Хусусийлаштирилмайдиган давлат банклари, Ҳаж олдидан чекловлар ва янгича тақсимланадиган бюджет — 20 феврал дайжести

20.02.2026 | 23:283 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Хусусийлаштирилмайдиган давлат банклари, Ҳаж олдидан чекловлар ва янгича тақсимланадиган бюджет — 20 феврал дайжести

Давлат бюджети энди бошқача тақсимланади

Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини тузиш ва ижро этиш қоидаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилди. Мазкур ҳужжат билан бюджет соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга илк бор «гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш» ва «яшил бюджетлаштириш» тушунчалари киритилди.

Янги тартибга кўра, ҳар йили келгуси молия йили учун бюджет прогнози ва ундан кейинги 2 йил учун бюджет мўлжалларини аниқлашда ушбу йўналишлар бўйича эришилган натижалар ва ислоҳотлар тўғрисидаги таҳлилий маълумотлар кўрсатилиши лозим.

Бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан тузиладиган ривожлантириш дастурларида қуйидаги мақсадларни инобатга олган кўрсаткичлар белгиланиши шарт:

• ривожланишнинг асосий йўналиш, мақсад ва вазифалари;

• сифат ва миқдор кўрсаткичлари;

• аёллар ва эркакларга тенг имкониятлар яратиш;

• экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.

МИБдан судларга қайтарилган 500 минг қарор ва ижродаги «икки стандартлилик» юзасидан изоҳ сўралди

20 февраль куни Миллий матбуот марказида Мажбурий ижро бюроси томонидан 2025 йилги фаолият якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир давомида Vaqt.uz мухбири бюро масъулларига бир қатор саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, 2025 йилда ижро учун юборилган 2 миллиондан ортиқ суд қарорларининг қарийб 25 фоизи судларга ижросиз қайтарилгани сабаблари сўралди. Шунингдек, суд қарорларини ижро этиш жараёнида кузатилаётган “икки стандартлилик” ҳолатлари бўйича ҳам изоҳ берилди. Журналист ва бюро вакиллари ўртасидаги савол-жавоб жараёни билан ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

2026 йилда бирорта давлат банки хусусийлаштирилмайдиган бўлди

Янгиланган «Ўзбекистон–2030» стратегиясига кўра, 2026 йилда мамлакатдаги бирорта давлат банки хусусийлаштирилмайдиган бўлди. Аввалроқ «O‘zsanoatqurilishbank»ни сотиш жараёни жорий йилда якунланиши кутилган эди, бироқ Президент томонидан тасдиқланган ҳужжатда давлат тасарруфидаги 9 та банкнинг сонини камайтириш 2027 йилдан бошланиши белгиланди. Режага кўра, давлат банклари сони босқичма-босқич қисқариб, 2030 йилга келиб уларнинг сони 4 тани ташкил этиши ва тизим активларидаги улуши 55 фоизгача тушиши кўзда тутилган.

Хусусийлаштириш жараёнларининг кечикиши бир неча бор кузатилган бўлиб, «Asakabank», «O‘zsanoatqurilishbank» ва «Aloqabank» каби йирик банкларни сотиш муддатлари аввалроқ 2025 йилга сурилган эди. Стратегияга мувофиқ, «Milliy bank», «Agrobank», «Xalq banki», «Mikrokreditbank» ва «Biznesni rivojlantirish banki» каби банкларда давлат улуши сақлаб қолинади. Фақатгина 2030 йилга бориб ушбу рўйхатдаги банклардан яна бири хусусий секторга ўтказилиши режалаштирилган.

Умра визаларини расмийлаштиришнинг сўнгги муддати эълон қилинди

Саудия Арабистони 2026 йилги ҳаж мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида умра зиёрати учун сўнгги муддатларни эълон қилди. Унга кўра, умра визаларини расмийлаштириш 19 мартда тўхтатилади, хорижлик зиёратчиларнинг мамлакатга кириши учун сўнгги муддат 2 апрель этиб белгиланган. Барча умра зиёратчилари 18 апрелгача Саудия Арабистони ҳудудини тарк этишлари шарт, акс ҳолда депортация ва жарима каби қатъий чоралар қўлланилади.

Шунингдек, ҳаж мавсумида хавфсизликни таъминлаш мақсадида муайян касалликларга чалинган шахсларнинг зиёратга бориши тақиқланди. Чекловлар рўйхатига буйрак, юрак ва жигар етишмовчилиги, сурункали ўпка касалликлари, оғир руҳий бузилишлар ва онкологик касалликлар киритилган. Шунингдек, ҳомиладорлигининг сўнгги уч ойлигида бўлган аёллар ҳам ҳаж сафарига қўйилмайди.

АҚШ Ўзбекистоннинг иккита компаниясига виза беришни чеклади

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги иккита виза хизматлари компанияси раҳбарлари ва юқори лавозимдаги ходимларига нисбатан виза чекловлари жорий этди. Мазкур шахслар фуқароларни, жумладан вояга етмаганларни Марказий Америка орқали АҚШга ноқонуний олиб кириш ва транзит йўналишларини мувофиқлаштиришда айбланмоқда. Ушбу фаолият АҚШ миллий хавфсизлиги ва миграция сиёсатига таҳдид деб баҳоланиб, чекловлар Иммиграция ва фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг тегишли моддаси асосида қўлланилди.

Вашингтон маъмурияти ноқонуний миграциядан фойда кўраётганларга нисбатан кескин чоралар кўришини таъкидлаб, одам савдоси тармоқларига қарши курашда давом этишини билдирди. Шу билан бирга, АҚШ Давлат департаменти ноқонуний миграцияга қарши курашишда Ўзбекистон ҳукумати билан олиб борилаётган ҳамкорликни юқори баҳолаб, расмий Тошкентга ўз миннатдорлигини изҳор қилди.

Мавзуга оид