Тошкентда намунавий маҳалла марказлари ўрнида аслида нима қурилмоқда?
Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоатчиликдан сир тутилган қарори асосида пойтахтдаги 131 та объект хусусий тадбиркорларга бериб юборилгани маълум бўлди. Ҳужжатда мазкур ҳудудларда давлат-хусусий шериклик шартларида намунавий маҳалла марказлари барпо этилиши белгиланган эди. Бироқ реал вазият қоғоздаги режалардан бутунлай фарқ қилмоқда.

Тошкент шаҳрининг турли туманларида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида намунавий маҳалла марказларини ташкил этиш лойиҳалари доирасида кўп қаватли тураржойлар, хусусий клиникалар, меҳмонхона ва ресторанлар қурилмоқда. Мазкур қурилиш ишлари Тошкент шаҳар ҳокимининг 2024-йил 29-ноябрдаги қарори асосида, экологик ва шаҳарсозлик нормалари бузилган ҳолда амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Sarpa.media нашри томонидан ўрганилган ҳужжатлардан маълум бўлди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2024-йил 29-ноябрдаги 877-14-0-Қ/24-сонли қарорида жами 112 та, шунингдек 2-иловада 19 та объект бўйича тажриба тариқасида маҳалла марказларини қуриш кўзда тутилган. Бироқ мазкур ҳужжат тизимда «Хизматда фойдаланиш учун» (ХФУ) грифи остида яширилган.
Қарорни ёпиқ тарзда қабул қилишга унда шахсий ва ҳомийликка оид маълумотлар борлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Ўзбекистон қонунчилигига (ВМҚнинг 766-сон қарори) кўра, умуммажбурий тусдаги ва давлат органлари фаолиятининг очиқлигига оид маълумотларни (жумладан, бюджет ва ер ажратиш) ХФУ грифи билан чиқаришга йўл қўйилмайди.
Маҳалла маркази ўрнидаги меҳмонхона ва клиникалар
Тасдиқланган талабларга кўра, маҳалла марказларида кутубхона, жадидлар бурчаги, мажлислар зали, тиббиёт хонаси ва бепул автотураргоҳлар бўлиши шарт эди. Бироқ очиқ маълумотлар асосида 59 та объект жойлашуви ва қурувчилари текширилганда, аксарият янги биноларнинг фақатгина биринчи ёки ертўла (сокол) қавати маҳалла йиғинига берилиб, асосий қисми тижорат учун ажратилгани аниқланди.
Хусусан, хулосаларга кўра қуйидаги объектлар қурилиши режалаштирилган:
— Гузарбоши маҳалласида: «EAST DREAM ENGINEERING» МЧЖ томонидан 80 хонадонли 7 қаватли турар жой;
— Бирдамлик маҳалласида: «YOSH NIHOL TEKSTIL» МЧЖ томонидан 3–5 қаватларида 56 ўринли кўп тармоқли клиника жойлашган 5 қаватли бино;
— Турон маҳалласида: «LAURIS DECORATION BUILD» МЧЖ томонидан бассейн ва гўзаллик салонига эга спорт-соғломлаштириш мажмуаси;
— Бешағач маҳалласида: «ONE HOUSING GROUP» МЧЖ томонидан 6 қаватли меҳмонхона;
— Ниҳол маҳалласида: «FRIENDS FISH LUCKY» МЧЖ томонидан томида ресторани бор мансардали 3 қаватли бино.
Шу билан бирга, «INSAN 01» МЧЖ лойиҳаси ҳужжатларида маҳалла қўмитаси умуман тилга олинмаган, фақат дўкон ва офислар қайд этилган.
Автотураргоҳлар ва эски биноларнинг йўқ қилиниши
Камида бешта ҳолатда (Матонат, Беғубор, Абдулла Авлоний ва бошқа маҳаллаларда) янги тижорат марказлари аҳоли фойдаланиб келаётган мавжуд бепул автомобил тураргоҳлари ўрнида қурилмоқда. Бунёд маҳалласида («Умида Бинт-у Баходир» МЧЖ) эса бундай қурилиш аллақачон якунланган.
