Яшнобод ҳокимлигида хизмат текшируви ўтказилади

Текширувдан мақсад Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хатида қайд этилган фуқаро мурожаатидаги важларни ўрганиш экани маълум қилинган.

Яшнобод ҳокимлигида хизмат текшируви ўтказилади © Yashnobod tuman hokimligi Axborot xizmati

Тошкент шаҳри Тошкент шаҳридаги Яшнобод тумани ҳокимлиги ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилади. Бу бўйича кеча, 6-май куни шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг тегишли фармойиши қабул қилинган.

Текширув Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2026-йил 16-апрелдаги хатида қайд этилган фуқаронинг мурожаатидаги важларни ўрганиш мақсадида ўтказилади. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари Мирмуҳаммад Мирҳамидов зиммасига юкланган.

Ҳужжатга мувофиқ хизмат текширувини ўтказиш бўйича комиссия тузилади ва унга Тошкент шаҳар ҳокимлиги Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати бошлиғи Шуҳрат Турдиқулов раислик қилади. Унга мурожаатидаги важларни ўрганиш бўйича сифатли ва холис хизмат текширувини ўтказиш ҳамда хизмат текшируви натижалари юзасидан тегишли тартибда хулоса расмийлаштириш, шунингдек, хизмат текширувини ўтказиш жараёнига заруратга кўра, тегишли ташкилот ва идоралардан мутахассисларни жалб этиш чораларини кўриш топширилган.

Яшнобод тумани ким бошқаряпти?

Яшнобод туманини 2020-йилдан бери  Бахтиёр Раҳмонқулов бошқариб келмоқда. Бунгача у Тошкент шаҳар ҳокими ўринборсари – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида (2018-2020) ишлаган.

Бахтиёр Раҳмонқулов 1976-йилда Тошкент вилоятида туғилган. У 1997-йилда Самарқанд олий ҳарбий автомобил қўшинлари муҳандислик билим юртининг қўмондонлик тактик автомобил қўшинлари мутахассислиги бўйича ва 2008-йилда Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси академиясининг фуқаро муҳофазаси қўмондонлик-штаб тезкор-тактик бошқаруви соҳаси мутахассислигини тамомлаган.

Раҳмонқулов 2021-йилда «Хизматга садоқат» медали билан мукофотланган

2024-йилда Бахтиёр Раҳмонқулов ўз секторини «Энг ташаббускор сектор» номинацияси ғолиби, деб эълон қилгани ва сектор раҳбари сифатида маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган ҳисобидан ўзини ўзи тақдирлаб, 61 млн 875 минг сўм ажратгани хабар қилинганди. Ўшанда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (АРГОС) муносабат билдириб, хабарлар бузиб кўрсатилгани, Раҳмонқулов қонунчиликка мувофиқ рағбатлантирилганлигини маълум қилганди.

Теглар

Мавзуга оид