Тинчлик четга сурилди: АҚШ ва Эрон ҳужумга ўтди
Яқин Шарқ яна олов ичида қолди. АҚШ Эронга зарба бермоқда, Исроил Ливанга ҳужум қилмоқда, Теҳрон Америка базаларини бомбаламоқда, ҳусийлар эса халқаро савдони издан чиқариш билан таҳдид қилмоқда.

Яқин Шарқдаги вазият яна кескин тус олди. Эрон Ҳўрмуз бўғозида патрул вазифасини ўтаётган Американинг «Apache» вертолётини уриб туширди. Учувчилар тирик қолди, бироқ АҚШ бу ҳолатни жавобсиз қолдириб бўлмайди, деб ҳисоблади.
«АҚШ бу ҳужумга муносиб жавоб қайтаришга мажбур», — дея огоҳлантирди президент Доналд Трамп.

Орадан бир неча соат ўтар-ўтмас, Эрон жанубида, Ҳўрмуз бўғози ҳудудидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва радиолокация станцияларига зарба берилди. Америка операцияси ҳақидаги хабарлар Сирик, Минаб ва Кешм оролларидан кела бошлади.
Бунга жавобан Теҳрон ҳам қараб турмади.
«Жанг майдонидаги мағлубиятларига қарамай, АҚШ бизнинг иродамизни синаб кўришга қарор қилди. Қудратли қуролли кучларимиз ҳеч бир ҳужум ёки таҳдидни жавобсиз қолдирмайди. Агар хавфсиз яшашни истасангиз, минтақамизни тарк этинг», — дея огоҳлантирди Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи.
Шундан сўнг Теҳрон Америка базаларига, хусусан, Кувайт, Иордания ва Баҳрайндаги объектларга ҳужум уюштирди. Эрон ҳарбийларининг маълум қилишича, Иорданиядаги базада АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли F-35 қирувчи самолётларининг гаражи йўқ қилинган.
Ўзаро зарбалар алмашинуви фонида тинчлик музокараларининг келажаги сўроқ остида қолди. Бироқ Американинг миллий хавфсизлик соҳасидаги манбанинг «Politico» нашрига маълум қилишича, АҚШ ҳозирча дипломатик жараёндан чиқишни режалаштирмаяпти.
Аммо музокаралар тақдири фақатгина Вашингтон ва Теҳронга боғлиқ эмас. Исроил Эроннинг минтақадаги асосий иттифоқчиси бўлган «Ҳизбуллоҳ»га қарши тажовузини давом эттираётган Ливан йўналиши ҳам алоҳида кескинлик ўчоғи бўлиб қолмоқда. Сешанба куни Исроил армияси Ливан жанубига яна зарбалар берди. Ваҳоланки, бундан бир кун аввал Теҳрон, агар ҳужумлар тўхтамаса, Исроил ҳудудига зарба беришни қайта бошлаши мумкинлиги ҳақида Тел-Авивни огоҳлантирган эди.
Айнан Ливан ҳозирги кескинлашувни келтириб чиқарган асосий омиллардан бирига айланди. Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг позицияларини заифлаштиришга интилмоқда ва шу мақсадда қўшни давлат ҳудудига тинимсиз зарбалар бермоқда. 8 июн кунги ана шундай операциялардан бири оқибатида икки киши ҳалок бўлди, яна 20 киши яраланди. Нафақат гуруҳ аъзолари, балки тинч аҳоли ва хорижлик вакиллар ҳам зарба остида қолмоқда: масалан, 4 июн куни БМТ тинчликпарвар контингентининг ҳарбий хизматчиси, сержант Милован Йованович ҳалок бўлди.
Ҳозирги кескинлашувда яна бир муҳим жиҳат бор: яқиндагина Трамп Нетаняхудан Байрутга ҳужум қилмасликни шахсан илтимос қилган эди. ОАВ хабарларига кўра, Америка етакчиси бу режалардан хабар топгач, ғазаб отига минган. Унинг телефон орқали исроиллик ҳамкасбига: «Нима балоларни бошлаяпсан ўзи?» — дея бақиргани айтилмоқда. Бироқ Нетаняху бу чақириқни очиқчасига эътиборсиз қолдирди.