Қарорда лойиҳалар ўз хизмат биносига эга бўлмаган ёки авария ҳолатидаги маҳаллалар учун мўлжаллангани айтилган. Аммо лойиҳаларнинг учдан бир қисми аввалдан ишлаб турган ва таъмирталаб бўлмаган бир қаватли маҳалла қўмитаси биноларини бузиб (Диёробод, Чўлпон, Яшнобод ва ҳ.к.), уларнинг ўрнида кўп қаватли бинолар қуришни назарда тутади.
Экологик хулосасиз қурилиш ва дарахтларнинг кесилиши
«Экологик экспертиза тўғрисида»ги қонунга кўра, бундай лойиҳаларни Атроф-муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза (АМТАЛ)нинг ижобий хулосасисиз бошлаш тақиқланади.
Шунга қарамай, камида учта ҳолатда қурилиш ишлари экологик хулосасиз бошланган ёки тўлиқ битказилган:
— Нурлийўл маҳалласи («PRIME TOWERS» МЧЖ): Бино тўлиқ қурилиб, фойдаланишга топширилган, хулоса эса орқа сана билан қилинган.
— Абдулла Авлоний маҳалласи («VORIS PROPERTY MANAGEMENT» МЧЖ): Хулоса олинмасдан олдин бинонинг асосий қисми қуриб битказилган.
— Астробод маҳалласи («PHARM REVIVAL» МЧЖ): Қурилиш 2022-илда бошланган, экологик хулоса эса 2025-йилда олинган.
Нашрнинг ўрганишича, ҳудудлардаги дарахтлар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам қонунбузилишлар билан кузатилмоқда. «Қуёш» маҳалласида қурувчи дарахтларни қурилишдан олдин ўзбошимчалик билан кесиб ташлаган. «MERCURY ENERGY», «MAGNAT GOLD ICE CREAM GROUP» ва «TRUE GRADE» каби МЧЖларнинг ҳужжатларида эса қурилиш доғида дарахтлар йўқлиги кўрсатилган, бироқ сунъий йўлдош тасвирлари ва айрим инспекторлар хулосалари бу ҳудудларда ўнлаб дарахтлар борлигини тасдиқлаган.
Энг кўп объектларни кимлар олди?
Ёпиқ қарор билан қуйидаги компаниялар бирйўла иккитадан объектга эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган:
«Haike zhineng» — Учтепадаги Қўрғонтепа ва Фарҳод маҳаллалари;
«MAX WIN SERVICE» — Мирзо Улуғбеқдаги Ижодкор ва Геологлар маҳаллалари;
«BEST-TALL-HOUSE» — Мирзо Улуғбеқдаги Буюк ипак йўли ва Олмазордаги Ачаобод маҳаллалари;
«Profound consult» — Сергелидаги Ноғай қўрғон ва Соҳибқирон маҳаллалари;
«ART-CONST» — Сергелидаги Нурҳаёт ва Саховат маҳаллалари;
«TRUE GRADE» — Сергелидаги Қипчоқ ва Эшонбулоқ маҳаллалари;
«INNO CONSTRUCT» — Шайхонтоҳурдаги Кўкча ва Олмазордаги Бўстонобод маҳаллалари;
«FAST CONSTURTION» — Яккасаройдаги Дамариқ ва Яшнободдаги Маърифат маҳаллалари.
«Фантом», банкрот ва имтиёзли компаниялар
Қурувчи компанияларнинг рўйхати ўрганилганда, уларнинг кўпчилиги шубҳали мақомда экани аниқланган. Хусусан, «SHOH MANAGEMENT», «Tech Teams», «UCHTEPA SHIREN-BSK», «ЎЗГАРИШ ҚУРИЛИШ» каби 10 га яқин компания ҳақида на интернетда, на юридик шахслар реестрида ҳеч қандай маълумот топилмаган.
