Logo

«Wildberries» омборларининг бир қисмини Ўзбекистонга кўчириши мумкин

Бугун 15:322 дақиқа

Россиядаги омборларга берилаётган тинимсиз дрон ҳужумлари «Wildberries»ни логистик инқирозга дучор қилди. Натижада компания хавфсизликни таъминлаш ва товарларни асраб қолиш учун ўз қувватларининг бир қисмини Ўзбекистон, Қозоғистон ва Беларусга кўчирмоқчи.

«Wildberries» омборларининг бир қисмини Ўзбекистонга кўчириши мумкин © Яндекс Карты

Россиянинг «Wildberries» маркетплейси дрон ҳужумларидан кейин логистика тизимининг бир қисмини хорижга кўчириш имкониятини кўриб чиқмоқда.

«The Moscow Times» хабар беришича, компания узоқ муддат сақланадиган товарларни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Беларус омборларида жойлаштиришни режалаштирмоқда.

Нашр маълумотига кўра, ушбу режа компания раҳбариятининг сотувчилар билан учрашувларида муҳокама қилинган.

Манбаларнинг таъкидлашича, айрим товарлар аллақачон Россиядан ташқаридаги омборларга йўналтирила бошланган.

Қозоғистон

Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиевга кўра, Остона ва Олмаотада «Wildberries» тахминан 46 минг метр квадрат омборларни ижарага олган.

Шу билан бирга 2027 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган яна 260 минг метр квадрат омбор қурилмоқда.

Беларус

Шунингдек, «Wildberries» компанияси Беларусда қиймати 11 миллиард рублга тенг йирик омбор барпо этмоқда. Бироқ унинг 140 минг квадрат метрлик умумий майдонидан май ойига қадар бор-йўғи 20 минг квадрат метри ишга туширилган. Мажмуани тўлиқ фойдаланишга топшириш эса жорий йил охири ёки келаси йил бошига мўлжалланган.

Май ойида компания асосчиси Татяна Ким республика ҳудудида иккинчи йирик омбор мажмуасини қуриш режаси борлигини ҳам эълон қилганди. Ўшанда мазкур объектлар айнан беларуслик харидорларга хизмат қилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон

Бундан бир ой олдин «Wildberries & Russ» бош директори Роберт Мирзоян Ўзбекистонда Марказий Осиё логистика хаби ташкил этилишини эълон қилган эди.

Лойиҳа доирасида Тошкент вилоятидаги 170 минг квадрат метрлик омбор мажмуаси ва саралаш маркази ягона логистика тизимига бирлаштирилади.

Компания мазкур лойиҳага 300 миллион доллардан ортиқ сармоя киритишни режалаштирган. Хаб «Россия — Ўзбекистон — Яқин Шарқ» ва «Хитой — Ўзбекистон — Африка» логистика йўналишларининг бир қисмига айланиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид