«TВС Uzbekistan»нинг молиявий натижалари: бизнес мижозлар сонининг ўсиши экотизимнинг ривожланишини кучайтирмоқда
Лондон фонд биржасида рўйхатга олинган «TBC Bank Group» таркибига кирувчи, Марказий Осиёдаги етакчи рақамли молиявий экотизим бўлган «TBC Uzbekistan» 2026-йилнинг учинчи чораги учун МҲХС бўйича консолидациялашган натижаларини эълон қилди.

Мамлакатдаги энг йирик рақамли банклардан бири «TBC Bank», оммабоп тўлов хизмати payme, харидларни бўлиб тўлаш хизмати «TBC Nasiya», жадал ривожланаётган рақамли суғурта хизмати «TBC Sug‘urta», чакана савдони бошқариш учун SaaS платформаси BILLZ ҳамда онлайн эълонлар платформаси OLX Uzbekistan’ни бирлаштирган экотизим бизнес мижозлар сонини ошириб ва жисмоний шахслар учун хизматлар кўламини кенгайтириб, барқарор ўсишни намоён этди.
Асосий йўналишларда ишончли ўсиш кузатилмоқда
«TBC Uzbekistan» аудиториясини кенгайтиришда давом этди. Рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларнинг умумий сони 25,5 млнга, ойлик фаол аудитория (MAU) эса 6,1 млнга етди. «TBC Uzbekistan»нинг мижозлар базаси бутун мамлакат бўйлаб ўсишда давом этди. Энг юқори ўсиш суръатлари пойтахтдан ташқаридаги ҳудудларда қайд этилди: йиллик ҳисобда чакана мижозлар сони Самарқанд вилоятида 28 фоизга, Наманган вилоятида 27 фоизга, Сурхондарё ва Андижон вилоятларида эса 26 фоизга ошди. Бешта ҳудуд — Тошкент, Навоий, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида қамров даражаси пойтахтдагидан юқори.
Рақамли тўловлар, банк маҳсулотлари ва хизматларига талаб юқорилигича қолди. Тўловларнинг умумий ҳажми йиллик ҳисобда 46,5 фоизга ошиб, 43,9 трлн сўмни ташкил этди, транзакциялар сони эса 39 фоизга ошиб, 198 млнни ташкил этди. Чиқарилган «TBC Salom» дебет карталари сони йиллик нисбатда 106 фоизга ошиб, 1,5 млнга етди, «TBC Osmon» кредит карталарининг сони 241 мингтадан ошди, бу ўтган йилга нисбатан 176 фоизга кўпдир.
«TBC Bank» UZCARD тўлов тизимидаги «TBC Salom» карталарини муомалага чиқарди. Эндиликда карта иккала миллий тўлов тизимида, Humo ва UZCARD, шунингдек, халқаро Visa тизимида ҳам мавжуд. 2026-йил 30-сентябр ҳолатига кўра, 6,7 трлн сўмга етган умумий депозит портфелининг 5,8 фоизи «TBC Salom» карталари ҳисобварақларига тўғри келди.
Кредит портфелини диверсификация қилиш давом этмоқда
2026-йилнинг 3-чорагида бизнесни кредитлаш, кредит карталари, POS-кредитлар ва муддатли тўлов хизматининг янада кенгайтирилиши ҳисобига кредит портфели ҳажми 10,7 трлн сўмни ташкил этди. Кредит портфели диверсификация қилинишда давом этди ва учинчи чорак якунларига кўра, умумий кредит портфелининг 20 фоизи бизнес кредитларига, 13 фоизи кредит карталарига, 14 фоизи эса POS-кредитлар ва муддатли тўловларга тўғри келди.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026-йилнинг феврал ойида ўзининг фаол операцион фаолиятини бошлаган экотизимнинг микромолия ташкилоти — «TBC Credit» активлари ҳажми бўйича Ўзбекистондаги 142 та микромолия ташкилоти орасида учинчи ўринни эгаллади.
