Logo

Тошкентда Bektemir Business City қурилишига рухсат берилди

Бугун 15:422 дақиқа

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов Бектемир туманида Bektemir Business City марказини қуришни тасдиқлади. Лойиҳа 58 гектар майдонни қамраб олиб, унга 1,2 миллиард доллар инвестиция йўналтирилиши режалаштирилган.

Тошкентда Bektemir Business City қурилишига рухсат берилди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов 18 август куни Бектемир туманида Bektemir Business City марказини қуриш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, замонавий архитектура қиёфасидаги марказ учун Бектемир туманидаги бир нечта ҳудудлар дастлабки тарзда ажратилади.

Жумладан, қурилиш «Бектемир» ва «Абай» маҳаллаларидаги Бектемир шоҳ кўчаси бўйлаб, шунингдек, «Забардаст» маҳалласидаги Катта ҳалқа йўли бўйлаб жойлашган ҳудудларда амалга оширилиши режалаштирилган.

Лойиҳа буюртмачиси белгиланди

Bektemir Business City лойиҳаси буюртмачиси этиб Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Olmazor Business City қуриш ва ундан фойдаланиш дирекцияси белгиланди.

Бектемир тумани ҳокимлигига лойиҳа учун ажратилаётган ҳудудлардаги мавжуд бино ва иншоотларни хатловдан ўтказиш, шунингдек, лойиҳа ҳудудининг чегараларини белгилаш вазифаси юклатилди.

Туман ҳокимлиги шаҳар ҳокимлиги ва дирекция билан биргаликда ҳудуднинг мастер-режаси ва батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиши керак.

Ер участкалари электрон аукционга чиқарилади

Bektemir Business City ҳудудида объектлар қуриш учун ер участкалари тасдиқланган мастер-режа асосида электрон онлайн-аукцион орқали тақсимланади.

Уларни сотишдан тушадиган маблағлар эса ҳудуддаги ички муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва бошқа инфратузилма объектларини қуришга йўналтирилади.

Лойиҳага 1,2 миллиард доллар сарфланиши режалаштирилган

Bektemir City мажмуаси қурилиши 28 февраль куни қабул қилинган Тошкентни комплекс қуриш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарорида ҳам назарда тутилган.

Ушбу ҳужжатда пойтахтни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида амалга оширилиши режалаштирилган умумий қиймати 16,2 миллиард долларлик 31 та лойиҳа рўйхати келтирилган.

Шулардан бири бўлган Bektemir City лойиҳаси 58 гектар майдонни қамраб олади. Мажмуада турар жойлар, сервис ва кўнгилочар объектлар қурилиши режалаштирилган.

Лойиҳани амалга ошириш учун эса 1,2 миллиард доллар инвестиция йўналтирилиши кўзда тутилган.

Vaqt.uz аввалроқ Бектемир туманида Чирчиқ дарёсининг 16 километрлик қирғоқ ҳудудини қамраб олувчи «Daryo bo‘yi Business City» лойиҳаси ҳокимликка тақдим қилингани ҳақида хабар берганди.

Умумий майдони 958,7 гектарни ташкил этувчи ҳудуднинг 307 гектари инвесторларга ажратилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 1,416 триллион сўмга баҳоланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид