Logo

Япония ресторанларида ишлаш имконияти: 40 кишилик ўқув дастури эълон қилинди

08.11.2026 | 17:312 дақиқа

Ўзбекистонликлар Япония стандартлари асосида ошпазликка ўқитилади. 40 нафар фуқаро танлаб олиниб, уларга Япония давлат лицензиясини олиш ва дунё ресторанларида ишлаш имконияти берилади.

Япония ресторанларида ишлаш имконияти: 40 кишилик ўқув дастури эълон қилинди © price.galaxys25userguide.com/

Ўзбекистон фуқаролари Япониянинг нуфузли университетлари ва компаниялари билан ҳамкорликда япон стандартлари асосида ошпазликка ўқитилади. Муваффақиятли битирувчилар давлат лицензиясини қўлга киритиб, дунё бўйлаб япон ресторанларида ишлаш имкониятига эга бўлади.

Миграция агентлиги Япониянинг «M&K», «Yo’l Japan LLC» компаниялари ҳамда «Kanazawa Professional University of Food Management» (Каназава профессионал озиқ-овқат бошқаруви университети) вакиллари билан музокаралар ўтказди. Учрашув якунларига кўра, ошпазлик соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларни мақсадли ишга жойлаштириш бўйича ўзаро келишувга эришилди.

Хабар қилинишича, дастур доирасида дастлабки босқичда 40 нафар Ўзбекистон фуқароси танлаб олинади. Мазкур фуқаролар бевосита Япония стандартлари асосида профессионал ошпазлик йўналишида таҳсил олади.

Мутахассисларни тайёрлаш дастури икки босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Дастурнинг биринчи қисми Ўзбекистонда бўлиб ўтади ва 6 ой давом этади. Ушбу давр мобайнида номзодлар «INTIL» маркази ҳамда Бўстонлиқ туманидаги касбий таълим муассасаси базасида япон тили ва ошпазлик сирларини ўрганадилар.

Ўқув дастурининг иккинчи босқичи эса бевосита кунчиқар юртда давом эттирилади. Иштирокчилар бир йил давомида Японияда касбий таълим олиш билан бир қаторда амалий меҳнат фаолиятини ҳам олиб борадилар. Ушбу интенсив таълим ва меҳнат жараёни уларни Японияда давлат томонидан эътироф этиладиган расмий ошпазлик лицензиясини олишга тайёрлайди.

«Тегишли талабларни бажарган ва лицензия олган мутахассислар дунё бўйлаб Япония ресторанларида ишлаш имкониятига эга бўлади», — дейилади Миграция агентлиги хабарида.

Айни пайтда дастурда иштирок этиш истагида бўлган фуқаролар учун рўйхатдан ўтиш тартиби ишлаб чиқилмоқда. Агентлик мазкур тартиб расман тасдиқланганидан сўнг, танлов шартлари ва жараён ҳақида қўшимча маълумотлар эълон қилинишини билдирган.

Теглар

Мавзуга оид

Япония ресторанларида ишлаш имконияти: 40 кишилик ўқув дастури эълон қилинди | Vaqt.uz