Бундан ташқари, Трамп Нетаняхудан Эронга жавоб зарбаларини бермасликни ҳам сўраган эди. Ҳужумдан роппа-роса бир кун аввал улар ўртасида мулоқот бўлиб ўтган ва Исроил бош вазири Оқ уйнинг важларига қўшилгандек кўринганди. Бироқ кўп ўтмай бутун Теҳрон бўйлаб ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар чалинди.
Бу эса Оқ уй раҳбарининг обрўсига сезиларли зарба бермоқда. Олдинроқ у Эрон билан музокаралар жараёнини айнан ўзи назорат қилаётганини исботлашга мажбур бўлганди.
«Унда танлов бўлмайди. Барча масалаларни мен ҳал қиламан, у эмас», — дея ишонтирган эди республикачи Нетаняху ҳақида гапираркан.
Исроилнинг қатор ҳужумларидан сўнг Трамп Америка кўрсатадиган ёрдамнинг чегараси борлигини билдириб, иттифоқчисига босим ўтказа бошлади.
«Мен унга: Биби, сен ўз хатти-ҳаракатларингда жуда эҳтиёткор бўлишинг керак, чунки яқин орада Эронга қарши яккама-якка қолишинг мумкин, дедим», — шу тариқа у Исроил бош вазири билан парда ортидаги суҳбатлари мазмунини сўзлаб берди.
Сайловлар арафасидаги рейтинглар пасайиши
Бундай реакциянинг сабаблари тушунарли: ноябр ойида АҚШда Конгрессга сайловлар бўлиб ўтади ва Республикачилар партиясининг обрўси сезиларли даражада пасаймоқда. Уни Оқ уй раҳбарининг шахсий рейтинги пастга тортяпти. Сўнгги сўровномаларга кўра, Трамп фаолиятини америкаликларнинг бор-йўғи 35 фоизи маъқуллаган. Норозилик ҳатто республикачиларнинг ўз орасида ҳам ошиб бормоқда: партия тарафдорларининг 21 фоизи президент фаолиятини ёқламаслигини билдирган. Ваҳоланки, ўтган йилнинг январ ойида бу кўрсаткич атиги 5 фоизни ташкил этган эди.
Одамларнинг кайфиятига Яқин Шарқдаги инқироз оқибатлари ўз таъсирини кўрсатмоқда. Айрим штатларда бензин нархи кескин кўтарилиб кетди. Хусусан, Калифорнияда бир галлон бензин нархи 6,16 долларгача етмоқда. «Moody's Analytics» баҳолашича, ўртача Америка оиласи энергия ресурслари қимматлашгани сабабли одатдагидан тахминан 750 доллар кўпроқ маблағ сарфлашга мажбур бўлган.
Эрон томонидан Америка вертолётининг уриб туширилиши вазиятни янада мураккаблаштирди. Агар бу ҳодиса АҚШ фуқароларининг ўлимига олиб келганида, маъмурият учун сиёсий оқибатлар анча оғирроқ бўлиши тайин эди. Шусиз ҳам республикачиларга мамлакатнинг нима сабабдан Теҳрон билан урушга тортилганини сайловчиларга тушунтириш борган сари қийинлашмоқда.
Исроилда ҳам вазият бундан осон эмас. У ерда ҳам кузда Кнессетга (парламентга) сайловлар бўлиб ўтиши керак. Бу Нетаняху учун Ғазодаги урушнинг бошланиши, «Ҳизбуллоҳ» билан можаро ва Эрон атрофидаги кескинлашувдан кейинги биринчи овоз бериш жараёни бўлади. Моҳиятан, ушбу сайловлар унинг бутун сиёсий йўналиши учун ўзига хос синовга айланади.
Шу билан бирга, бош вазир аҳолининг қўллаб-қувватловини шиддат билан йўқотмоқда. «Ликуд» партиясининг муҳим электорал базаси ҳисобланган Исроил шимолида сайловчиларнинг бор-йўғи 23 фоизи уларга овоз беришга тайёр (2022 йилда эса бу кўрсаткич 35 фоиз эди).
Нетаняхуга коррупцияга оид ишлар ҳам босим ўтказмоқда: суд жараёни 2020 йилдан бери давом этяпти. Ҳокимиятни қўлдан бой бериш эса уни суд жараёнини пайсалга солишга имкон берувчи асосий ресурсидан маҳрум қилиши мумкин.





