Тошкентда йиғиладиган «Volkswagen», 12 балл тўплаган 107 нафар ҳайдовчи ва миллий авиацияда «Apple Pay» — 19 май дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистон автомобил бозорига «Volkswagen» кириб келмоқда
Президент Шавкат Мирзиёевга автомобил саноатини ривожлантириш бўйича тақдимотда маълум қилинишича, жорий йилда «Volkswagen», «Foton» ва «JAC» заводларини ишга тушириш режалаштирилган. «Volkswagen» лойиҳасининг биринчи босқичида Тошкент шаҳрида йирик узелли ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Кейинги босқичда Ангрен эркин иқтисодий зонасида тўлиқ циклли ишлаб чиқариш ташкил қилиниши, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва экспорт бозорларига чиқиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, ҳукумат автомобилсозлик соҳасида миллий муҳандислик мактабини ривожлантириш, эҳтиёт қисмлар бозорини тартибга солиш ва халқаро стандартларга мос лабораториялар ташкил этиш вазифаларини белгилади.
Апрел ойида Тошкент автобусларида қатновлар қисқарди
2026 йил апрел ойида Тошкент автобусларида амалга оширилган тўловлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 фоизга камайиб, 37,5 миллион транзакцияни ташкил қилди. Шу билан бирга, АТТО тизими орқали республика бўйича умумий транзакциялар сони 21 фоизга ошиб, 74,2 миллионга етган. Метрополитенда эса тўловлар сони 8 фоизга ўсиб, 18,9 миллион транзакция қайд этилган.
Мутахассислар автобусларда транзакциялар камайишига айрим йўловчиларнинг йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатлангани ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини қайд этмоқда. Ҳудудларда эса рақамли тўловлар жадал ўсиб, Самарқанд, Фарғона ва Наманганда АТТО орқали тўловлар ҳажми кескин ошган.
«Uzbekistan Airways» «Apple Pay» ва «Google Pay»ни ишга туширди
«Uzbekistan Airways» расмий сайти ва мобил иловасида «Apple Pay» ҳамда «Google Pay» орқали тўлов қилиш имкониятини ишга туширди. Энди йўловчилар банк картаси маълумотларини қўлда киритмасдан, смартфон орқали авиачипта учун тўловни амалга ошириши мумкин. Компания бу хизмат Ўзбекистон авиация соҳасида илк бор жорий этилганини таъкидлади.
Авиакомпанияга кўра, тўловлар токенлаштириш ва шифрлаш технологиялари орқали ҳимоя қилинади, бу эса хавфсизлик даражасини оширади. Аввалроқ Сенат «Apple Pay», «Google Pay» ва «PayPal» каби халқаро тўлов хизматларининг ишлаши учун «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартишларни маъқуллаган эди.
Жарима баллари 12 балдан ошган ҳайдовчилар сони 107 нафарга етди
Ўзбекистонда жарима баллари тизими бўйича 12 балдан ошган ҳайдовчилар сони 107 нафарга етди. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотига кўра, эндиликда ушбу ҳайдовчилар суд қарори асосида ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Ҳуқуқдан маҳрум этилган фуқаролар гувоҳномани қайта тиклаш учун махсус ўқув курсларини тугатиши ва 50 та саволдан иборат назарий имтиҳон топшириши керак бўлади. Жарима баллари тизими 2025 йил июндан жорий этилган бўлиб, 2026 йил апрелдан автоматик камералар орқали аниқланган қоидабузарликлар учун ҳам балл қўшила бошланган.
Одам соними ёки халқаро метод? Туризм қўмитаси раиси «шиширилган статистика» борасидаги шубҳаларга жавоб берди
Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Ўзбекистондаги туристлар статистикаси «шиширилаётгани» ҳақидаги танқидларга жавоб берди. Унинг айтишича, мамлакатда туристлар ҳисобини юритишда Бутунжаҳон туризм ташкилоти қўллайдиган халқаро методологиядан фойдаланилади ва чегарани кесиб ўтувчилар 11 тоифа асосида баҳоланади.
Аққуловга кўра, Ўзбекистонга келаётган туристлар сони 30 фоизга ошган бир пайтда, туризм хизматлари экспорти 40 фоизга ўсган. Бу эса узоқ хориждан келаётган ва кўпроқ маблағ сарфлайдиган сайёҳлар ҳисобига шаклланаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, қўмита туристик статистикани янада аниқлаштириш мақсадида уни энди икки йилда бир марта эмас, балки йилда икки марта ўтказишни режалаштирмоқда.





