Трамп таҳдидига Эроннинг жавоб ваъдаси ортидан нефт тебранди, крипто ва акциялар тушди

АҚШ ва Эрон ўртасидаги геосиёсий зиддиятнинг кучайиши фонида душанба куни крипто ва Осиё фонд бозорларида кескин пасайиш қайд этилди, нефт нархида эса юқори тебранувчанлик кузатилмоқда.

Трамп таҳдидига Эроннинг жавоб ваъдаси ортидан нефт тебранди, крипто ва акциялар тушди

АҚШ Президенти Доналд Трампнинг якшанба куни «Truth Social» тармоғида ёзишича, агар Эрон 48 соат ичида Ҳўрмуз бўғозини очмаса, АҚШ Эроннинг электр станцияларига «энг каттасидан бошлаб» зарба беради ва уларни йўқ қилади. Бунга жавобан Теҳрон энергетика ва сув инфратузилмасига қилинган ҳар қандай ҳужумга Кўрфаздаги АҚШ ва Исроил активларига зарба бериш билан жавоб қайтаришини ҳамда жаҳондаги муҳим нефт йўлаги бўлган бўғозни бутунлай ёпиб қўйишини билдирди.

Можаро хавфининг ортиши крипто бозорига жиддий зарба берди. Узоқ вақтдан бери хавфсиз актив сифатида кўриб келинган «Bitcoin» («BTC») нархи сўнгги 24 соат ичида 1,8 фоизга пастлаб, 68 160 долларни ташкил қилди. Бунинг ортидан крипто бозорида умумий қиймати 336,3 миллион долларлик позициялар мажбурий ёпилди (ликвидация). «CoinGlass» маълумотларига кўра, бу маблағнинг қарийб учдан бир қисми (100 миллион доллар) муваффақиятсиз лонг-позициялари ҳиссасига тўғри келади.

Осиё фонд бозорларида ҳам салбий динамика кузатилди. Япония бозорида индекслар 4 фоиздан кўпроққа, Австралия ва Янги Зеландия бозорларида эса 0,8 фоизга пастлади.

Шу билан бирга, энергетика бозорида беқарорлик юзага келди. Хом нефт нархи душанба тонгида қисқа муддатга 100 доллардан ошди, сўнг тезда 97,20 долларга тушиб, кейинроқ 99,30 доллар атрофида шаклланди. Эталон ҳисобланган «Brent» маркали нефт баррели 114 доллардан ошган бўлса-да, кейинчалик 113 доллардан пастроқ даражада барқарорлашди.

«BTC Markets» крипто биржаси таҳлилчиси Рейчел Лукаснинг таъкидлашича, ҳозирда криптовалюталар хавфсиз бошпана сифатида эмас, балки акциялар билан бир хил йўналишда ҳаракат қилмоқда. Бозордаги қўрқув кўрсаткичи эса ўта паст даражага тушиб кетган.

Шунингдек, таҳлилчи нефт нархининг ошиши инфляция кутилишларини кучайтираётганини ва АҚШ Федерал захира тизими томонидан фоиз ставкасини ошириш эҳтимоли бир ҳафта ичида нолдан 12,4 фоизга кўтарилиб кетганини айтди.

«Агар вазият юмшаса, крипто энг тез тикланадиган хавфли активлар қаторида бўлади. Аммо ҳозирча можаронинг аниқ музокара томони ва тугаш муддати йўқлиги сабабли, яқин келажакда нима бўлишини тахмин қилиш қийин», — деди Лукас.

Унинг сўзларига кўра, бозордаги пасайиш давом этса, «Bitcoin» учун 65 800 доллар асосий таянч нуқтаси бўлади. Тикланиш жараёни бошланиши учун эса нарх 71 500 доллардан ошиши керак. Шунга қарамай, соҳада кучли институционал қўллаб-қувватлов мавжудлиги сабабли, жорий ойда «Bitcoin» биржа фондларига («ETF») 1,43 миллиард доллар миқдорида сармоя киритилган.

Теглар

Мавзуга оид