзгариши, фаолият мақсадига эришилганлиги ёки иштирокчиларнинг қарори келтирилади.

Мажбурий тугатиш эса, суд ёки ваколатли орган қарорига биноан амалга оширилади. Бу ҳолат корхона қонунбузарлик содир этган, лицензия шартларини бузган ёки банкрот деб эълон қилинган тақдирда юзага келади. Шунингдек, солиқ ёки молия органлари томонидан аниқланган жиддий қонунбузарликлар ҳам мажбурий тугатиш учун асос бўлиши мумкин.

Амалиётда корхоналарни тугатиш жараёнида бир қатор муаммолар кузатилади. Жумладан, тугатиш комиссиялари фаолиятининг кечикиши, давлат органлари билан ўзаро маълумот алмашишдаги бюрократик тўсиқлар, шунингдек, кичик бизнес субъектлари учун ҳужжатлар ҳажмининг ортиқлиги жараённи чўзади. Шу боис, сўнгги йилларда Ҳукумат томонидан бу йўналишда рақамлаштириш ва соддалаштириш чоралари кўрилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, тадбиркорлик субъектининг ихтиёрий тугатилиши — бу унинг муассислари ёки эгаларининг ўз хоҳишига кўра фаолиятни якунлаш тўғрисида қарор қабул қилиши ҳамда бу қарорни давлат рўйхатидан ўтказувчи органда қайд этишидир. Бу жараён юридик шахслар (тижорат ташкилотлари) учун «тугатиш» деб, якка тартибдаги тадбиркорлар учун эса «фаолиятни тўхтатиш» деб юритилади.

Тадбиркорлик субъектлари тугатилаётганда, тугатувчи тайинланади. Тугатувчи — бу компания муассислари томонидан тайинланадиган шахс ёки комиссия бўлиб, у ташкилотнинг барча молиявий, ташкилий ва ҳуқуқий масалаларини бошқаради. Тугатувчи тайинлангач, корхонанинг директори ва бошқа мансабдорлар барча ҳужжатлар, муҳр, штамплар ва мол-мулкни унга топширади. Шу кундан эътиборан барча бошқарув ваколатлари тугатувчига ўтади.

Ихтиёрий тугатиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

Биринчи босқич: қарор қабул қилиш. Муассислар томонидан корхонани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва унда корхона номи, солиқ рақами, манзили, тугатувчи маълумотлари, тугатиш сабаби ва муддати кўрсатилади.

Иккинчи босқич: рўйхатдан ўтказувчи органга хабар бериш. Тугатувчи қарор нусхасини Давлат хизматлари марказига ёки электрон тизим орқали юборади. Давлат органи буни бир иш куни ичида давлат реестрига киритади ва бу ҳақда солиқ, статистика, Молия вазирлиги, мажбурий ижро бюроси ва бошқа тегишли идораларни хабардор қилади.

Учинчи босқич: кредиторлар эълонини жойлаштириш. Рўйхатдан ўтказувчи орган расмий сайтида корхонанинг тугатилиши ҳақида эълон беради. Кредиторлар ўз талабларини икки ой ичида билдиришлари мумкин.

Тўртинчи босқич: солиқ текшируви. Солиқ органи тугатиш жараёни бошланганидан кейин уч иш куни ичида корхонанинг молиявий фаолиятини текширади. Аммо йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган ва солиқ маслаҳатчилари хулосасига эга бўлган корхоналарда текширув ўтказилмаслиги мумкин.

Бешинчи босқич: оралиқ тугатиш баланси. Текширувдан сўнг тугатувчи оралиқ баланс тузади, унда корхонанинг активлари, қарзлари ва кредиторлар талабларини кўрсатади. Бу ҳужжат муассислар томонидан тасдиқланади.

Олтинчи босқич: ҳисоб-китобларни амалга ошириш. Кредиторларнинг талабларини қонунчиликда белгиланган навбатда (аввал ишчилар ва фуқаролар, сўнгра давлат бюджети, кейин бошқа кредиторлар) қондириш амалга оширилади.

Еттинчи босқич: якуний тугатиш баланси. Барча мажбуриятлар бажарилгач, солиқ ва ижро идораларидан қарздорлик йўқлиги ҳақида хулосалар олинади. Шундан сўнг корхонанинг ҳисоб рақамлари ёпилади, ҳужжатлар архивга топширилади ва рўйхатдан ўтказувчи орган корхонани давлат реестридан чиқаради

Тадбиркорлик субъектини ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказувчи органга хабар берилган кундан бошлаб олти ойдан ошмаслиги лозим. Агар бу муддат ичида барча зарур ҳужжатлар тақдим этилмаса, жараён автоматик равишда тўхтатилади ва солиқ имтиёзлари бекор қилинади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини ихтиёрий тўхтатиш учун Давлат хизматлари марказига ариза беради. Сўнг солиқ органи унинг қарздорлиги йўқлигини текширади. Ҳисоб рақами ёпилгач, тадбиркор фаолиятини тўхтатган ҳисобланади.

Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш — бу бизнесни қонуний ва тартибли тарзда якунлаш имконини берувчи механизм бўлиб, у тадбиркорлар учун жараённи соддалаштириш, шаффофликни таъминлаш ва электрон хизматлар орқали ортиқча сарф-харажатларни камайтириш имконини яратади. Бугунги кунда барча амалларни ягона электрон тизим орқали бажариш мумкинлиги туфайли бу жараён анча қулай ва тезкор бўлиб бормоқда.

Холисхон Умарова,

Тошкент давлат юридик университети Бизнес ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси.

Теглар

Мавзуга оид

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ихтиёрий тугатиш қандай амалга оширилади? | Vaqt.uz