
Янги Тошкентда 55 минг ўринли янги стадион қурилади
Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент стадиони пойдеворига капсула қўйиб, қурилишини бошлаб берди.

Бугун, 11 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳридаги замонавий футбол стадиони қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди. Қиймати 100 миллион доллар бўлган ушбу иншоот мамлакат футболида янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги беш йилда мамлакат футбол соҳасида туб бурилиш даври бўлди. Жумладан, маҳаллий чемпионатлар тизими ислоҳ қилиниб, болалар ва ўсмирлар академиялари ташкил этилди, ҳудудларда 75 та катта ва 302 та мини стадион фаолият кўрсатмоқда.
«Маълумки, 2017 йилда юртимизда ФИФА ва Осиё футбол конфедерацияси талабларига жавоб берадиган майдонларнинг сони атиги 3 та бўлган. Бугун уларнинг сони 10 тадан ошди. Яқинда Юқори Чирчиқ туманида замонавий Миллий футбол маркази қуриб битказилди. Футбол мактабларида 65 мингдан ортиқ ёшлар машғулотлар ўтказмоқда. Ушбу мактабларга жаҳоннинг нуфузли футбол клубларидан тренерлар, спорт тиббиёти ва фармакологияси бўйича малакали мутахассислар жалб қилинган», - дейилади хабарда.
«Футбол бўйича олимпия терма жамоамиз ўтган йили Париждаги олимпиадада илк бор иштирок этди. Тарихимизда илк бор миллий терма жамоамиз келгуси йилда бўладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Айни кунларда Қатарда бўлаётган жаҳон чемпионатида ўн етти ёшгача бўлган футболчиларимиз Осиё чемпиони сифатида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилмоқда», – деди давлат раҳбари маросимда.
Бугун дунёнинг турли нуфузли клубларида тўп сураётган 20 нафар ўзбек футболчисининг умумий трансфер қиймати 60 миллион доллардан ошди. Айниқса, ўтган ойдан бошлаб Абдуқодир Ҳусанов Осиёнинг энг қиммат футболчисига айлангани ҳаммага фахр ва ифтихор бағишлайди.
«Яқинда ФИФА президенти Жанни Инфантино мамлакатимизга ташрифи давомида Ўзбекистонда футболга эътибор, яратилган инфратузилма, бошқариш тизимидаги ислоҳотлар билан яқиндан танишиб, ушбу спортдаги туб ўзгаришларни юқори баҳолади. Жаноб Инфантино самимий мулоқотимиз чоғида халқаро футбол ҳамжамиятининг мамлакатимизга бўлган ишончи тобора ортиб бораётгани, Ўзбекистон футболи “Осиё грандлари” даражасида эканини алоҳида таъкидлади», – деди Президент.
2 октябр куни ФИФА Кенгаши йиғилишида футбол бўйича 20 ёшгача бўлганлар ўртасида 2027 йилдаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.
Ушбу жаҳон чемпионати доирасидаги ўйинлар икки мамлакатдаги 3 тадан стадионда ўтказилади. Жаҳон чемпионатларининг финал ва ярим финал ўйинлари сиғими 50 мингдан кўп бўлган стадионда ўтказилиши ФИФА талабларидан бири ҳисобланади.
«Шу боис, мамлакатимиз футболи учун муҳим лойиҳа – Янги Тошкент стадиони қурилишини бошлаймиз. Қиймати 100 миллион долларлик ушбу стадион қурилиши учун нега айнан Янги Тошкент ҳудуди танланди? Сабаби Янги Тошкент келажакда мамлакатимизнинг янги имкониятлар ва илғор ғоялар марказига айланади», – деди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, Янги Тошкент стадиони ФИФАнинг барча талабларига мос равишда барпо этилади ҳамда Осиёдаги энг йирик ва замонавий инфратузилмага эга футбол майдонларидан бири бўлади. Бу иншоот нафақат 2027 йилги 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионати учун, балки бутун ўзбек футболи ва ёшлар спортининг келгуси ўн йиллик ривожи учун хизмат қилиши таъкидланди.
Мамлакатнинг ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши муносабати билан чемпионатга тайёргарлик бўйича алоҳида давлат дастури қабул қилиниши айтилди. Инфратузилма, транспорт, меҳмонхона, тиббий хизмат ва волонтёрлик тизимлари бўйича масъул вазирликларга аниқ вазифалар белгилаб берилади.
«Янги Тошкент стадиони учун ҳозир биз қўядиган тамал тоши – бугунги меҳнатимизнинг ва эртанги ғалабаларимизнинг асосидир. Ишонаманки, бу улкан иншоот ёшлар учун илҳом, халқимиз учун ифтихор рамзларидан бири бўлиб, юртимиздаги миллионлаб футбол мухлисларига катта совға бўлади», – деди президент.
Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент стадиони пойдеворига капсула қўйиб, қурилишини бошлаб берди.





