
UNESCO пойтахтига айланган Самарқанд, скутерлар учун янги А1 тоифа — ҳафта дайжести
Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни яна бир бор эсга оламиз.

Тошкентда дарахт ва буталарга қирон келтирилди
Ўзбекистонда дарахт кесишга қарши мораторий жорий қилинганига қарамасдан, 25-октябр тунида Яккасарой тумани, Бобур кўчасида 174 туп дарахт ва буталар “виждонсизларча” кесиб ташланди. Ҳолбуки уларни авайлаб, бошқа жойга кўчириб ўтқазиш мумкин эди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, дарахтлар Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг топшириғига асосан ободонлаштириш бошқармаси томонидан тунги вақтда кесиб ташланган. Шунингдек, ҳолатни тўхтатишга уринган экология инспекторига куч ишлатилиб, унинг телефон аппарати олиб қўйилган.
Ҳодиса жамоатчилик ва экологик фаоллар эътиборини тортди. Экология вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик назорат инспекцияси масъуллари жойига чиқиб ҳолатни ўрганди. Текширув натижасида табиатга етказилган зарар 1 миллиард 460 миллион 952 минг сўм деб ҳисобланди. Бу ҳақда вазирлик расмий маълумот берди.
Тошкентда дарахт кесилиши бўйича текширув бошланди. Ноқонуний кесилган дарахтлар шаҳар экотизимига зарар етказгани аниқланиб, ҳужжатлар прокуратурага юборилди. Ҳокимлик вазиятни назоратга олиб, айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини билдирди.
Скутерларга ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш осонлашади
Ўзбекистонда янги тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилгани ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаларидан бири бўлди. Қарор жамиятда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, айниқса ёшлар ва курьерлик соҳасида фаол ишлаётганлар орасида катта қизиқиш уйғотди.
Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 2026-йил 1-январдан мопед ва скутер эгалари учун “А1” кичик тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилади. Эндиликда бу транспорт воситаларини бошқариш учун мотоциклчиларга бериладиган “А” тоифаси талаб этилмайди.
Янги гувоҳномани олишда автомактабларда ўқув курсларини мажбурий ўтиш шарт эмас — талабгорлар тўғридан тўғри фақат назарий имтиҳон топшириши мумкин. Имтиҳонда 20 тест саволидан 16 тасига тўғри жавоб бериш кифоя.
“А”, “B”, “C” ва “D” тоифали гувоҳномага эга шахслар “А1” тоифали транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлади.
Мазкур қарор курьерлик тизимида ишлаётганлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқароларга мототранспортдан фойдаланишни енгиллаштиришга қаратилган. Шу билан бирга, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги назорат механизмлари ҳам жорий этилади.
Энди камера ва радарлар ҳам жарима баллари ҳисоблайди
2026-йил 1-апрелдан фото ва видеокамералар орқали қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланади.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 676-сонли қарорига кўра, 2026 йил 1 апрелдан йўллардаги автоматлаштирилган фото ва видео тизимлар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳайдовчиларга жарима баллари ёзила бошлайди.
Янги тартиб йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш, транспорт билан боғлиқ ўлим ҳолатларини камайтириш ва қоидабузарликларнинг олдини олишга қаратилган.
Баллар транспорт воситасининг мулкдори ёки ундан фойдаланувчи ҳайдовчилар ўртасида тақсимланади.
Агар ҳайдовчи 12 ой давомида қоидани бузмаса, кейинги биринчи қоидабузарлик учун балл қўшилмайди. Шунингдек, олти ой давомида янги қоидабузарлик содир этилмаса, икки балл олиб ташланади.
Агар бир йил ичида жарима баллари 12 баллга етган бўлса, маълумотлар судга юборилади ва суд қарорига кўра, ҳайдовчи 6 ойдан 3 йилгача гувоҳномасидан маҳрум қилиниши мумкин.
