Тошкентда ҳаво сифати «яшил» даражага чиқди — Экология қўмитаси
Экологик талабларга риоя қилмаган қурилиш объекти ва корхонага чора кўрилди.

6-ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрида ҳаво сифати кечки соатларда ёмонлашди. Соат 20:00 дан бошлаб ҳаво сифати Халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича «носоғлом» даражага етди. Ярим тунда кейин эса ҳаво сифати яхшиланиб, тонгги соатларда «ўртача» даражада кузатилди. Миллий ҳаво сифати индекси бўйича шаҳар ўртача кўрсаткичи ярим тунгача «сариқ», сўнг «яшил» даражада бўлди.
Кечки соатларда кучсиз шамол маҳаллий ва қўшни ҳудудларда шаклланган атмосфера ташламалари ҳамда PM заррачаларининг тарқалишини чеклаб, уларнинг ер юзасига яқин қатламда сақланиб қолишига шароит яратди. Ярим тундан кейин шарқдан илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши, шамол тезлигининг кучайиши ҳамда ҳаво алмашинувининг яхшиланиши натижасида PM заррачалари тарқалиб, ҳаво сифати сезиларли яхшиланди.
Шунингдек, «Экологик мониторинг миллий маркази» ДМ мутахассислари томонидан Тошкент шаҳри ва Қибрай туманида ҳаво сифати ҳолати бўйича инструментал ўлчовлар ўтказилди. Прогнозларга кўра, 6-ноябр куни Тошкент шаҳрида ҳаво сифати Халқаро AQI бўйича асосан «сезгир гуруҳлар учун носоғлом», миллий индекс бўйича эса асосан «яшил», айрим муддатларда «сариқ» даражада бўлиши кутилмоқда.
Маълумот учун, ҳозирда ҳаво сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилмоқда. Хусусан, Экополиция томонидан Тошкент шаҳрида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида белгиланган тартибда «Н.Ҳ.П» МЧЖ фаолияти ўрганилди. Ўрганиш давомида корхона томонидан бир қанча экологик талабларга риоя қилинмагани аниқланди ва чора кўрилиб, тегишли кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, Тошкентдаги яна бир қурилиш объектида жиддий экологик қонунбузарликлар кузатилди ва керакли чоралар белгиланди.
Экология қўмитасига кўра, рейд ва назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ифлос ҳаво яна 10 кун сақланиб қолиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик.





