Уруш сабаб жаҳон бўйича нефт ва газ ташиш харажатлари кўтарилди

Эрон ОАВ Ҳўрмуз бўғози ёпилганини ва уни кесиб ўтишга уринаётган ҳар қандай кемага ўт очилишини маълум қилди. Яқин Шарқ бўйлаб нефт ва газ объектлари эса эҳтиёткорлик юзасидан фаолиятини тўхтатди.

Уруш сабаб жаҳон бўйича нефт ва газ ташиш харажатлари кўтарилди

АҚШ–Эрон можароси кучайиб, Теҳрон Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётган кемаларга ҳужум қилгани фонида Яқин Шарқда супертанкерлар харажатлари рекорд даражага етди. Бу ҳақда бугун, 3-март куни денгиз ташувлари маълумотлари ва шу соҳадаги манбаларига таяниб, «Reuters» хабар берди.

Эрон ва Уммон ўртасида жойлашган Ҳўрмуз бўғози орқали жаҳонда истеъмол қилинадиган нефтнинг қарийб бешдан бир қисми, шунингдек, катта ҳажмда суюлтирилган табиий газ ташилади. АҚШ ва Исроил зарбаларига жавобан Эрон ҳудуддаги кемаларга ҳужум қилганидан сўнг, бу ердаги денгиз ташувлари деярли тўхтаб қолди.

Узоқ муддатли ёпилиш хавфи ва узилишлар нефт ҳамда Европада табиий газ нархларининг кескин ошишига сабаб бўлди. Жорий ҳафтада «Brent» нефти фючерслари қарийб 10 фоизга кўтарилди, чунки можаро Яқин Шарқда нефт ва газ объектларининг бир неча марта тўхтатилишига олиб келди.

Яқин Шарқдан Хитойга 2 миллион баррел нефт ташиш учун фойдаланиладиган жуда йирик нефт ташувчи кемалар (VLCC) учун эталон фрахт ставкаси TD3 йўналиши бўйича 2-март куни «Worldscale» халқаро ўлчов тизимида W419 даражасига, яъни кунига 423 736 долларгача кўтарилиб, тарихий энг юқори кўрсаткичга етди.

1

27-феврал кунига нисбатан ставка икки баробар ошди ва ўтган ҳафтада қайд этилган олти йиллик максимумдан кейин яна ўсишни давом эттирди. Бунга АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужум қилиши ва 28-март куни Олий раҳбар оятуллоҳ Хоманаийни ўлдиргани сабаб бўлган.

Эрон бунга жавобан Форс кўрфази давлатларига ҳужум қилди, бу эса Яқин Шарқ бўйлаб нефт ва газ объектларида эҳтиёткорлик юзасидан фаолиятни тўхтатишларга олиб келди.

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг юқори лавозимли вакили 2-март куни Ҳўрмуз бўғози ёпилганини ва уни кесиб ўтишга уринаётган ҳар қандай кемага ўт очилишини маълум қилди, деб хабар берди Эрон оммавий ахборот воситалари.

Суюлтирилган табиий газ ташиш ставкалари кескин ошди

Кунлик суюлтирилган табиий газ танкерлари учун фрахт ставкалари 2-март куни Қатар ишлаб чиқаришни тўхтатганидан сўнг 40 фоиздан ортиқка ошди.

«Атлантика океани йўналишидаги ставкалар 2-март куни кунига 61 500 долларга етди бу 27-феврал кунига нисбатан 43 фоизга ёки 18 750 долларга кўп. Тинч океани йўналишидаги ставкалар эса кунига 41 000 долларгача кўтарилди бу жума кунга нисбатан 45 фоизга ёки 12 750 долларга юқори», деб хабар қилди суюлтирилган табиий газ ташиш бозори учун нархларни баҳоловчи «Spark Commodities» агентлиги.

2

«Wood Mackenzie» энергетика консалтинг компаниясининг глобал суюлтирилган табиий газ бўйича бош таҳлилчиси Фрейзер Карсоннинг айтишича, таклиф танқислиги шароитида спот бозорида кунлик суюлтирилган табиий газ ташиш ставкалари бу ҳафта 100 000 доллардан ҳам ошиб кетиши мумкин.

«Феврал ойидаги об-ҳаво узилишлари натижасида юзага келган навбатлар туфайли март ойининг қолган қисми учун кемалар мавжудлиги заиф деб баҳоланмоқда. Мавжуд ҳар қандай кемалар учун жуда кучли рақобат бўлади», деди у.

Карсоннинг таъкидлашича, Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтиш кафолатланмагунча, денгиз ташувлари фаолияти тўхтаб қолаверади.

Компания сиёсати сабабли исмини ошкор этишни истамаган нефт брокери Форс кўрфазида ташиш ставкаларини баҳолаш жуда қийин эканини айтган, чунки бир қатор кема эгалари ўз фаолиятини номаълум муддатга тўхтатган.

Шу билан бирга, Бирлашган Араб Амирликларидаги Фужайра йирик ёнилғи қуйиш портида можаро туфайли ёнилғи таъминоти узилиб, нархлар ошгани сабабли бункер ёқилғиси савдоси секинлашди. Бу эса талабни бошқа портларга, жумладан Сингапурга кўчишига олиб келиши мумкин.

Жанубий Кореянинг «Hyundai Glovis» (086280.KS) денгиз ташиш компанияси бугун, 3-март куни муқобил йўналишлар ва портларни таъминлашни ўз ичига олган фавқулодда режаларни тайёрлаётганини билдирди. Жанубий Корея денгиз ишлари вазирлиги эса Яқин Шарқда кема юритувчи Жанубий Корея компанияларига ҳудуддаги тижорат операцияларидан тийилиб туришни сўраб огоҳлантириш хати юборган.

Теглар

Мавзуга оид