Logo

Трамп АҚШдан ихтиёрий кетишга рози бўлган мигрант болаларга пул бермоқчи

Бугун 17:562 дақиқа

Оқ уй раҳбари олдинроқ 20 млн катта ёшли америкаликка салкам 100 доллардан ваъда қилганди. Бу галги болалар учун моддий таклиф суммаси анча катта. Баъзи судялар бу таклиф бир марта берилиши ва кейинчалик қайта ўйлаб кўриш имкони бўлмаслигини айтмоқда.

Трамп АҚШдан ихтиёрий кетишга рози бўлган мигрант болаларга пул бермоқчи © Foto: newyorker.com

Доналд Трамп маъмурияти АҚШдан ихтиёрий равишда кетишга рози бўлган мигрант болаларга 3000 доллар беришни таклиф қилмоқда. Улар орасида энг кичиклари атиги беш ёшда. Бу ҳақда «Bloomberg» адвокатлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга таяниб хабар берди.

Ўтган йили АҚШ ҳукумати 2500 долларлик таклифни фақат ҳамроҳсиз борган, 14 ёшдан катта ўсмирларга берган эди.

Икки ҳуқуқий ташкилот раҳбарининг айтишича, бундай таклифларни болаларга ҳам Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) адвокатлари, ҳам иммиграция судяларининг ўзи билдирмоқда.

«Acacia Center for Justice» ташкилоти раҳбари Шайна Эйбернинг айтишича, сўнгги бир ой давомида мамлакатнинг турли ҳудудларидан кичик ёшдаги болаларга ҳам шундай таклиф берилаётгани ҳақида хабарлар келган. Айрим болаларнинг ҳатто адвокати ҳам бўлмаган. Баъзи судялар эса бу таклиф бир марта берилишини ва кейинчалик қайта ўйлаб кўриш имкони бўлмаслигини айтмоқда.

Эйбернинг таъкидлашича, болалардан ўша жойнинг ўзидаёқ жуда муҳим қарор қабул қилиш сўралмоқда. Масалан, улардан 3000 доллар эвазига АҚШдан бошпана сўраш ҳуқуқидан воз кечиш талаб қилинмоқда.

Вашингтондаги «Amica Center for Immigrant Rights» ташкилоти директори Майкл Люкенс ҳам ICE адвокатлари мамлакат бўйлаб ҳуқуқшуносларга болаларга 3000 доллар бериш таклифи ҳақида хатлар юборганини маълум қилди. Шу ҳафта унинг ташкилоти ҳимоя қилаётган 11 ёшли боланинг иши бўйича ҳам шундай хат келган.

АҚШ Чегара хизмати (CBP) аввалдан CBP Home иловаси орқали мамлакатни ўз ихтиёри билан тарк этадиган мигрантларга 3000 доллар тўлаб келмоқда. Аммо ҳуқуқшунослар бу амалиёт судларда 14 ёшдан кичик болаларга нисбатан ҳам қўллана бошлаганини аввал эшитмаганини айтмоқда.

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, июл ойида иммиграция судларида ҳамроҳсиз борган болаларга тегишли 16,5 мингдан ортиқ кўриб чиқилмаган иш қолган. Судялар уларга адвокат топиш ва бошпана сўраб ариза бериш учун камроқ вақт бермоқда. Ишни кейинроққа қолдириш учун эса 21 кундан ортиқ муддат берилмаяпти.

Шу билан бирга, июл ойида бундай болаларни ҳимоя қилувчи ҳуқуқий ташкилотларнинг федерал бюджетдан ажратиладиган маблағлари ҳам тугаган.

Брукингс институти май ойида ўтказган ҳисоб-китобларга кўра, Трамп давридаги оммавий депортациялар сабабли АҚШ фуқаролигига эга бўлган тахминан 145 минг бола ота-онасидан камида биридан ажралиб қолган.

Тадқиқотчилар баҳосига кўра, 2025-йилнинг январидан 2026-йилнинг апрелигача ICE тахминан 400 минг чет эл фуқаросини ҳибсга олган. Бу жараёндан жабрланган болаларнинг 36 фоизи эса олти ёшга ҳам тўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп 20 миллиондан ортиқ катта ёшли америкаликка Medicare дастури доирасидаги суғурта тўловлари харажатларини қоплаш учун бир марталик тўловлар берилишини эълон қилганди.

Теглар

Мавзуга оид