Автомобилни бошқариш учун бошқа шахсга берган мулкдорлар онлайн кабинет орқали машинани кимга топшираётганини кўрсатиши, қабул қилувчи эса тасдиқлаши керак. Агар қабул қилувчи тасдиқламаса, баллар мулкдорга ёзилади. Агар мулкдорда гувоҳнома бўлмаса ва жарима баллари 12 дан ошса, транспорт воситаси вақтинча жарима майдончасига жойлаштирилади.
Самарқанд 2 ҳафтага UNESCO пойтахти
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган UNESCO Бош конференцияси кўплаб давлатлар вакилларини бир жойга жамлади. 30 октябр куни тадбирда 200 дан зиёд давлат ва халқаро ташкилотлардан юқори даражадаги делегациялар, жумладан, Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич, Словакия Республикаси Президенти Петер Пеллегрини, UNESCO Бош директори Одри Азуле ва бошқа фахрий меҳмонлар иштирок этади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги UNESCO Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида нутқ сўзлади ва бешта янги ташаббусни илгари сурди.
Биринчи ташаббус — инклюзив таълим ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга бағишланди.
Иккинчи ташаббус — номоддий маданий меросни сақлашни кучайтиришга қаратилган.
Учинчи ташаббус — хотин-қизларнинг етакчилик салоҳиятини ривожлантиришни назарда тутади.
Тўртинчи ташаббус — иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва экологик масъулиятни оширишга бағишланди.
Бешинчи ташаббус — ахборот хавфсизлиги ва медиа саводхонликни оширишга қаратилган.
Ушбу муҳим сессия доирасида таълим, фан, маданият, экология, технология ва коммуникация соҳаларидаги асосий масалаларни муҳокама қилишга бағишланган 150 дан ортиқ турли шаклдаги тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистонда ўртача ойлик маошлар ошмоқда
Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 6 миллион сўмдан ошиб, ўтган йилга нисбатан 19,2 фоизга кўтарилди. Бу — иқтисодий фаоллик ортиб, даромадлар ўсаётганидан далолат беради. Бироқ рақамлар ҳудудлар ва соҳалар кесимида ҳали ҳам сезиларли тафовутларни кўрсатмоқда.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич эса Тошкент шаҳрида — 10 млн 379 минг сўм, энг паст кўрсаткич эса Қашқадарё вилоятида — 4 млн 270 минг сўмлиги аниқланди.
Иқтисодий фаолият турлари орасида энг юқори ўртача иш ҳақи банк, суғурта, лизинг ва кредит соҳасида — 16 млн 828 минг сўмни ташкил этди.
Таълим соҳасида эса ўртача иш ҳақи 4 млн 188 минг сўм, шундан:
• олий таълимда — 9 млн 513 минг сўм,
• техник таълимда — 4 млн 259 минг сўм,
• умумий ўрта таълимда — 4 млн 136 минг сўм,
• мактабгача таълимда — 2 млн 771 минг сўмни ташкил этган.
«Декрет» пули давлат томонидан тўланади
2026 йилдан бошлаб хусусий компанияларда ишлайдиган аёллар ҳам ҳомиладорлик нафақасини давлатдан олади.
Бу Президент раислигида 29 октябр куни ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Тақдимотда хусусий секторда фаолият юритувчи ишчилар, айниқса аёллар учун ижтимоий нафақаларнинг тўланмаслиги бўйича мавжуд муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумотларга кўра, 2026 йилдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари Ижтимоий ҳимоя жамғармаси орқали молиялаштирилади. Шунингдек, 2026 йил иккинчи ярмидан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик варақаси) бўйича нафақалар ҳам жамғарма ҳисобидан тўланиши йўлга қўйилади.
Янги тизим Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларига мос ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосий мақсади — аёллар ва ишчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, расмий иш жойларини кўпайтириш ҳамда суғурта тизимининг шаффофлигини таъминлашдан иборат.
Ҳозиргача ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари фақат давлат ташкилотларида ишлайдиганларга тўлаб келинган. 2010 йилда мазкур тўловлар давлат бюджети харажатларини қисқартириш мақсадида иш берувчилар зиммасига юкланган эди. Бу амалиёт хусусий компаниялар учун ортиқча молиявий юк бўлиб, кўплаб аёлларни норасмий меҳнат муносабатларига мажбур қилган.
