add

Венесуэла раҳбари АҚШни ярашувга чақирди

Николас Мадуро қўлга олинганидан сўнг Венесуэланинг муваққат раҳбари Делси Родригес АҚШни ярашув ва ҳамкорликка чақириб, аввалги кескин баёнотлардан чекланди.

Венесуэла раҳбари АҚШни ярашувга чақирди

Венесуэла вақтинча раҳбари Делси Родригес АҚШ махсус кучлари томонидан президент Николас Мадуро қўлга олинганига қарамасдан, Вашингтонни ярашув ва ҳамкорликка чақирди. Ушбу баёнот Родригес томонидан якшанба куни ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеомурожаатда билдирилди.

Родригеснинг сўзларига кўра, Венесуэла АҚШ билан халқаро ҳуқуқ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр.

«Биз АҚШ ҳукуматини умумий тараққиётга қаратилган ҳамкорлик дастури устида биргаликда ишлашга таклиф қиламиз», — деди у.

Баёнот оҳанги аввалроқ АҚШга қарши кескин чиқишлар билан таққослаганда анча юмшоқ экани қайд этилди.

Шанба куни Каракас ва унинг атрофида АҚШ зарбалари берилганидан кейин америкаликларнинг махсус бўлинмаси томонидан Мадурони қўлга олиш амалиёти ўтказилган эди. Орадан бир неча соат ўтиб, Родригес бу ҳаракатларни қоралаб, Мадурони озод этишни талаб қилиб чиққанди.

Ўша куни Венесуэла Олий суди Конституцияга асосан Делси Родригесга президент ваколатларини вақтинча топшириш ҳақида қарор чиқарди. АҚШ президенти Доналд Трамп эса мамлакатни ўтиш даврида бошқаришда Родригес АҚШ маъмурияти билан ҳамкорлик қилиши мумкинлигини билдирган.

Доналд Трамп якшанба куни «The Atlantic» журналига берган интервьюсида Венесуэлага тикланиш кераклигини айтди ва Родригесни огоҳлантирди: агар у «тўғри йўл тутмаса», оқибатлари Мадуронинг тақдирига қараганда ҳам оғир бўлиши мумкин.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио эса Вашингтон Родригеснинг сўзларига эмас, амалий ҳаракатларига қараб хулоса чиқаришини таъкидлади. У Венесуэла Эрон, Россия ва бошқа давлатлар учун «операцион марказ»га айланмаслиги кераклигини қайд этиб, мамлакатнинг йирик нефт захиралари АҚШ рақиблари назоратида қолишини мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини билдирди.

Теглар

Мавзуга оид