Туркия туркий дунёга янги «Turkic ID» тизимини таклиф қилмоқда
Туркия расмийлари Туркий давлатлар ташкилоти доирасида паспортсиз саёҳат тизимини жорий этиш устида ишланаётганини маълум қилди.

Туркия Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатлар ўртасида паспортсиз саёҳат қилиш имконини берувчи «Turkic ID» тизимини жорий этиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Туркия ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари Куршад Зорлу маълум қилди.
Унинг айтишича, ҳозирда Туркия, Озарбойжон ва Шимолий Кипр Турк Республикаси ўртасида шахсни тасдиқловчи ID-карта орқали саёҳат қилиш имконияти мавжуд.
«Энди буни бутун Туркий дунёга ёя оламизми? Биз айнан шунинг устида иш олиб боряпмиз», — деди Зорлу.
Янги интеграция ташаббуслари
Куршад Зорлунинг маълум қилишича, жорий йил октябр ойи охирида Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мезбонлигида Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг 13-саммити ўтказилади.
«Биз муҳим қарорлар ва ажойиб сюрпризларга тайёргарлик кўряпмиз», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, саммитда қатор янги ташаббуслар эълон қилиниши режалаштирилган. Улардан бири Туркий давлатлар учун ягона музей картаси бўлиб, у иштирокчи мамлакатлардаги музей ва тарихий обидаларга ташриф буюришни осонлаштириши кутилмоқда.
Шунингдек, ТДТ мамлакатлари ўртасида транспорт алоқаларини кенгайтириш, авиақатновлар сонини кўпайтириш ва авиачипталар нархини мақбуллаштириш бўйича ҳам ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
Туризм ва транспорт
Зорлунинг айтишича, ҳозирда Туркиядан туркий давлатларга йилига тахминан 1 миллион киши сафар қилади. Туркий давлатлардан Туркияга келувчилар сони эса қарийб 3,5 миллион нафарни ташкил этади.
Унинг таъкидлашича, мазкур кўрсаткичларни янада ошириш мақсадида «Turkish Airlines» ва бошқа авиакомпаниялар билан музокаралар ўтказилмоқда.