Logo

Хитой–Шимолий Корея иттифоқи: 65 йилдан кейин ҳам «қон билан муҳрланган»ми?

Хитой ва Шимолий Корея ўртасида имзоланган «Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида»ги шартномага 65 йил тўлди. «Қон билан муҳрланган» ва Хитойнинг ягона расмий ҳарбий иттифоқи бўлган бу келишув бугунги кунда геосиёсий синовлардан ўтмоқда.

Хитой–Шимолий Корея иттифоқи: 65 йилдан кейин ҳам «қон билан муҳрланган»ми? © Agency(KCNA). Yonhap

Хитой етакчилари Пекиннинг Шимолий Корея билан муносабатларини кўпинча «лаб ва тиш» каби яқин деб таърифлайди. Аммо «Al Jazeera» нашрининг ёзишича, икки томонлама алоқалар қанчалик илиқ кўринмасин, бу, энг аввало, стратегик заруратга асосланган муносабатлардир.

1961 йил 11 июл куни Хитой бош вазири Чжоу Энлай ва Шимолий Корея етакчиси Ким Ир Сен Пекинда Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартномани имзолаган эди. 65 йил ўтиб ҳам ушбу ҳужжат ўз кучини йўқотгани йўқ. Унда томонлардан бири қуролли ҳужумга учраса, иккинчиси унга ёрдам бериш мажбуриятини олишини кўзда тутувчи ўзаро мудофаа банди мавжуд. Бу Хитойнинг ягона расмий ҳарбий иттифоқи бўлиб, шартноманинг нақадар муҳимлигини кўрсатади. Бироқ шартнома имзоланганидан буён кўп нарса ўзгарди.

Шимолий Корея бош вазири Пак Тхэ Соннинг дўстлик шартномасини нишонлаш мақсадида шу ҳафта Пекинга қилган уч кунлик ташрифи ҳам мазкур ҳужжат ҳали-ҳануз муҳим аҳамиятга эга эканидан далолат беради.

Аммо ўтган 65 йил ичида Хитой қашшоқ инқилобий давлатдан дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиётига айланди, Шимолий Корея эса ҳамон яккаланган ва оғир санкциялар остида қолмоқда.

Шундай бўлса-да, уларнинг иттифоқи Совуқ уруш, Хитойнинг дунёга иқтисодий жиҳатдан юз тутиши, Совет Иттифоқининг парчаланиши ва Пхеняннинг ядро дастури туфайли юзага келган ўнлаб йиллар давом этган кескинликларга дош бера олди.

Хўш, қандай қилиб бу иттифоқ шунча синовлардан ўтиб, сақланиб қолди? Гап шундаки, ҳеч бир томон унинг барбод бўлишига йўл қўя олмайди.

Хитой барқарорликни истайди

Хитой ва Шимолий Корея муносабатлари Корея уруши даврида — 1950 йилда АҚШ бошчилигидаги кучлар Хитой чегараси томон илгарилаган ва Пекин Шимолий Кореяга юз минглаб аскарларини юборган вақтда шаклланган. Хитой уларни «кўнгиллилар» деб атаган бўлса-да, улар Хитой қўмондонлиги остида жанг қилиб, жуда катта талафот кўрган. Ушбу муштарак тарих расмий баёнотларда ҳамон марказий ўринни эгаллайди. Хитой ва Шимолий Корея етакчилари бу алоқаларни тез-тез «қон билан муҳрланган» дўстлик сифатида таърифлайди.

Уларнинг мафкуравий қадриятлари асосан бир-бирига мос келади. Иккиси ҳам Ғарб қудратига чуқур шубҳа билан қарайдиган бир партиявий социалистик давлат бўлиб, Корея ярим оролида Америка қўшинларининг бўлишига қарши чиқади. Шунингдек, улар Вашингтонни ўз ҳукмронлигини тан олишни истамайдиган мамлакатларни жиловлаш мақсадида иттифоқлар, санкциялар ва ҳарбий босимдан фойдаланаётганликда айблайди. Аммо умумий мафкура фақатгина маълум бир чегарагача ишлайди, холос. Зеро, Хитой аллақачон хорижий сармоялар, хусусий тадбиркорлик ва глобал савдога кенг йўл очган.

Пекин ўзини тобора ишончли халқаро ҳамкор ва Глобал Жануб етакчиси сифатида намоён этаётган бир пайтда, Шимолий Корея дунёдан деярли бутунлай узилиб қолган. Пекин барқарорлик ва вазиятнинг олдиндан тахмин қилинишини қадрлайди, Пхенян эса эътибор жалб қилиш, таъсир ўтказиш ёки ўзига ён босилишига эришиш мақсадида тез-тез беқарорликдан фойдаланади.

Хитой учун Шимолий Кореянинг қудратли давлатга айланишидан кўра, унинг барқарорлиги муҳимроқ. Пекин қўшни давлат ҳукумати қулашини истамайди, чунки бу 1400 километрлик чегара орқали улкан қочқинлар оқими кириб келишига, қолаверса, Корея ярим оролининг Вашингтон билан иттифоқдош бўлган ягона давлат сифатида бирлашишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам Шимолий Корея минтақада Хитой ва АҚШ кучлари ўртасида стратегик буфер вазифасини ўтайди. Шунингдек, Пекин уруш бўлишини ҳам хоҳламайди, сабаби бу ҳолат минтақадаги савдо алоқаларини издан чиқаради ва Хитой остонасида ядровий инқироз хавфини юзага келтиради.