Ургутда ўқитувчи аёвсиз калтакланди
Самарқанддаги воқеа — маст фуқаро томонидан ўқитувчига қилинган зўравонлик нафақат шахсга, балки бутун таълим тизимига таҳдид ҳисобланади. Педагогларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳукумат ва жамиятнинг устувор вазифаси бўлиши лозим.
Vaqt.uz таҳририятига Самарқанд вилоятида спиртли ичимлик таъсирида бўлган фуқаро мактаб ўқитувчисини калтаклагани ҳақида хабарлар келиб тушди. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Маълумотга кўра, жорий йилнинг 27-октябр куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманида жойлашган 112-умумтаълим мактабида фаолият юритувчи ўқитувчига маст ҳолатда бўлган фуқаро ҳужум қилган ва мактаб раҳбарияти ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлимига хабар берган.
Шундан сўнг, ўқитувчи туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган ва тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
“Туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўқитувчининг аҳволидан хабар олиш мақсадида тиббиёт бирлашмасига борган. Айни пайтда ўқитувчининг умумий аҳволи яхши”, дейилади хабарда.
Ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли суриштирув ишлари бошланган. Келишмовчилик сабаби ҳақида маълумот берилмаган.
Қайнонаси ва эрини ўлдирган аёлга ҳукм ўқилди
Бу ҳафта қайнонаси гўштидан матни тайёрлаган келин ҳақидаги миш-мишлар бутун тармоқни портлатди. Аммо тергов иши давомида бу шов-шувлар ассосиз экани аниқланди.
Тошкент вилоятида қайнонаси ва эрини ўлдирган аёлга суд ҳукми ўқилди. «Миллий» телеканали хабарига кўра, жиноят содир этилгач, у қўшниларига эри ва қайнонаси Россияга кетганини айтган ва ўзи ҳам шу давлатга жўнаб кетган.
Бироқ қурбонлардан бирининг синглиси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганидан сўнг, тергов давомида уларнинг паспортлари аёл яшаган уйда топилган. Уйда тарқалган бадбўй ҳид сабабли кинологлар ёрдамида томорқа текширилган ва у ердан йўқолган шахсларнинг жасадлари топилган.
Аниқланишича, келин ва қайнонаси ўртасида жанжал келиб чиққан, натижада аёл қайнонасини ўлдириб, ҳовлига кўмган. Кейин бу ҳолни билиб қолган эрини ҳам кетмон билан уриб ўлдирган.
Қўшниларга сезилмаслик учун у тайёрлаган мантиларни тарқатган, шу боис “қайнонасидан манти тайёрлаган” деган асоссиз миш-мишлар тарқалган.
Суд аёлни айбдор деб топиб, унга 12 йил 3 ой қамоқ жазоси тайинлади.
Ёқуб Аҳмедов оламдан ўтди
Ўзбек киноси ва маданияти катта йўқотишга учради. Таниқли театр, кино ва дубляж актёри, муаллим, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов 30-октябр куни, 87 ёшида оламдан ўтди.
Ёқуб Аҳмедов 1938-йил 3-январда Наманганда туғилган. У болалигидаёқ санъатга бўлган муҳаббати билан ажралиб турган. Бўлажак актёр ижод йўлини Наманган вилоят мусиқали драма ва комедия театри саҳнасида бошлаган.
У 1958-йилдан бошлаб кинода фаолият юритиб, қарийб 40 та фильмда рол ижро этган. Шунингдек, 400 дан ортиқ фильмни ўзбек тилига дубляж қилиб, томошабинларга жаҳон киносини она тилида томоша қилиш имконини яратган.
Саҳна ва экрандаги фаолияти, театр тараққиётига қўшган ҳиссаси учун у Ўзбекистон халқ артисти унвони ҳамда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.





