
Толибон Қандаҳорда болалар ўйинчоқларини сотишни тақиқлади
Афғонистоннинг жанубий Қандаҳор вилоятида болалар учун мўлжалланган ўйинчоқларни сотиш расман тақиқланди. Бу қарор маҳаллий тадбиркорлар бизнесига жиддий зарар етказаётгани таъкидланмоқда.

Маҳаллий савдогарлар маълум қилишича, ҳудуддаги Толибон ҳукумати айниқса қўғирчоқлар ва болалар ҳайкалчаларин исотишга қарши чиқмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, болалар дўконлари бу қарор туфайли даромадсиз қолмоқда, чунки мазкур маҳсулотлар асосий савдо объектларидан бири эди.
Afghanistan International нашри ёзишича, Толибон ҳукуматининг «Фазилатни тарғиб қилиш ва ёвузликнинг олдини олиш вазирлиги» қўғирчоқлар ва айрим болалар ўйинчоқларини шариатга зид деб топиб, уларни харам, яъни тақиқланган деб эълон қилган.
Бу толиблар ҳукмронлигидаги ҳудудларда илк бор кузатилаётган ҳолат эмас. Аввалроқ улар Афғонистонда шахмат ўйинини ҳам «динга зид» деб, ноаниқ муддатга тақиқлаган эдилар.
Мутахассислар ушбу тақиқларнинг ижтимоий ва иқтисодий оқибатлари ҳақида огоҳлантирмоқда. Болалар ўйинчоқлари ва интеллектуал ўйинларга қаратилган бундай чекловлар мамлакатдаги савдо фаолияти, таълим муҳити ва болаларнинг ривожланиш имкониятларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.