Хизматларга талабнинг ортиши ва «TBC Uzbekistan» экотизимининг ривожланиши
2026-йилнинг 3-чорагида обуна хизматларига бўлган талаб юқорилигича қолди: обуналарнинг умумий сони йиллик ҳисобда 120 фоизга ошиб, 1,2 млнтага етди. Ушбу ўсиш фонида «TBC Uzbekistan» аввал алоҳида бўлган TBC plus ва payme plus обуналарини экотизимнинг ягона обунасига бирлаштирди.
2026-йилнинг май ойида ишга туширилган «TBC Avto» мижозларга тўлиқ рақамли хизмат кўрсатиш жараёнини шахсий консерж ҳамроҳлиги билан уйғунлаштириб, Ўзбекистонда автомобил харид қилишнинг анъанавий жараёнини соддалаштиради. Ишга туширилганидан буён «TBC Avto» доирасида 340 та кредит ажратилди, учинчи чорак якунига кўра эса умумий портфел 75,4 млрд сўмни ташкил этди.
payme travel орқали авиачипталар савдоси ўсишда давом этди: айланма маблағ 2026-йилнинг 2-чорагига нисбатан 96 фоизга ошиб, 5,6 млрд сўмга етди. 2026-йилнинг 3-чорагида авиачипталарнинг 20 фоизи муддатли тўлов ёки кейинроқ тўлаш усули орқали харид қилинди — ушбу йўналиш фойдаланувчиларни экотизимнинг турли хизматларига тобора фаолроқ жалб этмоқда. payme travel шунчаки авиачипталарни банд қилиш хизматидан саёҳатларни режалаштириш бўйича тўлақонли платформага айланиб бормоқда. Бундан ташқари, халқаро турлар ҳамда халқаро eSIM хизматлари ҳам йўлга қўйилди.
2026-йилнинг октябр ойида «TBC Uzbekistan» экотизимнинг содиқлик дастури — «Novvot»ни ишга туширди. Унинг доирасида фойдаланувчилар новвотларни жамғариши ва сарфлаши мумкин. Новвотлар кундалик харидлар ҳамда иловалардаги топшириқларни бажарганлик учун тақдим этилади. Уларни ҳар иккала иловада товар ва хизматлар учун тўлов қилишга ишлатиш ёки «Novvot Shop»да ҳамкорларнинг сертификатлари ва таклифларига алмаштириш мумкин.
Айрим ҳамкорларда харид қилинганда кўпроқ новвотлар тақдим этилади, экотизимнинг ягона обунаси фойдаланувчилари эса новвотларни оширилган ставкада олади. Дастур биринчи босқичда «TBC Bank» ва payme’ни қамраб олади, кейинчалик эса «TBC Biznes» ва BILLZ каби экотизимнинг барча маҳсулотларига татбиқ этилади. Ушбу дастур мижозларни экотизимнинг кўпроқ маҳсулотларидан фойдаланганлик учун мукофотлаш ва кундалик транзакцион фаолликни рағбатлантиришга, шу орқали мижозларнинг жалб этилганлик даражасини ҳамда «TBC Uzbekistan» орқали амалга ошириладиган кундалик молиявий операциялари улушини оширишга қаратилган.
2026-йилнинг июл ойида харид битими якунлангач, мамлакатдаги онлайн эълонлар платформаси бўлган OLX Uzbekistan «TBC Uzbekistan» экотизимига интеграция жараёнини бошлади. 3-чоракда Дмитрий Пучков платформа янги бош директори (CEO) этиб тайинланди. Сўнгги ўн йил давомида OLX Uzbekistan’га раҳбарлик қилган Дониёр Тўрғунов компания бошқарувида муҳим ўринни сақлаб қолмоқда. Йирик маркетплейсларни кенгайтириш тажрибаси ва маҳаллий бозорни чуқур тушуниш уйғунлиги платформани трансформация қилиш дастурининг асосини ташкил этади. Ушбу дастурдан кўзланган мақсад — молиявий ва тўлов хизматларини бевосита классифайддаги фойдаланувчи йўлига интеграция қилишдан иборат бўлиб, бунда OLX ўз бренди остида мустақил ва очиқ эълонлар платформаси сифатида фаолият юритишда давом этади.
