Уруш соясидаги иқтисодиёт, P2P ўтказмаларида янги шарт ва Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган қиёфаси — 3 март дайжести

03.03.2026 | 23:464 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Уруш соясидаги иқтисодиёт, P2P ўтказмаларида янги шарт ва Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган қиёфаси — 3 март дайжести

Яқин Шарқдаги вазият Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилади?

Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинликларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири урушнинг давомийлигига боғлиқ. Агар вазият қисқа муддатли бўлса, таъсир чекланган бўлиши мумкин. Узоққа чўзилган ҳолатда эса салбий таъсирлар кучаяди. 2025 йилда Ўзбекистоннинг Эронга экспорти 157 млн доллар (жами экспортнинг 0,5 фоизи), импорт эса 421 млн доллар (0,9 фоиз)ни ташкил этган. Исроил билан савдо ҳажми ҳам паст. Минтақа билан савдо тўлиқ тўхтаган тақдирда ҳам экспорт тахминан 3 фоизга, импорт 2,5 фоизгача секинлашиши мумкин, бу ЯИМ ўсишига тахминан 0,6 фоиз атрофида таъсир қилади. Шу билан бирга, Эрон портлари орқали транзит чекланиши айрим логистик йўналишларга босим ўтказиши мумкин.

Нефть нархининг ўсиши глобал иқтисодий ўсишни секинлаштириши эҳтимол, бу эса Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари — Хитой ва бошқа мамлакатлар орқали иккиламчи таъсир кўрсатади. Бироқ нефть қимматлашиши Россия ва Қозоғистон иқтисодиётига ижобий таъсир қилиб, пул ўтказмалари ва экспорт талабини ошириши мумкин. Шу билан бирга, глобал таклиф занжирларидаги узилишлар инфляцияни тезлаштириши эҳтимол. Бошқа томондан, ноаниқликлар фонида олтин нархининг ўсиши Ўзбекистон учун ижобий омил ҳисобланади: 2025 йилда 10 млрд долларлик олтин экспорт қилинган ва унинг қимматлаши ЯИМ ўсишини қўллаб-қувватлаши мумкин. Умуман олганда, вазият салбий хавфлар билан бирга айрим компенсатор омилларни ҳам ўз ичига олади.

Картадан картага пул кўчиришда «ўтказма мақсади»ни танлаш мажбурий бўлди: бу нега керак?

Марказий банк қарорига кўра, энди барча банк ва тўлов иловаларида картадан картага (P2P) пул ўтказиш пайтида «ўтказма мақсади»ни танлаш мажбурий бўлди. Фойдаланувчилар маблағ юборишдан олдин таклиф этилган 16 та тоифадан бирини — масалан, «оилага ёрдам», «қарзни қайтариш», «ижара тўлови» ёки «хайрия» каби вариантларни белгилаши керак. Айрим иловаларда ушбу тизим аллақачон ишга тушган, қолганларида эса яқин вақтда жорий этилади.

Янги тартибнинг асосий мақсади пул айланмасини тартибга солиш ва халқаро молиявий стандартларга мослашишдан иборат. Бу орқали шахсий ўтказмаларни тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ операциялардан ажратиш осонлашади, шунингдек ўтказма тарихи баҳсли ҳолатларда далил сифатида хизмат қилиши мумкин. Қонуний ва шахсий ўтказмалар учун бу талаб ҳеч қандай солиқ ёки қўшимча тўлов юкламайди, фақат техник жиҳатдан мақсадни танлаш талаб этилади.

Тошкент бош режаси ўзгарди

Ҳукумат қарори билан Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режасига муҳим ўзгартиришлар киритилди. Қарорга кўра, умумий майдони 1512 гектар бўлган ҳудудларда қиймати 14,5 млрд долларлик 30 та йирик кўчмас мулк лойиҳаси амалга оширилади. Янги тартибга биноан, ҳар бир йирик реновация ва реконструкция лойиҳасида ҳудуднинг камида 30 фоизи яшил майдон сифатида ажратилиши шарт этиб белгиланди ҳамда 1 гектаргача бўлган зич нуқтали қурилиш амалиётидан воз кечилади.

Шунингдек, «Toshkent Invest» томонидан 9 та ҳудудда жами 139,6 гектар янги жамоат парклари барпо этилади. Янгиҳаёт туманида 799 гектар майдонда қиймати 1,67 млрд долларлик «Янги авлод» саноат зонаси ташкил этилиши режалаштирилган. Барча янги қурилишларда энергия тежамкор технологиялар ва газга муқобил ёқилғидан фойдаланиш мажбурий этиб белгиланди, ҳар бир инвестиция лойиҳаси учун алоҳида мастер-режа ишлаб чиқилиши талаб этилади.

Ўзбекистон олтин захираси бўйича дунёдаги ўрни маълум бўлди

Жаҳон олтин кенгаши ҳисоботига кўра, Ўзбекистоннинг олтин захиралари 390,3 тоннага етди ва мамлакат жаҳон рейтингида 14-ўринни эгаллади. Захира ҳажми бўйича республика Португалия (382,7 тонна) ва Қозоғистонни (341 тонна) ортда қолдирган. 2025 йил давомида 7,8 тонна олтин харид қилинган, 2020–2025 йиллар оралиғида эса жами 54,4 тонна қимматбаҳо металл жамғарилган.

Глобал миқёсда 2025 йилда энг йирик харидор Полша (қарийб 102 тонна) бўлди, ундан кейин Қозоғистон ва Озарбайжон жой олган. Олтин нархи 2025 йил бошидаги 2 800 доллар атрофидан 2026 йил бошига келиб 5 000 доллардан ошди. 2026 йил 1 феврал ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий олтин-валюта захиралари 75 млрд долларга етган бўлиб, шундан 65 млрд доллари олтин ҳиссасига тўғри келади.

Январда қайси ҳудуд аҳолиси энг кўп кешбек олди?

2026 йил январ ойида (27 феврал ҳолатига) истеъмолчиларга харид чеклари асосида жами 125,7 млрд сўм кешбек қайтарилди. Бу маблағ 197,6 млн та чек асосида ҳисобланган бўлиб, энг катта улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди.

Расмий маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри аҳолисига 37,5 млрд сўм кешбек тўланган. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти (18,4 млрд сўм) ва Тошкент вилояти (15,4 млрд сўм) жой олган. Шунингдек, Самарқанд вилоятида 8,4 млрд сўм, Қорақалпоғистон Республикасида 7,8 млрд сўм кешбек қайтарилган. Январ ойида кешбек тизимидан 5 млн 635 минг нафар фойдаланган.

Теглар

Мавзуга оид