add

Тамагирликка уринган солиқ инспекторлари ушланди

Бугун 15:272 дақиқа

Нукусда тадбиркордан пора талаб қилган мансабдор шахслар фош этилди ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Тамагирликка уринган солиқ инспекторлари ушланди

Қорақалпоғистонда тадбиркорлик субъектларига нисбатан қонунга хилоф босим ўтказиш ҳолатларига барҳам бериш бўйича навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди. Натижада озиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланувчи корхонадан пора талаб қилган мансабдорлар қўлга олинди.

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасининг икки нафар бош инспектори Нукус шаҳрида фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамиятни текшириш давомида 213 миллион сўм миқдорида солиқ қонунчилиги бузилгани гўё аниқланганини билдирган. Улар ушбу суммани 34 миллион сўмгача камайтириб бериш эвазига корхона раҳбаридан 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Тадбиркорнинг мурожаати асосида ҳолатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқлик киритилди. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир чоғида солиқ инспекторлари пора маблағининг бир қисмини олаётган пайтда қўлга олинган. Аниқланишича, тамагирлик йўли билан 700 АҚШ доллари ҳамда 15 миллион сўм пул маблағи собиқ солиқ идораси ходими орқали воситачилик асосида олинган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мазкур ноқонуний ҳаракатларга зудлик билан чек қўйилди. Текширувлар давомида ушланган шахсларнинг ҳаракатлари олдиндан келишилган тарзда амалга оширилгани маълум бўлди.

Айни пайтда уч нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов якунлари бўйича қонун доирасида қатъий ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинди.

Теглар

Мавзуга оид