Тошкентда иссиқлик тармоқлари синовдан ўтказилади

Бугун 12:552 дақиқа

Тошкентда иссиқлик тармоқларини синовдан ўтказиш жараёни 1-майгача икки босқичда амалга оширилади.

Тошкентда иссиқлик тармоқлари синовдан ўтказилади

Тошкентда 24 мартдан 1 майга қадар магистрал иссиқлик тармоқлари босим остида синовдан ўтказилади. «Veolia Energy» маълумотига кўра, бу ишлар қиш мавсумига тайёргарликни яхшилаш ва эҳтимолий носозликларни олдиндан аниқлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Синовлар давомида қувурлар юқори босимда текширилиб, уларнинг механик мустаҳкамлиги ва зичлиги баҳоланади. Бу жараён халқаро хавфсизлик стандартларига мос равишда олиб борилади.

Босим билан текшириш (опессовка) ва ҳисобланган ҳароратга текшириш ишлари амалга ошириладиган саналар ва манзилларни қуйидаги ҳавола орқали кўриш мумкин.

Икки босқичда амалга оширилади

24 мартдан 31 мартгача бўлган босқичда айрим ҳудудларда иссиқ сув таъминоти бир кунгача вақтинча ўчирилиши мумкин. Бу даврда асосий техник синовлар ва тизимнинг чидамлилиги текширилади.

1 апрелдан 1 майгача бўлган иккинчи босқичда эса синовлар иссиқ сув таъминотини ўчирмаган ҳолда давом эттирилади. Бу босқичда тизимнинг ишлаш барқарорлиги реал шароитларда баҳоланади.

Мутахассислар ҳайдовчилар, пиёдалар ҳамда аҳолидан эҳтиёткор бўлишни сўрамоқда. Айниқса, маъмурий бинолар ва турар жойлар яқинида эҳтимолий хавфли ҳолатларга нисбатан эътиборли бўлиш зарурлиги таъкидланди.

Қайд этилишича, пойтахтда иситиш мавсумини якунлаш ҳам 24 мартдан бошланган бўлиб, бу жараён босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу эса тармоқлардаги техник ишлар билан уйғун равишда олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида 30 мартдан 12 майгача айрим ҳудудларда ичимлик суви таъминоти вақтинча тўхтатилади ёки босими пасайиши мумкин. Ушбу чекловлар баҳорги мавсумга тайёргарлик доирасида йирик ҳажмдаги сув ўтказгич тармоқларида режали профилактика ва таъмирлаш ишлари олиб борилиши билан боғлиқ.

Теглар

Мавзуга оид