Шу билан бирга, лойиҳалар расман тугатилган ва банкрот корхоналарга ҳам берилган. Масалан, «BILLUR CONSALTING SERVIS» МЧЖ 2025 йил 2 декабрда расман банкрот деб топилган. «Doppi media» ва «LUXURY HOME» каби МЧЖлар мажбурий тугатилган, бошқалари эса «фаол эмас» мақомида.
Шунингдек, манфаатлар тўқнашувига ишора қилувчи ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Лойиҳалардан бирини олган «DELTA GLOBAL DYNAMICS» МЧЖнинг 99 фоиз улуши собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комиловнинг ўғли Комилов Дониёр Абдулазизовичга тегишли экани маълум бўлди.
Бундан ташқари, ҳоким қарори ва расмий ҳужжатларда ўнлаб компаниялар номи имло хатолари билан (масалан, «Comford» ўрнига «Comfort», «ABC Cosmoc» ўрнига «ABC Cosmo») ёзилгани ҳужжатларнинг қанчалик шошқалоқлик ва масъулиятсизлик билан тайёрланганини кўрсатади.
Ўзаро чамбарчас боғланган «картел» тармоғи
Лойиҳаларни ютиб олган компаниялар ўртасидаги алоқалар чуқурроқ ўрганилганда, уларнинг кўпчилиги ягона гуруҳларга тегишли экани ва раҳбарларни ўзаро алмаштириб туриши маълум бўлди:
Қашқар ва Биллур тармоғи: «Qashqar Consalting Servis» ва «Hous Servis 22» компаниялари К.А.Арипов ва А.А.Туйгунов орқали ўзаро боғланган. Туйгунов, шунингдек, банкрот деб топилган «Billur Consalting Servis» ва «LSI investor builder» билан ҳам алоқадор.
Умумий бухгалтерлар ва раҳбарлар: «Welcome to Bukhara» ва «Best Tall House» компаниялари доимий равишда раҳбарларини (Н.Я.Раҳмонов ва А.М.Зарипов) ўзаро алмаштириб туради. Иккала тузилманинг бухгалтери ҳам бир шахс — А.С.Отаев. Худди шундай ҳолат «Ayino» ва «Star Shine Progress» компанияларида ҳам кузатилади — уларни А.Р.Орифжонов ва О.Г.Ёқубов биргаликда таъсис этган ҳамда раҳбар ва бухгалтер ролларини навбатма-навбат бажариб келган.
Позиловлар тармоғи: И.А.Позилов, М.М.Сайпиддинов, Н.М.Позилова ва З.З.Азимовлар «UTILMED-SERVICE», «Lumar Stroy», «Inno Construct», «Silver Houses» каби бир қатор қурилиш ва пудратчи компанияларни ягона тармоқ сифатида бошқариб келади.
Ягона аризачи: иккита гўёки мустақил компания — «ABC Cosmo» ва «Orient Star» номидан экологик экспертиза марказига аризаларни битта шахс (Ҳасанов Аброр) топширгани уларнинг ягона марказдан бошқарилишини исботлайди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам ўз муносабатини билдириб, маҳалла марказлари қуриш баҳонасида аукционсиз ер ажратиш амалиётини кескин танқид қилди.
«Кўп бора такрорлаётганимиздек, бу борада ягона йўл қонунга қайтиш — маҳалла марказлари ёппасига инвентаризация қилиниши, ёпиқ қарорлар очилиши, лозим бўлса, бу майдонлар яна захирага қайтарилиши, маҳалла учун бино зарурияти бўлсагина, аҳолининг мутлақ кўпчилик розилиги олинсагина, аукцион асосида қайтадан савдога қўйилиши керак», — дейди Бакиров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ VAQT.UZ Очиқлик индексида ҳисобга олинмаган ташкилотлар, ҳокимликлардаги яширин қарорлар ва банклар рейтингидаги кескин ўзгаришларни таҳлил қилган эди.