Экотизим бизнес сегментини кенгайтириш
«TBC Uzbekistan»нинг бизнес йўналиши бутун чорак давомида ўсишда давом этди. Экотизимдаги фаол мерчантларнинг умумий сони йиллик ҳисобда 48 фоизга ошиб, 23 400 тага етди. BILLZ платформаси орқали 7,8 трлн сўмдан ортиқ қийматдаги транзакциялар амалга оширилди, платформадан фойдаланувчи брендлар сони эса 4 800 тадан ошди — бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 53 фоизга кўпдир.
Экотизимда рўйхатдан ўтган бизнес-мижозлар сони йиллик ҳисобда беш бараварга ошди, бунда уларнинг 84 фоизи Тошкентдан ташқарида фаолият юритади. Энг юқори ўсиш суръатлари Сирдарё ҳамда Андижон вилоятларида қайд этилди. Тармоқлар кесимида бизнес-мижозларнинг ярмидан кўпроғи улгуржи ва чакана савдо ҳиссасига тўғри келса, кейинги ўринларни ишлаб чиқариш, АКТ, қишлоқ хўжалиги ҳамда таълим соҳалари эгаллади. Чоракнинг энг жадал ривожланаётган сегментлари эса профессионал хизматлар, АКТ ва транспорт бўлди.
Бизнес-мижозлар учун янги имкониятлар йўлга қўйилди. Хусусан, озиқ-овқат дўконлари BILLZ платформасидан фойдаланиш имконига эга бўлди, шунингдек, сотувчиларга алоҳида POS-терминалсиз, смартфон ёрдамида банк карталари орқали тўлов қабул қилиш имконини берувчи SoftPOS хизмати тақдим этилди.
payme loyalty BILLZ орқали содиқлик дастурларини юритаётган мерчантлар учун ҳам мавжуд бўлди: бунда мижозлар бонус ва кешбэкни кузатиб бориши ҳамда харидлар учун ягона QR-код орқали тўлаши мумкин. Ушбу хизмат ишга туширилиши натижасида фойдаланувчилар турли дўконларнинг содиқлик карталарини бир жойда сақлаш имкониятига эга бўлди. Июл ойида «TBC Biznes» томонидан ишга туширилган тўлиқ рақамли иш ҳақи лойиҳаси экотизимнинг бизнес йўналишини унинг чакана аудиторияси билан боғлашда давом этди. Иш ҳақи лойиҳасига уланган компанияларнинг ходимлари «TBC Salom» карталарига эга бўлди. Бу эса банкнинг флагман чакана маҳсулоти учун мижозларни жалб қилишнинг қўшимча каналидир. «TBC Uzbekistan» янги компанияларни улашда ва маҳсулот имкониятларини кенгайтиришда давом этмоқда. Яқин ойларда «TBC Biznes» мижозлари учун бизнес карталари ҳам ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
«TBC Uzbekistan яна бир муваффақиятли чоракни якунлади. Биз аудиториямизни ҳамда бизнес ва хусусий мижозлар учун маҳсулотлар қаторини кенгайтиришда ва энг юқори даражадаги ягона мижоз тажрибасини яратиш орқали экотизимимизни чуқурроқ интеграция қилишда давом этдик. Кундалик банк амалиётлари учун асосий маҳсулотларимиз ва экотизимимизга киришнинг бош нуқталари бўлган “TBC Salom” ҳамда “TBC Osmon” карталари уч хонали ўсиш суръатини сақлаб қолди. Шу билан бирга, уларнинг умумий омонатлар ва кредит портфелидаги улуши ортиб бормоқда. Тўловларнинг умумий ҳажми эса йиллик ҳисобда 46,5 фоизга ошиб, ушбу сегментдаги етакчилигимизни янада мустаҳкамлади. Бизнес йўналиши ишончли ўсмоқда ва экотизимнинг тобора муҳим қисмига айланмоқда: фаол мерчантлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48 фоизга ошди, бизнес-кредитлар эса умумий кредит портфелининг 20 фоизини ташкил этди. Янги маҳсулотлар чакана ва бизнес мижозлар учун имкониятларни кенгайтирди, “Novvot” содиқлик дастури эса фойдаланувчиларнинг экотизимга жалб этилганлигини янада оширишга хизмат қилади», — дейди «TBC Uzbekistan» CEO’си Ника Курдиани.