Хитойнинг баъзан зиддиятли бўлиб туюладиган позицияси айнан шу билан изоҳланади: ўтмишда у Шимолий Кореянинг ядро ва баллистик ракета дастурларига қарши БМТ санкцияларини қўллаб-қувватлаган бўлса-да, ҳукуматни беқарорлаштириши мумкин бўлган кескин чораларга доим қарши чиқиб келган. Қолаверса, Пекин энг йирик савдо ҳамкори сифатида Пхенян учун ҳаётий муҳим иқтисодий таянч бўлиб қолмоқда. Хулоса қилиб айтганда, Хитой Шимолий Корея режимининг бурчакка қисиб қўйилган ва чорасиз аҳволда эмас, балки жиловланган ва барқарор ҳолатда бўлишини истайди.

Шимолий Корея муқобил вариантларни истайди

Ўнлаб йиллар давомида Хитой Шимолий Кореянинг асосий дипломатик ҳамкори ва ҳимоячиси бўлиб келган бўлса-да, Пхенян бутунлай Пекинга тобе бўлиб қолишни истамайди.

Пхеняннинг Москва билан мустаҳкамланиб бораётган муносабатлари вазиятни ўзгартирди: 2024 йилда Шимолий Корея ва Россия ўзаро мудофаа бандини кўзда тутувчи ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзолади. Ўшандан буён икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ва сиёсий ҳамкорлик сезиларли даражада чуқурлашди.

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин учун Россия яна бир қудратли ҳамкор, эркинроқ ҳаракат қилиш имконияти ҳамда ҳарбий технологиялар, энергетика ресурслари ва хорижий валютадан фойдаланиш манбаини англатади. Бу ҳолат Пекин учун бир вақтнинг ўзида ҳам фойдали, ҳам ноқулайдир. Бир томондан, Россия Шимолий Кореяни қўллаб-қувватлашдаги иқтисодий юкни енгиллаштириши ва АҚШ таъсирига қарши кенгроқ фронтни мустаҳкамлаши мумкин. Иккинчи томондан эса, Москва ва Пхенян ўртасидаги яқин ҳарбий алоқалар Кимнинг ядровий интилишларини янада рағбатлантириши ва Шимоли-шарқий Осиёда — Хитой ўз таъсир доираси деб биладиган минтақада беқарорликни кучайтириши мумкин. Энг муҳими, Хитой Шимолий Корея ҳукуматига нисбатан ўз таъсирини Россияга бой беришни истамайди.

Шу билан бирга, минтақавий хавфсизлик масаласи ҳам Пекин ва Пхенянни бир-бирига яқинлаштирмоқда. Хусусан, АҚШ Жанубий Корея ва Япония билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтириб, мунтазам равишда қўшма машқлар ўтказиб, разведка маълумотларини алмашмоқда.

Токионинг мудофаа харажатларини ошираётгани ҳам Япониянинг ўтмишдаги босқинчилик сиёсати билан боғлиқ анъанавий хавотирлар сабабли Хитойни безовта қилмоқда. Бундан ташқари, Жанубий Корея ўз ҳудудида ўн минглаб америкалик аскарларни сақлаб турибди. Пекин буни АҚШ бошчилигида Хитойни жиловлашга қаратилган ҳаракатларнинг бир қисми деб билса, Шимолий Корея буни урушга тайёргарлик сифатида баҳолайди.

Хитой ва Шимолий Кореянинг мавжуд хавф-хатарларга нисбатан қарашлари тўлиқ бир хил бўлмаса-да, улар кўп жиҳатдан ўзаро мос келади. Шу сабабли, Пекин бошқа давлатлар билан алоқаларни кенгайтираётган бўлса-да, Пхенян билан бир сафда эканини кўрсатишга асосий эътиборини қаратмоқда.

Ҳаётий зарурат

Бу иттифоқ кейинги 65 йил ичида айнан шу шаклда сақланиб қолиши амримаҳол. Шимолий Кореянинг Москва билан муносабатларни мустаҳкамлаши, шунингдек, Жанубий Корея ва АҚШга нисбатан тобора кескин позицияни эгаллаши унинг ўзига бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат бермоқда.

Хитой глобал миқёсда анча қудратли давлатга айланган бўлса-да, Корея ярим оролидаги беқарорликдан энг кўп зарар кўрувчи мамлакат ҳам айнан унинг ўзидир.

Вазиятдаги бундай ўзгарувчанлик тобора яққол кўзга ташланмоқда. Илгари Пекин Шимолий Кореянинг ядро ва ракета синовларидан норозилигини очиқ билдириб, Пхенянни мулоқотга қайтишга чақирарди. Аммо сўнгги пайтларда Хитойнинг бу борадаги танқидий позицияси сезиларли даражада юмшаган.

Си Жинпинг Пхенянга қилган сўнгги ташрифи чоғида ядро қуроли масаласини умуман тилга олмади. Пекин Ким Чен Иннинг қуролланиш дастурини танқид қилиш орқали уни Владимир Путинга янада яқинлаштириб қўйишни истамаётгани тобора ойдинлашмоқда.

Хитой ўзининг дипломатик таъсирини кучайтиришга ва дунё тартибини АҚШ ҳамда унинг иттифоқчилари устунлик қилмайдиган янги тизимга айлантиришга интилар экан, ўта нозик мувозанатни сақлашга мажбур. Пекин бир томондан Ғарб гегемонлигига қарши курашда Шимолий Корея билан бир сафда туриши, иккинчи томондан эса Пхеняннинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини узоқроқ тутиши керак.

Теглар

Мавзуга оид