Ярим йилда магистрант хотин-қизлар контракти учун давлат қанча тўлаб бергани айтилди
Олти ой давомида олий таълим соҳасига 6,3 трлн сўм ёки таълим харажатларининг 12,7 фоизи йўналтирилган.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда 2026-йил I ярмида магистратурада ўқиётган 11 минг нафардан ортиқ хотин-қизларнинг 75,5 миллиард сўмлик тўлов-контракти давлат бюджетидан қоплаб берилди. Бу ҳақда иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 15-сентябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида давлат бюджетининг олти ойлик ижроси бўйича парламентга берган ҳисоботида айтди.
Вазирнинг сўзларига кўра, қарийб етти минг хотин-қизга 88 миллиард сўм миқдорида фоизсиз таълим кредити, 1,8 минг нафарга яқин талабага 26 миллиард сўм миқдорида имтиёзли таълим кредити ажратилган. Ярим йил давомида олий таълим соҳасига 6,3 триллион сўм ёки таълим харажатларининг 12,7 фоизи йўналтирилган. Шундан 2,1 триллион сўм ўрта махсус ва касбий таълимга, 3,6 триллион сўми олий таълимга сарфланган. Бунда касбий таълим сифатини ошириш мақсадида 14 та техникумда халқаро таълим дастурларини жорий этишга 72 миллиард сўм ажратилган.
Қўчқоров ҳисобот даврида давлат олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойлари сони 386 тага, уларнинг сиғими 156 мингдан ошиб, ётоқхонага эҳтиёжи мавжуд талабаларнинг 57 фоизи қамраб олингани, талабалар турар жойларини барпо этиш, хусусий шерикларни қўллаб-қувватлаш ва ижара харажатларини қоплаш учун 182 миллиард сўм субсидиялар ажратилганини қўшимча қилди.
Маълумот учун, 2026–2027-ўқув йили учун олий таълим ташкилотларида контракт тўловларини амалга ошириш ва талабалар сафига қабул қилишни расмийлаштириш муддати 15-октябрга қадар узайтирилди. Мазкур муддат бакалавриат ва магистратурага ўқишга тавсия этилган абитуриентлар, ўқиши кўчирилган ёки кўчириб тикланган талабалар ҳамда ўқишга қайта тикланган талабаларга тааллуқли.
15-октябрга қадар базавий тўлов-контракт бўйича йиллик сумманинг камида 25 фоизи, табақалаштирилган тўлов-контракт бўйича эса камида 50 фоизи тўланиши лозим.





