«Тирик китоб» сифатида танилган Хайрулла Асадовнинг 100 дона китоби мусодара қилинди
Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (2 млн 60 минг сўм) миқдорида жарима жазоси ҳам қўлланилди.
© Foto: Kun.uzОдамлар «тирик китоб» сифатида танийдиган, Тошкент кўчаларидан бирида китоб сотиб ўтирадиган Хайрулла Асадов маъмурий жазога тортилди. Rost24 нашрининг хабар беришича, унга хайрия йўли билан курилган китоб растаси бўйича Мирзо Улугбек тумани ҳокимлиги ходими томонидан шикоят киритилган.
Суд қарорига кўра, Хайрулла Асадов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-моддаси 1-қисмида назарда тутилган тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш ҳуқуқбузарлигини содир қилган деб топилган. Унга 2 миллион 60 минг сўм миқдорида жарима тайинланди.
Шунингдек, Хайрулла Асадовнинг нархи 1 млн 520 минг сўм бўлган 3 турдаги 100 дона китоби тегишли тартибда мусодара қилинган.
Kun.uz'нинг қайд этишича, 2025 йил 23 сентябр куни Мирзо Улуғбек тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари Хайрулла Асадовга тегишли кўчма савдо нуқтасида текширув ўтказган. Жараёнда у харидорга 20 минг сўмга харид чеки бермагани ва кунлик савдодан тушган 20 минг сўм пулни онлайн назорат касса машинаси хотирасига киритмагани, шунингдек, тегишли ҳужжатларсиз фаолият юритаётгани аниқланган.
Хайрулла Асадовни халқ орасида машҳур қилган Эркин Бозоров унга молиявий ёрдам кўрсатиб, тайинланган жаримани тўлаб берган.





